Тошкентда қурол ҳақида сўраган йигит шифохонага жойлаштирилди

14 февраль куни атрофдагиларга уяли телефонидаги қурол суратини кўрсатиб, уни қаердан сотиб олиш мумкинлигини сўраган фуқаро руҳий-асаб касалликлари шифохонасига жойлаштирилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, ҳодиса Тошкент шаҳри Миробод туманидаги Тарас Шевченко кўчасида содир бўлган. 2006 йилда туғилган С.М. исмли фуқаро атрофидаги одамларга телефонида сақланган қурол тасвирини кўрсатиб, уни қаердан харид қилиш мумкинлиги билан қизиққан. Шундан сўнг у воқеа жойидан кетиб қолган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилган. Текширув жараёнида фуқаронинг руҳий ҳолати соғлом эмаслиги аниқланиб, у тегишли тартибда руҳий-асаб касалликлари шифохонасига жойлаштирилган.
Маълум қилинишича, текширув якунларига кўра ушбу ҳолат бўйича қонуний қарор қабул қилиниши белгиланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!