Булунғурда аукцион ер ваъдаси 130 миллионга тушди

Самарқанд вилоятида ер масаласи атрофида яна бир жиддий ҳолат қайд этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Булунғур тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро М.А. бошқа бир фуқаро Ж.Қ.нинг ишончига кириб, туман ҳудудидан аукцион савдолари орқали 22,5 сотих ер майдонини олиб бериши баҳонасида катта миқдорда пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Текширув материалларига кўра, М.А. “ҳаммаси ҳал, ер сизники бўлади” деган мазмунда ваъда бериб, бу иш учун 130 миллион сўм маблағни олган. Бироқ ўртада ҳақиқий аукцион натижаси ҳам, расмий расмийлаштириш ҳам бўлмаган.
Энг эътиборли жиҳати — гумонланувчи гўёки “Yagona Raqamli Platforma Dav Xizmati” МЧЖ номидан тўлов амалга оширилгани ва E-AUKSION электрон тизимида “ғолиб бўлингани” ҳақида қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб бергани айтилмоқда. Яъни, ишончни янада мустаҳкамлаш учун қоғозбозликни ҳам “тайёр” қилиб қўйган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қисқаси, “аукцион орқали ер олиб бераман” деган гапга ишониб, пулни шошиб бериш — жуда қиммат хато бўлиши мумкин. Ер — қоғозда эмас, расмий тизимда ва қонуний тартибда олинса, ер бўлади. Aкс ҳолда, “ғолиб” фақат фирибгарнинг ўзи чиқиб қоляпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!