Алиментдан қочиш — масъулиятдан қочиш демак!

Зеро, фарзанд таъминоти қонун ҳимояси остида. Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими иш юритувида бўлган ижро ҳужжатига асосан, Термиз шаҳрида яшовчи Н.Р. вояга етмаган икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун суд қарори билан масъул этиб белгиланган эди.
Афсуски, қарздор ота ушбу қонуний мажбуриятдан бўйин товлаб, узоқ вақт давомида алимент тўлашдан қочиб юрган. Шу сабабли унга нисбатан икки ой аввал қидирув эълон қилинган.
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси қидирув шуъбаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида қарздор Н.Р. Термиз шаҳридаги ресторанлардан бирида кабоб пишириб, иш билан машғул бўлиб турган вақтида аниқланди. Бир тарафда болалари моддий ёрдамга муҳтож, оч-наҳор юрибди, бошқа тарафда эса ота ўз ҳаёти билан банд — бу ҳолат ҳар қандай кишини бефарқ қолдирмайди.
Аниқланганидан сўнг, қарздор отанинг ҳужжатлари дарҳол расмийлаштирилди, унга алимент тўламасликнинг қонуний оқибатлари батафсил тушунтирилди. Натижада у ўз хатосини англаб, йиғилиб қолган 21 миллион 5 минг сўм миқдоридаги алимент қарздорлигини тўлиқ тўлаб берди.
Шунингдек, Н.Р. келгусида фарзандлари учун алимент тўловларини ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириб боришга ваъда берди.