6 420
Фарғонада қарийб 3 млрд сўмни фирибгарлик билан қўлга киритган сохта “лизинг”чилар ушланди
Фирибгарликка муккасидан кетган, бир неча бор судланган, жазони ўтагандан кейин ҳам бировларни лақиллатиб, пулларини шилиб юришни давом эттирган Маҳлиё Юрсинова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва унинг “устози” – отаси Сайдулло Юрсинов, норасмий турмуш ўртоғи Тешабой Турсунов, “шогирдлари” Раззоқ Шералиев, Акмал Зарипов, Эрган Батиралиевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўрилди, деб ёзади “Kun.uz” нашри.
Асли марғилонлик, Фарғона шаҳрида яшовчи М.Юрсинова отасининг “илми”ни обдон ўзлаштиради. Холис хизмат қилувчи, бировларнинг дардига “малҳам” бўлувчи, мушкулларини осон қилувчи “фаришта” ролини қиёмига етказиб ўйнайди. 2013 йил июль ойида унинг “қармоғи”га фуқаро Н.Соипова илинади.
- Банкда ўн беш миллион сўм пулим бор, - дейди М.Юрсинова. – Нақд пул керак бўлиб қолди. Агар келишсак, нақд пул берсангиз, бир ярим баробар устамаси билан ҳисоб рақамингизга тушириб қўяман.
Н.Сойипова унга ишонди ва 7 млн. 735 минг сўм нақд пулни фирибгарга келтириб беради. Ваъдабоз эса сувга тушган тошдай ғойиб бўлади.
Қирқ ёшни қаршилаган фирибгар аёл тап тортмай, бировнинг бошига тушган кулфатдан ҳам фойдаланади. Россия Федерациясида қамалиб қолган ўғлини чиқариб олиш илинжида юрган О.Шариповга “ёрдам қўли”ни чўзади. Таниш адвокатларни ёллаб, 10 минг АҚШ доллари эвазига ўғлини хориждан олиб келишга ишонтиради. Шу тариқа уни алдаб, қўлга киритган 3900 АҚШ доллари ва 17 млн. 560 минг сўм пуллар эвазига “тадбиркорлик” фаолиятини бошлайди.
Норасмий турмуш ўртоғи Тешабой Турсунов раҳбарлигида “Фарғона Жаҳонгир Транс” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилади. МЧЖни тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказгач, Фарғона деҳқон бозоридаги тадбиркорлардан бирига тегишли савдо дўконини ижарага олиб, “офис”га айлантиради. Сўзамол, эпчил таниш-билишларига 300-700 минг сўмдан иш ҳақи ваъда қилиб, норасмий ишга қабул қилади. Ҳар хил русумдаги автоуловларнинг рангли суратлари, автолизингга автомобиль харид қилиш таклифи, МЧЖнинг телефон рақамларидан иборат реклама баннери, плакат ва буклетлар гавжум жойларга, автобус ва йўналишдаги таксиларга тарқатилади. МЧЖнинг норасмий раҳбари М.Юрсинованинг отаси, муқаддам бир неча бор судланган С.Юрсинов эса оғзаки рекламани кенг йўлга қўяди. Лизингга турли русумдаги автоуловларни харид қилиб олиш таклифига кўзи тушган, эшитиб-билганлар офисга оқиб келаверишади.
“Ишбоши” ва “шогирдлар” офис ҳам икир-чикирларигача пухта ўйлаб, жиҳозлашади. Юртимизда ишлаб чиқарилаётган турли русумдаги енгил автомобилларнинг расмлари, бежирим дивану курсилар, иш столларидаги компьютерлар, офис ходимлари ҳар бир мижознинг ҳурматини ўрнига қўйиб, саволларга батафсил жавоб беришарди. Нисбатан қулай туюлган, аввалдан 25 фоиз тўловли, автоулов нархининг 5 фоизи миқдорида хизмат ҳақи олинадиган, қисқа фурсатларда етказиб берилиши “кафолатланган” автолизинг шартномаларининг шартлари фуқароларни оҳанрабодай ўзига жалб этаверди. Харидорлардан нақд пуллар олиниб, назорат-касса машинаси чеки ўрнига солиқ идорасида ҳисобда турмаган, компьютерда чиқарилган сохта квитанциялар берилади. МЧЖ иш юритувчиси Р.Шералиев мижозларни ишонтириш мақсадида жамият офисига дастлабки, автоулов нархининг 25 фоизи миқдорида тўловлардан йиғилган пулларни навбатдаги харидор билан бирга банкка бориб, унинг номидан тегишли ҳисоб-рақамига топширади. Расмий дилер корхонасига юз фоиз ўтказилган маблағга олинган автомобилни тантанали равишда харидорга топширади. Шу тариқа, дастлаб ҳар тўрт нафар харидордан йиғилган тўловлар ҳисобига биттадан, жами қирқ нафар фуқарога турли русумдаги автомобиллар олиб берилади. Олдиндан 25 фоиз тўлаб қўйган қолган харидорларга автомобиллар яқин ўртада топширилажагини айтиб, хотиржам қилишади.
МЧЖнинг “ишбошиси” М.Юрсинова отаси ва норасмий турмуш ўртоғи Т.Турсунов билан харидорлардан йиғилган нақд пул маблағларини легаллаштириб олишга киришади. Фарғона шаҳридаги ҳовли-уйлардан бирини 400 млн. сўмга сотиб олишади ва М.Юрсинованинг онаси номига расмийлаштиришади. Автосалондан 184,5 млн. сўмга 2 та “Малибу” русумли енгил автомобиль харид қилишади. Биридан Т.Турсунов, иккинчисидан М.Юрсинова хизмат машинаси тарзида фойдаланишади. Кўп ўтмай, иккинчи “Малибу”ни андижонлик харидорга сотиб юборишади. “Фойда”дан М.Юрсинованинг отаси С.Юрсинов ҳам бебаҳра қолмайди. У ўзига автосалондан “Кобальт” русумли автомобиль сотиб олади.
С.Юрсинов офисга келган икки нафар аёлга ўзини ҳамдард қилиб кўрсатади. Уларга қизи орқали гаплашиб, тергов ҳибсхонасида сақланаётган танишлари билан учрашишларига, нарса киритиб юборишларига ёрдам бермоқчи бўлади. Келаси куни ҳибсхона ходимларига 1000 АҚШ доллари бериш лозимлигини айтади. Улардан олган 6 млн. 500 минг сўмни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади.
Суд мажлисида сохта автолизинг шартномалари тузиб, 400 нафарга яқин фуқаронинг аввалдан 25 фоиз тўлов ва 5 фоизли хизмат ҳақи тарзида жами 2 млрд. 937 млн. 517 минг сўм пул маблағларини фирибгарлик билан қўлга киритган, гўё ўз маблағларига олгандай, ҳовли уй ва автомобиллар харид қилиб, жиноий йўл билан топилган маблағларни легаллаштиришга уринган М.Юрсинова, С.Юрсинов, Т.Турсунов, Р.Шералиев, А.Зарипов, Э.Батиралиевга турли муддатларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?