Жиззахда кредит учун кафил бўлган фуқаро машинасидан айрилди

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида фуқаро бошқа шахсга кредит олиб бергани оқибатида ўз автомашинасидан маҳрум бўлди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати Zamon.uzga маълум қилди.
Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича суд қарорига асосан банк фойдасига қарздор А.И.dan кредит қарздорлигини ундириш ҳамда ушбу қарзни КИА компаниясига тегишли КИА К5 русумли автомашина ҳисобига қоплаш тўғрисида ижро ҳужжати расмийлаштирилган. Ушбу ижро варақаси Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими иш юритувига қабул қилинган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор номида расмийлаштирилган КИА К5 автомашинаси туман ҳудудида ҳаракатланаётган вақтда аниқланиб, белгиланган тартибда жарима майдончасига жойлаштирилди.
Келгусида мазкур автомашина очиқ аукцион савдолари орқали сотилиб, тушган маблағ ҳисобидан мавжуд кредит қарздорлигини қоплаш режалаштирилмоқда.
Қарздорнинг тушунтиришича, автомашина унинг номига расмийлаштирилган бўлса-да, амалда кредитни бошқа шахс олган ва белгиланган муддатларда тўловларни амалга оширмаган. Натижада, қарз мажбурияти айнан унинг зиммасига юкланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!