Халқ банки Ромитан бўйича хабарни расман инкор этди

Ижтимоий тармоқларда «Халқ банки Ромитан туманидаги стандарт банк хизматлари маркази шўъба мудири пора олган пайтда қўлга олинди» мазмунида тарқалган хабарлар юзасидан АТ «Халқ банки» Матбуот хизмати расмий изоҳ берди.
Банк томонидан маълум қилинишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўтказган тезкор тадбир доирасида шўъба мудири гўёки бошқа тижорат банкида ишловчи танишлари орқали кредит расмийлаштириб бериш эвазига пора олгани ҳақида тарқатилган маълумотлар ҳақиқатга мос келмайди.
Шунингдек, расмий муносабатда таъкидланишича, мазкур ҳолат қайд этилган вақтда ушбу ходим меҳнат таътилида бўлган ҳамда Тошкент шаҳрида бўлган.
Халқ банки Матбуот хизмати расмий хулосалар эълон қилингунига қадар тасдиқланмаган ахборотларни тарқатмасликка чақириб, ҳолат бўйича қўшимча маълумот кейинроқ тақдим этилишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур хабар аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати расмий канали орқали эълон қилинган эди. Унда Халқ банкининг Ромитан туманидаги стандарт банк хизматлари маркази шўъба мудири 800 миллион сўм миқдорида кредит олиб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилгани ва 1 минг долларини олган вақтда ушлангани ҳақида маълумот берилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!