07:20 / 16.06.2017
8 407

"ЗАГС" далолатномасисиз никоҳ ўқиган ҳар қандай мулла жиноий жазога тортилади

"ЗАГС" далолатномасисиз никоҳ ўқиган ҳар қандай мулла жиноий жазога тортилади
Бугунги кунда турмуш қурган ёшлар орасида ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиш, оила муқаддас эканини тушуниб етмаслик ҳолатлари, афсуски, учраб турибди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15 июндаги видеоселектор йиғилишида бу масалага алоҳида эътибор қаратди, деб ёзмоқда Кун.уз нашри.

"Ёш оилалар орасида арзимас сабаблар билан ажралишлар кўпайиб бормоқда. Бегуноҳ болалар етим бўлиб, меҳр ва эътиборга энг ташна вақтида ота-она тарбиясидан четда қолмоқда.

Яна бир нохуш ҳолатни бугун афсус билан айтмоқчиман: оилаларда носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, хотин-қизларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари борлиги шахсан мени қаттиқ изтиробга солмоқда.

Сизлар яхши биласизлар, Қуръони каримда “Ўзингизни ноҳақ ўлдирмангиз” деб буюрилади. Муборак ҳадисларда ўз жонига қасд қилганлар ҳеч қачон жаннатга тушмаслиги ҳам баён қилинади.

Шунга қарамасдан, аёлларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари барҳам топмаётган экан, биз аввало бунинг сабабларини бартараф этиш ҳақида ҳар томонлама ўйлашимиз, жумладан, аҳолимиз, аёлларимиз ўртасида динимизнинг бу кўрсатмаларини тушунтиришимиз лозим, - деди давлат раҳбари.

Шу ўринда яна бир нозик масала бўйича алоҳида тўхталиб ўтилди.

"Баъзан ҳаётда "ЗАГС", яъни, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан ўтмасдан туриб, пул эвазига яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатлари ҳам, минг афсуски, учраб турибди.

Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлик балоси қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиши керак. Атоқли адибимиз Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романида кундошлик туфайли бутун бир оила бошига тушган фожиаларни жуда таъсирчан тасвирлаб бергани наҳотки сабоқ бўлмаган бўлса?

Ахир, тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган “никоҳ”дан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолади. Хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб-улғайганидан кейин боғчага, таълим муассасаларига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади.

Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этолмайди.

Ҳурматли имом-хатиблар, сизлар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан берилган ҳужжатни кўрмасдан туриб, турли бойваччаларга шаръий никоҳ ўқиб бераётганингизда мана шундай ишингиз оилаларга қандай бахтсизлик, жамиятга қандай катта муаммо олиб келаётганини лоақал тасаввур қиласизларми ўзи?!", - дея савол билан юзланди Президент.

Шу ўринда ҳозирги кунда ҳаётимизда авж олаётган ана шундай хунук, ярамас ҳолатларга чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани таъкидланди.

"Бу қонунда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай муллага, агар у валломат бўлсаям, жиноий жазо бериш кўзда тутилади", - деди Шавкат Мирзиёев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "ЗАГС" далолатномасисиз никоҳ ўқиган ҳар қандай мулла жиноий жазога тортилади