Қаршидаги хонадондан 425 килограмм истеъмолга яроқсиз гўшт топилди

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги хонадонлардан бирида келиб чиқиши номаълум бўлган 425 килограмм гўшт маҳсулоти аниқланди. Дастлабки лаборатория текширувида маҳсулот истеъмолга яроқсиз деб топилган. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, гўшт маҳсулотлари «Бўстон» маҳалласидаги хонадонлардан бирида аниқланган. Улар белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилиб, истеъмолга яроқлилигини аниқлаш учун Қашқадарё вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бошқармаси лабораториясига топширилган.
Дастлабки текширув натижаларига кўра, топилган гўшт истеъмолга яроқсиз деб баҳоланган. Ҳозирда маҳсулот юзасидан қўшимча лаборатория экспертизаси ўтказилиши режалаштирилган.
Амалдаги тартибга кўра, ҳайвонларни гўшт учун сўйиш ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида, ветеринария-санитария талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак.
Сўйилган ҳайвон гўшти ветеринария мутахассислари томонидан текширилиб, унинг истеъмолга яроқлилиги юзасидан тегишли хулоса расмийлаштирилиши лозим. Шунингдек, маҳсулот ҳақидаги маълумотлар электрон ахборот тизимига киритилиши ва гўшт бўлакларига QR-кодли ёрлиқ ёпиштирилиши керак.
Гўшт маҳсулотларини сотишда ҳам тегишли ветеринария ҳужжатлари ва ветеринария-санитария экспертизаси хулосаси бўлиши, улар махсус совиткичли расталарда сақланиши ҳамда белгиланган талаблар асосида ташилиши шарт.
Келиб чиқиши тасдиқланмаган ва ветеринария-санитария талабларига жавоб бермайдиган гўшт маҳсулотларини сотишга йўл қўйилмайди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…