11:33 / 09.06.2017
7 038

ЮНИСЕФ Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими воқеаси юзасидан муносабат билдирди

ЮНИСЕФ Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими воқеаси юзасидан муносабат билдирди
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн Тошкентдаги Боровский номидаги тиббиёт коллежи талабалари иштирокида рўй берган воқеа юзасидан баёнот берди, деб ёзмоқда Кун.уз нашри.

«1 июнь куни вафот этган Тошкент Тиббиёт коллежи талабаси 17 ёшли Жасурбек Иброҳимов оиласига чуқур ва самимий таъзия изҳор этамиз.

Ўқув муассасаларидаги безорилик масаласи дунё миқёсида борган сари ташвишли масалага айланиб боряпти ва ҳар куни, ҳар ерда болаларни зўравонлик қурбонларига айлантиряпти.

Жуда кўп одамлар ўқув муассасаларидаги болаларга нисбатан зўравонликка кўз юмади. Шу билан бирга зўравонликка учраган жуда кўп болаларда бу тўғрида очиқ гапириш, ишончли катта инсон билан ўртоқлашиш, ўзларига хавфсиз муҳит топиш учун ишонч ва восита бўлмайди.

Бу сингари ҳолатларни ҳал этиш учун муаллим ва ота-оналарни ўқитиш, болаларни зўравонликнинг барча турларидан ҳимоя қилувчи одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиш ва уларни қўллаш сингари йўллар мавжуд.

Тенгдошлар орасида жисмоний ва оғзаки шакллардаги безорилик мамлакатлар бўйлаб кенг тарқалган. Хўрлаш ва ижтимоий жиҳатдан четлатиш сингари билвосита безорилик ҳам болаларни хавф остига қўяди. Безорилик хулқ-атвори кўпинча жамиятда муайян гуруҳларга нисбатан устунлик, стигма ва камситишни акс эттиради.

Ижтимоий динамика вақт ўтиши билан ўзгариши ҳамда интернет ва уяли телефон сингари ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланиш ўсиб бораётгани боис болалар хўрлашнинг янги шаклларига тобора дуч келмоқдалар.

ЮНИCEФ безорилик масаласини ҳал этишда дунёдаги кўпгина мамлакатларга ёрдам бермоқда. Қуйидаги олтита стратегия кўпгина мамлакатларда фойдали деб топилди:

1) ота-оналар, болани парвариш қилувчилар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш;
2) болалар ва ўсмирларга хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашишни бошқаришда ёрдам бериш;
3) зўравонлик ва таҳқирлашга олиб келувчи муносабат ва ижтимоий нормаларни ўзгартириш;
4) муаллимлар ва расмий шахсларни болаларга тегишли хизмат кўрсатиш борасида ўқитиш;
5) болаларни ҳимоя қилувчи қонун ва сиёсатни амалга ошириш;
6) маълумотларни йигъиш ва тадқиқотлар ўтказиш.

ЮНИCEФ болаларга нисбатан зўравонликнинг барча турларига, жумладан таълим муассасаларида безориликка қарши курашда ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун тайёр», дейилган баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, 1 июнь куни Боровский номидаги коллеж 2-курс ўқувчиси Жасурбек Иброҳимов оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этди. Хабарларга кўра, у 3 май куни бўлган муштлашувда оғир жароҳат олган.

Ҳодиса юзасидан коллежнинг 2-курс ўқувчиси Исломбек Тўлаганов қамоққа олинган, тергов ишлари Ўзбекистон бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев томонидан шахсан назоратга олинган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ЮНИСЕФ Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими воқеаси юзасидан муносабат билдирди