Оҳангаронда математика ўқитувчиси ўқувчини калтаклагани айтилди

Оҳангаронда математика ўқитувчиси ўқувчини калтаклагани айтилди

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги 15-мактабда математика ўқитувчиси ўқувчига нисбатан жисмоний куч ишлатган. Ҳодиса акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.

Дастлабки ўрганишларга кўра, воқеа 21 октябрь куни 7-синфда математика дарси вақтида содир бўлган. Шунингдек, ўқитувчининг мазкур ўқувчига аввал ҳам қўпол муносабатда бўлгани ҳақидаги маълумотлар текширилмоқда.

Ҳозирда ҳолатни вилоят бошқармаси ва туман бўлими масъуллари, мактаб кенгаши, ички ишлар органлари ҳамда маҳалла вакиллари иштирокида ўрганиш давом этмоқда.

Бошқарма таълим муассасаларида болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонликка йўл қўйилмаслигини таъкидлади. Қонунчиликка кўра, ўқувчилар зўравонлик ва ҳақоратдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Текширув давомида ўқувчи, унинг ота-онаси, ўқитувчи ва гувоҳларнинг тушунтиришлари ҳамда бошқа далиллар ўрганилади. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиб, қонунбузилиш аниқланган тақдирда тегишли чоралар кўрилади.

Ўрганиш натижалари бўйича жамоатчиликка қўшимча маълумот берилиши билдирилди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар