17:05 / 28.07.2017
5 945

БМТ котибининг Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида нима дейилган?

БМТ котибининг Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида нима дейилган?
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 9 июнь куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган эди. Бош котиб ташрифини Самарқанддан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. 10 июнь куни Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистонга ташрифи ва меҳмондўстликдан мамнун бўлган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Президент Шавкат Мирзиёев номига миннатдорлик мактубини йўллади.

“Сиз билан учрашиш мен учун катта шараф бўлди. Сизга, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва халқига яқинда мамлакатингизга ташрифим чоғида кўрсатилган юксак меҳмондўстлик ва самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман.

Учрашувимизда Сиз баён қилган ва Сизнинг ташаббусингиз билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича дастурингиз менда катта таассурот қолдирди. Мазкур ҳужжат БМТ Барқарор тараққиёт мақсадлари ва 2030 йилгача барқарор ривожланиш дастури билан ҳамоҳанг бўлиб, Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун асос сифатида хизмат қилиши мумкин. Сизнинг қўшни давлатлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларингизни тўла қўллаб-қувватлайман. БМТ Сизнинг ҳукуматингизни умумий мақсадларимизга, жумладан, Барқарор тараққиёт мақсадларни амалга ошириш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва превентив дипломатияни ривожлантириш борасидаги мақсадларга эришиш учун қўллаб-қувватлашга тайёр.

Сиз ва ҳукуматингизга БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий марказини тўла қўллаб-қувватлаётганингиз ва ҳамкорлик қилаётганингиз учун самимий миннатдорлик изҳор этаман.

Марказий Осиёга ташрифимнинг асосий мақсадларидан бири бўлган Нукус ва Мўйноққа боришимга кўмаклашганингиз учун алоҳида ташаккур билдираман. Орол денгизи тезлик билан қуриб бораётгани мени қаттиқ ташвишга солди ва бу фалокатдан азият чекаётган аҳоли билан учрашувдан ғоят таъсирландим. Ишонтириб айтаманки, БМТ Сизнинг ушбу фожиа оқибатларини бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр.

Ҳукуматингиз ташрифим давомида кенг логистик ёрдам кўрсатгани сафарим муваффақиятли ўтишида муҳим роль ўйнади. Бунинг учун ҳам миннатдорлик изҳор этаман.

Буюк ипак йўлининг дурдоналаридан бўлган гўзал Самарқандни яна бир бор кўрганимдан беҳад хурсандман. Маданиятлар чорраҳасида жойлашган бу шаҳарнинг кўп асрлик тарихи ва серқирра маданияти бугун ҳам бутун дунё учун намуна бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси БМТ билан ишончли ҳамкорлик қилаётгани учун ташаккур билдираман ва Ўзбекистон халқининг манфаати йўлида ҳамкорлигимизни давом эттиришимизни сабрсизлик билан кутаман.

Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак ҳурматимни қабул қилгайсиз”, дейилади БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг мактубида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » БМТ котибининг Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида нима дейилган?