Туркияда яшириниб юрган икки Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистонга қайтарилди

Туркияда икки нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Туркиядаги Бош консуллиги расмий хабар берди.
Маълум қилинишича, 40 ёшли Т.Р. ва 38 ёшли Ф.А. Ўзбекистонда йирик миқдорда фирибгарлик содир этгани учун халқаро қидирувга берилган эди.
Улар Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ушлаб, суд қарори асосида жавобгарликка тортилиши учун Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ўртасидаги амалий ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.
Бу йўналишда жиноятчиликка қарши курашиш, халқаро қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва уларни жавобгарликка тортиш бўйича самарали натижалар кузатилмоқда.
Консуллик хабарига кўра, “Ҳозирги кунда ҳам мамлакат ҳудудида жиноятлар содир этиб, Туркия ҳудудида яшириниб юрган бошқа шахсларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича тезкор-қидирув ва ҳуқуқий чоралар давом этмоқда.”
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!