ИИВ Самарқанддаги тергов ҳибсхонасида юз берган ўлим юзасидан расмий баёнот берди

Аввалроқ Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани газ таъминоти корхонаси ходими ҳибсхонада вафот этгани ҳақида хабар тарқалган эди. Zamon.uz мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБдан изоҳ олиб, марҳумда қандли диабет касаллиги мавжуд бўлганини маълум қилди.
Ушбу ҳолат бўйича ИИВ ахборот хизмати раҳбари — Шоҳрух Ғиёсов ҳам расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 21 феврал куни соат 17:35 атрофида Каттақўрғон туманида жойлашган 7-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган, 1991 йилда туғилган фуқаро Х.Қ. соғлиғи кескин ёмонлашган.
Маълум қилинишича, у Каттақўрғон тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ҳамда 28 ва 211-моддаси 1-қисми билан айбланиб, қамоққа олинган.
Фуқаро соғлиғи ёмонлашгани сабабли Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилаётган вақтда, шу куни соат 18:00 ларда вафот этган.
Бирламчи суд-тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими «2-тип қандли диабетнинг оғир асоратлари» натижасида юзага келган. Шунингдек, унинг танасида ҳеч қандай жароҳат излари аниқланмаган.
Маълумот ўрнида, 2026 йил 18 феврал куни айбланувчи Х.Қ. касаллиги сабабли Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб чиқилган, бу ҳақда унинг акаси X.X.ga хабар берилган ва улар учун шифохонада қўшимча учрашув ҳам ташкил этилган.
Зарур тиббий муолажалардан сўнг, 2026 йил 20 феврал куни шифокорлар хулосасига асосан айбланувчининг соғлиғи қониқарли, деб топилиб, у ҳибсхонага қайтарилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари прокуратура органлари томонидан олиб борилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!