Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 август куни “2017 йилда ғўза дефолиациясини ўз вақтида ва самарали ўтказиш бўйича комплекс ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори
Ғўзани сифатли дефолиация қилиш, пахта ҳосилини эрта муддатларда йиғиштириб олиш ва пахта териш машиналаридан самарали фойдаланиш учун далаларни ўз вақтида тайёрлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган 2017 йилда ғўза дефолиация қилинадиган майдонлар ва унинг мақбул муддатлари тўғрисидаги 1-иловага мувофиқ таклифлари қабул қилинсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари чигит экиш муддатлари, нави ва ғўзанинг етилиш даври, жойлардаги об-ҳаво-иқлим шароитларини, кўсак очилиши суръатларини ҳисобга олган ҳолда туманлар ва фермер хўжаликлари бўйича ғўзани 1-иловада белгиланган майдонлар ва муддатларда дефолиация ўтказиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрсинлар.
Ғўза дефолиациясининг белгиланган муддатларда ва сифатли ўтказилиши ҳамда дефолиантларни ишлатиш нормалари ва тавсияларига қатъий риоя этилиши учун шахсий жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ раҳбарлари зиммасига юклансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаев:
беш кун муддатда дефолиацияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ишларини мувофиқлаштирувчи республика эксперт ишчи комиссиясини, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва туманларда эксперт ишчи комиссияларни шакллантирсин, уларнинг таркибига Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноат”АЖ, Ўзбекистон “Сифат” маркази, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ мутахассисларини киритиб, уларнинг зиммасига ғўза дефолиацияси ишлари ташкил этилиши ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлашга доир аниқ вазифалар юкласин;
дефолиация ишлари ўтказилиши юзасидан қатъий ва доимий назоратни таъминласин ҳамда агротехника тадбирларини ўтказиш борасида белгиланган муддатлар ва меъёрларга риоя этишни таъминламаётган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чораларини кўрсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ, “Ўзагросервис” АЖ жорий йилнинг 31 августигача бўлган муддатда:
фермер хўжаликлари бўйича дефолиация ўтказиладиган майдонларни аниқласинлар ва ҳар бир туманни дефолиантлар билан таъминлаш ҳамда уларни алоҳида ажратилган жойларда тайёрлаш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, дефолиацияни ташкил этиш ва мақбул муддатларда ўтказиш тадбирларини - “йўл харита”ларини ишлаб чиқсинлар. Ғўза дефолиация қилинадиган майдонларни белгилашда уруғлик гўза майдонлари ҳисобга олинмасин;
ерда ишлатиладиган техникалардан тўлиқ фойдаланишни таъминлашга эътибор қаратиб, дефолиацияни ерда бажариладиган усуллар билан ўтказиш учун техник воситалар ва аппаратлар тайёрланишини тугалласинлар;
ғўза майдончаларини тайёрлашни тугалласинлар ва уларда дефолиантлар эритмасини тайёрлаш учун зарур идишлар ва бошқа техник воситалар мавжуд бўлишини таъминласинлар.
5. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ буюртманомалари бўйича ғўза дефолиациясини ўтказиш учун самолётлар ажратсин ва уларнинг 2-иловага мувофиқ 2017 йил 31 августгача минтақаларга етиб боришини таъминласин.
Вилоятлар ҳокимликлари жорий йилнинг 31 августига қадар махсус аэродромлар тайёрланишини, шу жумладан учувчилар учун зарур маиший шароитлар яратилишини тугалласинлар.
6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси дефолиация ўтказилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатсин ҳамда дефолиантларни қўллаш меъёрларига риоя этилиши ва дефолиациянинг белгиланган муддатларда ўтказилишига алоҳида эътибор қаратсин.
7. “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ ёнилғи-мойлаш материалларининг зарур захирасини яратсин ҳамда пуркагичлар ва самолётлар ишларини таъминлаш учун ғўзани дефолиация қилиш даврида уларнинг белгиланган тартибда узлуксиз етказиб берилишини ташкил этсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат хариди учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси бир ҳафта муддатда, асосланган буюртманомаларга биноан тижорат банкларига фермер хўжаликлари учун ғўза дефолиациясини ўтказишга зарур кредит маблағларини, келгусида улардан дефолиантлар харид қилиш ҳамда “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ ва «САР» авиакомпанияси хизматларига ҳақ тўлаш учун фойдаланиш мақсадида, белгиланган тартибда ажратсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ раиси У.А.Ахунов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент, 21 август “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»