16:04 / 05.08.2017
8 343

Самарқандда Шарқ алломалари ижодига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтади

Самарқандда Шарқ алломалари ижодига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтади
Жорий йилнинг 28-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида “Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё ренессанси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар Академияси матбуот хизмати хабар берганлигини Qalampir.uz нашри маълум қилмоқда.

Анжуман Марказий Осиё олим ва мутафаккирларининг абадий тарихий меросини чуқур ўрганиш ва англаш, мамлакат ва жаҳон жамоатчилигини ўзбек мутафаккирларининг аниқ, табиий фанлар ва ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссаси билан таништириш, илмий марказлар ва дунёнинг етакчи олимларини уларнинг ишлари ва кашфиётларини ҳар томонлама ўрганишга жалб этиш, ушбу беқиёс интеллектуал бойликни кўз қорачиғидек асраш ва оммалаштириш мақсадида ўтказилмоқда.

Мазкур конференция 2014-йил Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида бўлиб ўтган конференциянинг мантиқий давоми экани қайд этилган. Конференцияда IХ-ХII асрларда Марказий Осиё Уйғониш даврининг таркибий қисмларидан бўлган ислом илмлари бўйича бой мерос ҳам муҳокама қилинади.

Конференция ишида Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд аз-Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқаларнинг, шунингдек, Имом ал-Бухорий, Бурхониддин Марғиноний, Имом Исо ат-Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби диний уламоларнинг илмий мероси таҳлилига алоҳида эътибор қаратилади.

Мутафаккир олимларнинг илмий фаолияти таҳлилига багъишланган мамлакатимиз ва хориждаги етакчи тадқиқотчиларнинг маърузаларида Марказий Осиёда IХ-ХII ва XIV-XV асрларда рўй берган илмий маданий уйғонишнинг турли жиҳатлари кенг ёритилади.

Конференция ишида YUNESKO, IHT, AYSESKO, IRSIKA каби нуфузли халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, жаҳоннинг йирик музейлари, илмий ва таълим муассасалари вакилларининг иштироки кутилмоқда.

Конференция ўрта асрлар Марказий Осиё олимларининг меросини ҳамкорликда ўрганиш шаклида Ўзбекистон ва етакчи хорижлик олимлар ўртасида яқин илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги муҳим босқич бўлиши қўшимча қилинган. Конференция якунида тезислар тўплами чоп этиш режалаштирилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда Шарқ алломалари ижодига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтади