Самарқандда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамкорлигида “Ватанимиз тараққиёти учун барчамиз бирдек масъулмиз!” шиори остида “Ёш фермер” кўрик-танловининг якуний республика босқичи ташкил этилди.
Дастлаб кўрик-танлов иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов руҳи поки мангу қуним топган маскан Ҳазрати Ҳизр масжидини зиёрат қилишди.
Таъкидлаш жоизки, "Ёш фермер" танлови изланувчан, фидойи, юрт тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ёш фермерларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Танловнинг дастлабки бочқичларида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан минг нафардан ортиқ ёш фермер иштирок этди. Беллашувнинг якуний босқичида фермерликда юқори натижаларга эришаётган, ўз изланишлари ва ташаббускорлиги билан юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшаётган 39 нафар ёш фермерлар ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди.
Кўтаринки руҳда ташкил этилган мазкур танловнинг биринчи кунида иштирокчиларнинг ўз фермер хўжаликларида етиштирган қишлоқ-хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Танловда иштирокчиларнинг мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида олиб бораётган ишлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, ундан мўл ҳосил олиш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этиш ва бу орқали хизмат кўрсатиш тизимини яратиш, қишлоқ хўжалигига илғор инновацион технологияларнинг жалб қилинганлиги, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасидаги қўлга киритган ютуқларига алоҳида эътибор қаратилди.
Кўргазма давомида фермер хўжаликлари раҳбарлари, аграр соҳада муайян тажрибага эга мутахассис-экспертлар, олимлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик билан шуғулланувчи тадбиркор ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ёш фермерларга зарур маслаҳат ва тавсиялар беришди.
Аброр Раббимов, кўрик-танловнинг “GranPri” совриндори, Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги "Домла Аброрий Умр" фермер хўжалиги раҳбари: - Бугунги кунда фермерлик йўналишида олиб борилаётган улкан ислоҳотлар, айниқса биз ёш фермерларга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик, яратиб берилаётган шарт-шароитлар бизларга катта маъсулият юклайди. Фермер хўжалигимиз 2001 йилда ташкил этилган. Айни вақтда фермер хўжалигимиз майдони 77 гектарни ташкил этиб, дастлаб пахта ва ғалла етиштирганмиз. Фермерларга ажратилаётган имтиёз ва преференциялар натижасида фермер хўжалигимизни кўп тармоқли хўжаликка айлантириб, айни пайтда 28 гектар майдонда ғалла, 5,7 гектарга боғдорчилик, 10 гектар майдонда мева-сабзавот, полиз маҳсулотларини, 2,5 гектарга тутзор, 2 гектар жойда балиқ етиштиряпмиз. Келажакда имтиёзли кредит олиб, ўзимизда етиштириладиган мева-сабзавот маҳсулотлари, гўшт ва сутни ҳамда пахтани қайта ишлаш цехларини ишга туширишни режалаштирганмиз. Мазкур танлов орқали кўплаб дўстлар орттирдим, тажрибали ёш фермерлар билан ўзаро фикр алмашдик. Бу эса келажакдаги фаолиятимизни янада ривожлантиришда катта хизмат қилади.
Шуҳрат Ташбулатов, кўрик-танловнинг 1-ўрин соҳиби, Сурхондарё вилояти “Шуҳрат Мухтор” фермер хўжалиги раҳбари: - Юртимизда тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятини йўлга қўяман деган ҳар бир ёш ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Биз, ёшларга яратилаётган бундай шароитлар истиқлол туфайли эканини яхши англаймиз. Фермер хўжалигимизда 30 нафар киши доимий иш билан таъминланган.
Фермерлик ҳаракати аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишнинг ҳал қилувчи омилларидан бири. Дастлаб фаолиятимизни 30 гектар ер билан бошлаган эдик. Ҳозирги кунда фермер хўжалигимизда қора моллар сони 100 бошдан ошиб, аҳолимизни сифатли гушт ва сут маҳсулотлари билан мунтазам таъминлаб келмоқдамиз. Шу тариқа даромадларимизни ошириб бориб, фермер хўжалигимизни айни пайтда кўп тармоқли фермер хўжаликка айлантирдик, деҳқончилик,балиқчилиқ, маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритяпмиз. Жорий йилда фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида 10 хил турдаги сут маҳсулотларини тайёрлаш цехини ишга туширишни режалаштирганмиз.
Танлов давомида мева–сабзавот, чорвачилик ва паррандачиликка ва бошқа йўналишларга ихтисослашган фермерларнинг аҳоли фаровонлиги йўлида амалга ошираётган лойиҳалари билан яқиндан танишдик. Бугунги танловда билдирилган ушбу юксак ишонч тажрибамизни оширишга, кўпроқ изланишга, янада фидойи ва фаол бўлишга ундайди.
Тадбирнинг иккинчи куни иштирокчилар Самарқанд туманидаги “СамПромХолод”, “Агромир” қўшма корхоналари, “Аъзам Азамат Агро”, “Истиқлол шуъласи” кўп тармоқли фермер хўжаликларига саёҳат ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Улар бу масканларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва экспорт қилиш, интенсив боғдорчиликни ташкил этиш, йилнинг турли фаслларида сабзавот экинлари етиштириш жараёнлари билан танишди.
Танлов якунига кўра, Гран-прини Самарқанд вилоятининг “Домла Аброрий умр” фермер хўжалиги бошлиғи А.Раббимов қўлга киритди. Сурхондарё вилояти “Шуҳрат мухтор” фермер хўжалиги раҳбари Ш.Тошпўлатов биринчи, Бухоро вилоятидаги “Қўчқор бобо” фермер хўжалиги раҳбари Х.Камолов, Андижон вилояти “Дониёрбек боғи” фермер хўжалиги бошлиғи Д.Қодиров иккинчи ўринга сазовор бўлди.
Танлов иштирокчилари бир қатор қўшимча номинациялар бўйича рағбатлантирилди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмат
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди