
13.06.2017 йилдаги ЎРҚ-436-сон Қонун билан ўзини ўзи ўлдиришга ундаганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди ва ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди, деб хабар беради Norma.uz.
Ўз-ўзини ўлдиришга ундаганлик учун – 7 йилгача
Ўзини ўзи ўлдиришга ундаш — кўндириш, алдаш ёки бошқа йўл билан ўзга шахсда ўзини ўзи ўлдириш ҳиссини уйғотиш, агар шахс ўзини ўзи ўлдирган ёки ўзини ўзи ўлдиришга суиқасд қилган бўлса.
Бундай жиноят учун 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.
5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш қуйидаги ҳолатларда қўлланилади:
- вояга етмаган шахсга ёки ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
- бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
- телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса.
Суиқасд даражасига етказганлик учун – 10 йилгача
Янги модда киритилиши билан бир қаторда ўзини ўзи ўлдириши даражасига етказганлик учун жазолар кучайтирилди (ЖК 103-модда). Энди жиноятчилар 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (биринчи қисм бўйича). 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қуйидаги ҳолатларда қўлланилади:
- моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган шахсга нисбатан;
- вояга етмаган шахсга ёки ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
- бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
- телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса
Маълумот учун: ўзини ўзи ўлдириш даражасига ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш билан амалга оширилиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар