13:24 / 15.04.2017
8 901

МХХ Ўзбекистонга сохта доллар олиб кирувчилар фаолиятига чек қўйди

МХХ Ўзбекистонга сохта доллар олиб кирувчилар фаолиятига чек қўйди
Наманган вилоят Миллий хавфсизлик бошқармаси ходимлари Туркиядан Ўзбекистонга Қирғизистон орқали йирик миқдорда сохта доллар олиб кирувчилар фаолиятига чек қўйдилар, деб ёзмоқда Спутник нашри.

Навбатдаги сохта долларлар партиясини олиб кираётган курьерни қўлга олиш бўйича операция Косонсой туманининг "Обод" постида ўтказилди. 40 ёшли Абдулҳамид Хўжаев бошқарувидаги "ВАЗ 2106" русумли автомашинани кўздан кечириш чоғида автомашинанинг махсус жиҳозланган жойида сохта 19,4 минг доллар яшириб қўйилганлиги аниқланди.

Дастлабки суриштирув жараёнида ҳайдовчи сохта пулларни ҳозирда Туркияда яшовчи Наманган вилояти Чортоқ туманида туғилган, Қирғизистон фуқароси Мансур Сувоновдан олганлигини маълум қилди.

Унинг айтишича, М.Сувонов маиший буюмлар қутиларининг орасига сохта долларлар яшириб Туркиядан Ўзбекистонга жўнатиб турган. Хўжаев эса сохта пулларни республика ичида тарқатиш билан шуғулланган.

"Абдулҳамид Хўжаевнинг кўрсатмалари асосида унинг таниши Исломхон Саидовнинг уйи кўздан кечирилганида бу ердан икки дона 100 доллар қийматидаги сохта пуллар топилди", — деди МХХ вакили.

Экспертиза хулосасига кўра, 1996 ва 2006 йил намунасидаги 196 дона юз долларлик купюра сохта деб топилди. Мутахассисларнинг фикрича, бу пуллар махсус клише ёрдамида юқори технологиялар асосида тайёрланган. Долларлар шунингдек ҳақиқий пул билан деярли бир хил хусусиятларга эга бўлган.

А.Хўжаев ва И.Саидовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Жиноий гуруҳ раҳбари Мансур Сувонов республика ҳудудига сохта доллар олиб кириш бўйича қатор ҳолатларга алоқадор бўлиб чиқди. Шу йилнинг январида Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари унинг ўғли Ж.Умаровни Истанбулдан жўнатилган сохта 56 минг доллар пул билан қўлга олишган.

Шунингдек, жорий йилнинг февралида Наманган вилоят ИИБ М.Сувоновнинг жияни Ж.Эргашхоновга нисбатан сохта доллар тарқатиш бўйича жиноят иши қўзғатган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » МХХ Ўзбекистонга сохта доллар олиб кирувчилар фаолиятига чек қўйди