Ишдан қайтаётганимизда машинамиз чорраҳада илкис тўхтади.
— Юравермайсизми, кўча бўм-бўш-ку? — дедим ҳайдовчига ва дарҳол тилимни тишладим: гапим зардалироқ чиқди. Навбатчиликда роса чарчаган, кўзим юмилиб кетаётган бўлса нетай?
— Тепада камера бор-ку, ока, — деди шофёр хижолат бўлиб. — «Қизил»да ўтсак, эртага отнинг калласидек жарима келади.
Начора! Тун қиёмидан ошган, лекин ҳамма ёқ сутдай. Бўм-бўш, теп-текис, топ-тоза кўчаларга тариқ тушса кўринади. Сафи узоқларга чўзилиб кетган мавзун симёғочларнинг икки «шохи» гўё кўчалар ўртасига осиб қўйилган марварид шодаси. Ранго-ранг рекламалар жилваланган, камалаклар қучган фавворалар шовуллаган, энтикиб эсаётган шабадалар дарахтларнинг япроқларини силаб ўйнаган. Қадим шаҳар ором оғушида.
Ўйладим. Икки ой олдин шу ҳайдовчи, шу маҳалда, шундай ҳилват кўчада чироқ-пироқ, автоинспектор деганни назар-писанд қилиб, ўйланиб-нетиб ўтирармиди. Йўқ! Айниқса, эркатойроқ фарзандларимиз. Ўғилдир-қиздир, қабатида ўзига ўхшаган тантиқча, ёнингиздан ўқдай учиб ўтадики, ўтакангиз ёрилганча ортидан сўкиниб қоласиз: «Ҳа-а, бошингни емагур!»
Омади келса, манзилига етади. Келмаса-чи? Келмаса шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг хабарномасидаги машъум рақамлар — ўлганлар ёки мажруҳ бўлганлар сони — яна биттага, балки иккитага кўпаяди.
Кўчалардан нинанинг тешигидек «кўзларини» узмай турган кузатув камералари расман ишга туширилганига кўп бўлгани йўқ. Аммо газеталарнинг ёзишича, дастлабки бир ярим ой ичида йўлларда ҳалок бўлганлар 40,4 фоизга камайган. Юртимиз тарихида кутилмаган, битилмаган ўзгариш. Бу ўнлаб одамлар тирик қолди, дегани! Майиблик-мажруҳликка чап берганлар қанча!
Худоим инсоф берса, икки-уч йилда камера-памераси йўқ қишлоқ кўчаларида ҳам, чет-чақадаги яйдоқ йўлларда ҳам одобу андиша, бири-биримизга ҳурмат сақлаб юрадиган бўламиз. Шу «биткўз» ҳаммани ҳушёр торттириб, тенглаштириб қўйди. Қўли узун ҳам, калтароқ ҳам тартибга эна бошлади.
Шундай умидбахш ўйлар хаёлимдан ўтди-ю, яна лабимни тишладим. Уялдим. Ахир камерадан ҳам баландроқда Бир Зот ҳаммамизни, нафақат кўча-кўйда, уйда — ҳар жойда, ҳар сонияда бедор кузатиб, қилмишларимизни номаи аъмолимизга мос битиб, сарҳисоб қилиб турибди-ку?! Жонсиз камерадан, ушбу темир матоҳга ишониб, биз, қоидабузарларга жариманома йўллайдиган автоинспекторлардан чўчиймиз. Бу — тўғри. Қонунга итоат — фуқаронинг бурчи. Аслида буларни яратган Ўзи-ку?.. Яратганни унутмаганида, хабарномаларда дарж этилган 59,6 фоиз одам ҳам, балки тирик қоларди.
Кўк чироқ ёнди. Юрдик.
Жонқобил Жума
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»