Тошкент вилоятида нарколаборатория фаолиятига қатъий чек қўйилди

Фото: Видеодан кадр
Тошкент вилоятида давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жиноят дунёсига тегишли фаолиятга қатъий чек қўйилди. Аниқланишича, Чиноз туманида яшовчи 2003 йилда туғилган шахс Сергели туманидаги хонадонни ижарага олиб, у ерда замонавий нарколаборатория ташкил этган.
Тезкор тадбирлар давомида ушбу манзилдан умумий қиймати 4,5 миллиард сўмга тенг бўлган 3,5 килограмм “Прегабалин” кучли таъсир кўрсатувчи моддаси, 20 литр суюқ ва 25 килограмм кукун кўринишидаги прекурсорлар, шунингдек уларни тайёрлаш ва қадоқлашда фойдаланилган махсус анжомлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Лабораторияда кимёчи сифатида фаолият юритган яна бир шахс ҳам ушланди. Тергов маълумотларига кўра, ушбу шахслар аввал Telegram мессенжери орқали ишловчи наркодўконда “кладмен” сифатида гиёҳвандлик воситаларини тарқатган, кейинчалик эса жиноят гуруҳи ишончини қозониб, бевосита моддаларни тайёрлаш жараёнига жалб этилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари ҳали ҳам давом этмоқда.
Масъул органлар фуқаролардан шубҳали ҳолатларга бефарқ бўлмасликни, бундай ҳолатларни кузатганда тез ва аниқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар беришни сўрамоқда. Бу чора-тадбирлар жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли ҳаётини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!