21:40 / 30.05.2017
10 128

Рамазонда шайтонлар занжирбанд қилинса, нега гуноҳ қилишлар тўхтамайди?

Рамазонда шайтонлар занжирбанд қилинса, нега гуноҳ қилишлар тўхтамайди?
Рамазон кириб келгач, инсонга зарар етказувчи, уни энг ёмон ишларга, гуноҳга йўлловчи жин ва шайтонларнинг энг катталари занжирбанд этиб қўйилади. Буни Расулуллоҳ (с.а.в) ҳадисларида ва турли олимларнинг китобларида ўқиш мумкин. Хўш, шундай экан бу муқаддас ойда гуноҳлар нега содир этилаверади?

Савол:
Ҳадиси шарифларда Рамазон ойида шайтонлар занжирбанд қилинади, дейилган. Лекин воқеликда кўрамизки, қанчадан-қанча инсонлар Рамазон ойида ҳам гуноҳлар билан машғул бўлиб юришади. Бунинг сабаби нимада?

Жавоб: Тўғри, сиз айтганингиздек, Рамазон ойида кўпчилик мўминлар уларни гуноҳга етаклайдиган шайтонларнинг занжирбанд қилинишига қарамасдан гуноҳ ишларни қилаётганига гувоҳ бўламиз. Бунинг сабабларидан бири шуки, уларда шайтоннинг аввалги васвасаларининг таъсири ва ўзларининг ана шу гуноҳга бўлган одатлари уларни тарк этмаган бўлади. Ана шу таъсир ва одатларига биноан улардан ушбу муборак ойда ҳам гуноҳлар содир бўлади. Иккинчи сабаби – ёмонликка чорловчи нафснинг таъсирида ушбу ойда ҳам гуноҳга йўл қўядилар. Демак, бу ойда қилинадиган гуноҳлар шайтонларнинг таъсирида эмас, балки нафс тақозосига кўра содир бўлар экан. Шайтонларнинг васвасаси сабабидан содир этиладиган гуноҳлар Рамазондан бошқа ойларда бўлади. Бу муборак ойда инсонлар шайтоний васвасалардан Аллоҳ таолонинг муҳофазасига олингандир. Баъзи уламолар бу масалага қуйидагича жавоб беришган: Рамазон ойида бандаларни васваса қиладиган қайсар, саркаш шайтонларгина занжирбанд қилинади. Заиф шайтонлар эса бандаларни йўлдан оздиришда давом этаверадилар. Уларнинг васваса таъсири кам бўлганлиги эътиборидан бошқа кунларга нисбатан, Рамазон кунларида гуноҳлар кам содир бўлади. Валлоҳу аълам.

Савол: Рамазон ойида шайтон ва жинларнинг занжирбанд қилинишининг нима ҳикмати бор? Шу борада маълумот берсангиз.

Жавоб:
Муборак Рамазон ойида шайтон ва қайсар жинларнинг занжирбанд қилиниши ҳикмати шундан иборатки, токи улар рўзадор мўминларнинг қалбларига гуноҳ қилиш васвасасини, маъсиятга бўлган чорловини ташлай олмасин. Улар занжирбанд қилинишлари боисидан аксар инсонларнинг ушбу муборак ойда ўзларини гуноҳдан тияётгани ва Аллоҳнинг ибодатига машғул бўлаётганига шоҳид бўламиз.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати


Савол: Рамазон ойида шайтонлар занжирбанд этилади, деб эшитганман. Шунга кўра, Рамазон ойида инсонни васваса, ҳар хил ёмон ўй-фикрлар безовта қилиши мумкинми?

Жавоб: Бу ҳадисда келган. Ҳақиқатда улар Рамазонда кишанланадилар. Шунинг учун кўпчилик яхши бўлиб қолади. Баъзи одамларнинг ёмон бўлиши уларга шайтоннинг васвасаси сингиб кетганидан эканлигини уламолар таъкидлашади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Рамазонда шайтонлар кишанланишининг белгисини икки нарсада кўрсатмоқчиман: 1. Рамазон ойида диний сайтларга кирувчилар сони кескин ортиб кетади. Рамазондан кейин эса тушиб кетади. 2. Одатда 5 вақт намозни ўқимайдиганлар Рамазон ойида намозларни ўқиб, анча машаққат бўлган хатми Қуръонли таровеҳ намозларида ҳам қоим турадилар.

Ҳадиси шарифда жин шайтонларининг энг саркашлари кишанланади, дейилган. Ҳаммаси ҳам кишанланмайди.

Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рамазонда шайтонлар занжирбанд қилинса, нега гуноҳ қилишлар тўхтамайди?