Тошкентда эр-хотин йўл талашиб, ҳайдовчи билан жанжаллашди

Тошкентда эр-хотин йўл талашиб, ҳайдовчи билан жанжаллашди

Тошкентда йўл талашиш ортидан юзага келган жанжал акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумот берди.

Аниқланишича, воқеа йўлни цемент ташувчи махсус техника тўсиб қўйгани ортидан келиб чиққан. Йўлдан ўтмоқчи бўлган фуқаро махсус техника ҳайдовчиларидан йўлни бўшатишни сўраган.

Унинг айтишича, ҳайдовчилар ундан бироз кутиб туришни илтимос қилган. Шундан сўнг фуқаронинг турмуш ўртоғи билан ҳайдовчилар ўртасида оғзаки тортишув бошланган.

Жанжал вақтида аёлга ҳақоратли гаплар айтилгани ортидан унинг турмуш ўртоғи ҳайдовчилардан бирига шапалоқ урган. Кейинчалик фуқаро ўз ҳаракатини нотўғри деб билишини ва жаҳл устида иш тутганини тан олган.

Аёлга қўпол гапирган ҳайдовчи ҳам ўз хатти-ҳаракатини тан олиб, жанжал пайтида асабийлашиб, ҳақорат қилганини билдирган.

Мазкур ҳолатни йўл четидаги фуқаро видеога олган. Кейинчалик махсус техника ҳайдовчиси тасвирни ўзининг Instagram саҳифасига жойлаштирган. Унинг таъкидлашича, видеони шунчаки улашган ва унинг бундай шов-шувга сабаб бўлишини кутмаган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси асосида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Миробод тумани судига юборилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар