Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 май куни “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик. Эътиборингизга мазкур фармоннинг шарҳини ҳавола этамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 майдаги “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига ШАРҲ
Ўзбекистон гидроэнергетика ресурсларига бой мамлакат ҳисобланади. Бу борада республикамизда ўзлаштирилиши мумкин бўлган гидроэнергетика ресурслари йилига 27,4 миллиард киловатт/соат электроэнергия ишлаб чиқариш ҳажмига тенглигини айтишнинг ўзи кифоя. Шу билан бирга, ҳозирда мамлакатимиз гидроэнергетика салоҳиятининг атиги 6,5 миллиард киловатт/соати ёки 23,7 фоизи ўзлаштирилган, холос.
Гидроэнергетика ресурслари табиий, экологик тоза ва қайта тикланувчи энергия манбаи бўлгани сабабли улардан фойдаланишни ҳар томонлама кенгайтириш республикамизнинг замонавий тараққиёт стратегиясига мосдир. Бу саноат ва коммунал корхоналари, қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларда ахолининг электр энергиясига бўлган ошиб бораётган эҳтиёжини кафолатли қоплашни, мамлакатимиздаги органик ёқилғи захираларидан оқилона фойдаланиш ва уларни тежашни, шунингдек, атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар чиқарилиши камайтирилишини таъминлайди.
Бугунги кунда Ўзбекистон гидроэнергетика соҳаси 36 та гидроэлектростанцияларни ўз ичига олади, улардан 25 таси қирқ-саксон йил муқаддам ишга туширилган ва ўзининг техник ресурсларини деярли ўтаб бўлган, асбоб-ускуналар ва иншоотлар модернизация ва реконструкцияга муҳтождир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисидаги ПҚ-2947-сонли қарори республикамизнинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, электр энергия ишлаб чиқариш таркибида қайта тикланувчи гидроэнергетик ресурслар улушини ошириш, янги экологик тоза ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда мавжуд гидроэлектростанцияларни техник ва технологик қайта жиҳозлаш мақсадида қабул қилинди.
Айтиш жоизки, гидроэлектростанцияларнинг умумий сонидан йилига ўртача 5,2 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга 28 таси “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти тизимига киради, йилига ўртача 1,3 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга 8 та гидроэлектростанция эса Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги “Ўзсувэнерго” бирлашмаси тасарруфидадир. Бу каби бўлиниш пировардида гидроэнергетика соҳасини техник бошқаришнинг зарурий яхлитлигини таъминламайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан мамлакатимизнинг сув-энергетика ресурсларини бошқаришнинг ягона тизимини шакллантириш, гидроэнергетикани ривожлантиришга изчил равишда хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва шу асосда корхоналар ва аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилишини таъминлаш мақсадида илгари “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти таркибига кирган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг “Ўзсувэнерго” бирлашмасига қарашли бўлган барча гидроэлектростанцияларни бирлаштирувчи “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятини ташкил этиш кўзда тутилган.
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти зиммасига қуйидаги муҳим вазифалар юкланмоқда:
гидроэлектростанцияларда электр энергия ишлаб чиқариш соҳасида ягона техник сиёсатни амалга ошириш, гидротехник иншоотлардан хавфсиз ва самарали фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, гидроэнергетика объектларини марказлаштирилган технологик бошқариш;
гидроэнергетика салоҳиятини комплекс ўзлаштириш асосида гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда республикамизнинг энергетика баланси таркибида гидроэнергетиканинг улушини кўпайтиришни таъминлаш;
йирик, ўрта, кичик ва микро гидроэлектростанцияларни лойиҳалаштириш ва қуриш соҳасида замонавий ва ҳар томонлама чуқур асосланган илмий-техник ечимлар асосида янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизациялаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;
янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этиш бўйича халқаро компаниялар ва молия институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш;
республикамизнинг сув салоҳиятига тежамкорлик билан муносабатда бўлишни таъминлаш, гидротехника иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланишда мавжуд флора ва фаунани сақлаш, шунингдек, мамлакатимизнинг иқлим, табиий ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини самарали бошқариш;
гидроэнергетика соҳасида олий ва ўрта махсус маълумотга эга бўлган кадрларни тизимли асосда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.
Ўз навбатида, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги ПҚ-2947- сонли қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича ижро этувчи ва масъул орган функциялари юклатилганлигини таъкидлаш лозим.
Мамлакатимиз энергетика тизимининг барқарор ва ишончли фаолиятини таъминлаш мақсадида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятининг қуйидаги ҳуқуқлари сақлаб қолинди:
мавжуд Миллий диспетчерлик маркази орқали “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти корхоналарини тезкор-диспетчерлик бошқариш масалаларини яхлит мувофиқлаштириш;
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини юз фоиз харид қилиш.
Фармон ижроси доирасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилаётган “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг тузилмаси тасдиқланди ва унинг устав жамғармасини шакллантириш ва таъсис ҳужжатларини тасдиқлаш билан боғлиқ тегишли топшириқлар берилди.
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятига республикамизда ва хорижда, жумладан, етакчи хорижий инжиниринг, консалтинг ва қурилиш компаниялари билан ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш учун консорциумлар ва ихтисослашган шўъба корхоналар ташкил этишга рухсат берилди.
Қабул қилинган қарор билан “Гидролойиҳа” акциядорлик жамияти “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳаолди ва лойиҳалаш ҳужжатларини ишлаб чиқиш борасида бош лойиҳаловчи этиб белгиланди, “ТўполангсувГЭСқурилиш” масъулияти чекланган жамиятига эса халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатларнинг шартлари асосида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларидан ташқари “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти объектларини қуриш ва модернизация қилиш бўйича бош пудратчи функциялари юкланди.
Ўз навбатида, “Гидролойиҳа” акциядорлик жамиятига "Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамияти билан келишилган ҳолда, гидроэнергетика объектларини қуриш ва модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун энг яхши маҳаллий ва хорижий ихтисослаштирилган лойиҳа ва инжиниринг ташкилотларини, шунингдек, етакчи мутахассислар ва экспертларни, субпудратчилар сифатида уларнинг ишини мувофиқлаштирган ҳолда, шартнома асосида жалб этиш ҳуқуқи берилди.
Гидроэнергетика соҳасининг олий ва ўрта махсус маълумотли, касб-ҳунарга эга малакали кадрларга бўлган талабини аниқлаш ва уларни республикамизнинг олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларида, идоравий мансублигидан қатъи назар, тайёрлаш бўйича масъул орган функциялари “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятига юкланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятига бошқа манфаатдор вазирлик, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда бажариш учун қуйидаги топшириқлар берилди:
гидроэнергетика соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш борасида олий маълумот йўналишлари ва мутахассисликлари, ўрта махсус, касб-ҳунар йўналишлари, касблари ва мутахассисликлари рўйхатини ҳамда уларни тайёрловчи олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларини аниқ белгилаш;
гидроэлектростанцияларда, гидротехника ва гидроэнергетика билан боғлиқ корхона ва ташкилотларда мажбурий ўқиш, амалиёт ва тажриба ўташни киритган ҳолда, таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларини замонавий талаблар ва халқаро тажриба асосида танқидий қайта кўриб чиқиш;
ҳар йили ихтисослаштирилган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул квоталарини шакллантириш давомида 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган Дастур амалга оширилишини инобатга олган ҳолда, гидроэнергетика соҳасининг малакали мутахассисларга бўлган ҳақиқий талабини инобатга олиш;
олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг танлаган касблари ва мутахассисликлари бўйича гидроэнергетика соҳасидаги корхона ва ташкилотларда иш билан таъминланишлари устидан назорат, шунингдек, биринчи навбатда, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари раҳбарлари жавобгарлигини оширишнинг амалий механизмларини таъминлаш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган қарори ва Фармони амалга оширилиши қуйидагиларга имкон яратади:
биринчидан, республикамизда мавжуд барча гидроэлектростанцияларнинг моддий-техник базасини ва уларга хизмат кўрсатувчи қурилиш, монтаж, таъмирлаш, созлаш, илмий-лойиҳалаштириш ташкилотларини ягона гидроэнергетика соҳасига бирлаштириш;
иккинчидан, электр энергиясини ишлаб чиқариш тартибини мувофиқлаштириш, гидроэлектростанцияларнинг асбоб-ускуналари ва иншоотларидан кўп йиллик хавфсиз фойдаланиш стратегиясини амалга ошириш, соҳани динамик ривожлантириш, ҳуқуқий ва норматив-методик базасини такомиллаштириш, юқори малакали мутахассисларни шакллантириш орқали гидроэнергетиканинг ташкилий, молиявий ва технологик бошқарувини амалга ошириш;
учинчидан, замонавий технологиялар ва жиҳозларни қўллаб, уларни эҳтимолий мужассамлаштириш ва стандартлаштириш, гидроэлектростанцияларни лойиҳалаштириш, қуриш ва назорат қилишда халқаро илмий-техник ютуқларни қўллаш орқали юқори энергетика кўрсаткичларини ва гидроэлектростанцияларнинг мақбул иш тартиби ва самарадорлигини таъминлаш;
тўртинчидан, мамлакатдаги гидроэнергетика ресурсларидан тўлақонли фойдаланиш, мавжуд бўлган гидроэлектростанцияларни янгилаш ва тўлиқ ишлашини таъминлаш, Ўзбекистон энергетика баланси таркибида гидроэнергетика улушини ошириш учун турли қувватлардаги гидроэлектростанцияларни қуришни таъминловчи гидроэнергетикани босқичма-босқич ривожлантириш дастурини татбиқ этиш;
бешинчидан, мавжуд табиий салоҳият ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабат орқали республикамизда сув ва энергетика манбалари комплекс ўзлаштирилишини таъминлаш, энергетика, сув хўжалиги, ирригация, ичимлик суви ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш манфаатлари йўлида улардан оқилона фойдаланиш;
олтинчидан, юқори технологик меҳнат фаолиятининг нуфузини рағбатлантирган ҳолда, гидроэнергетика соҳасида билим олишга, кўникма ва малакаларини оширишга, турмуш тарзи ва сифатини кўтаришга интиладиган малакали муҳандис-техник ва касб-ҳунарли кадрларни амалий тайёрлаш, ўстириш ва тарбиялаш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони ва “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори мамлакатимизнинг энергетика мустақиллигини кучайтириш, мавжуд гидроэлектростанциялардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш, юқори маневрли ва самарали янги электр энергияси ишлаб чиқариш ташкилотларини яратиш орқали Ўзбекистонда ягона гидроэнергетика соҳасини яратиш йўлида улкан қадам ҳисобланади. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди