Оламнинг ишлари ғалат. Кечагина тасаввур ҳам қилиш мумкин бўлмаган гаплар бугуннинг ҳақиқатига айланса-я!
“Америка овози”нинг сиёсатдон журналисти, дилбар аёл Навбахор Имомова билан бир кун мириқиб суҳбатлашдим, хатто “дардлашдик”. Президентлар Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев портретига чизгилар изладик. Одамлар тақдири, журналист қисмати ва албатта сўз эркинлиги меъзонлари хусусида бахслашдик.
Бугун бир пайтлар Ўзбекистонда телевидение рахбари бўлиб ишлаган хозирда Америкада яшаётган Жахонгир Маматов билан фейсбук “тили”да бўлсада самимий холлашдик. Жахонгир яхши ният билан Ўзбекистонда учрашишимизни тилади. Хеч бир мавзуда бахслашмасак хам бир-биримизни тушунгандек бўлдик.
Пахлавон билан ББС мухбирлик бўлимининг очилиши, ўзбек ТВсида хориж хабарлари лойихаси хақида фикр алмашдик.
Буни қарангки, яқиндагина бизлар гўё баррикаданинг икки томонида тургандек хис қилар эдик ўзимизни.
Кечагина вилоят хокимининг ТВ га интервью бериши мумкин бўлмаган воқеа деб тушунилар эди. ХПК туфайли журналист Фарғона вилоятининг билимдон, лекин тезоброқ (у афғончи бўлгани ва сариқдан келгани учунми, тез жахли чиқади) хокими Шухрат Ғаниевни роса бир соат тўғридан тўғри эфирда саволларга тутди, “терлатди”.
Рўзадорлар учун ташкил этилган ифторликда вилоят хокимидан тортиб барча кучишлатар тизим (шу жумладан МХХ ҳам) рахбарлари қўлларини кўксига қўйиб номозхонларни Фарғонадаги энг хашаматли Ислом Каримов номидаги санъат саройига таклиф қилдилар ва у ерда азон чақирилиб, саф тортиб шом намози адо этилди...
Замон бунча тез ўзгармаса-а?!
Бугун Лола Каримова (Тиллаева) дугонаси номидан Ислом ака хаётининг сўнгги соатлари ҳақида хотира эълон қилибди. Ишончим комил, уни кўпчилик ўқиди. Буюк инсонлар хақидаги хотиралар шубхали эмас, фақат ва фақат воқелик хақиқатига асосланган бўлиши лозим деб хисоблайман. Ишонаманки, хали шундай хотиралар албатта ёзилади, эълон қилинади.
Шу кунларда Ислом Каримов вафотига бир йил тўлмоқда. Менга тақдир илтифот кўрсатиб бу улуғ зот ёнида бир неча йил давомида телемухбир сифатида хамрох бўлиш насиб этди. Билмадим, яна қайси мухбирнинг исмини айтиб чақирган, лекин Ислом ака хар доим “Муҳаммаджон, ..” дея саволга, сухбатга тутар эди мени.
Биринчи марта шундай бўлгандаёқ Президентнинг менга бўлган самимий, ишончли муносабати унинг атрофидаги Давлат маслахатчилари, Бош вазир ўринбосарларига ёқмаслигини сезганман. Аниқроғи “сездиришган”. Хали пахта, ғалла далалариди, қурилиш майдонида, саноат корхонасида бўладими, Ислом ака бир-бир атрофидагилар орасидан мени кўз қараши билан излаб топар ва яна исмимни айтиб мурожаат қиларди. (Бу лахзалар ўнлаб видеотасмаларда сақланиб қолган) Бу унутилмас учрашувлар, сухбатлар, тарихий воқеалар ҳақидаги сатрларни чоп этиш вақти ҳам келиб қолар... Лекин мен шундай қутлуғ кунларда бу инсондаги ўзгалар фикрини тинглаш, агар таклиф асосли бўлса, унга қўлоқ тутиш фазилати ҳақида ўз хаётимда кўрганларимни ўртоқлашмоқчиман.
Ислом Каримов хориж радиолари, айрим “хуқуқ химоячилари” тасвирлагандек асло худбин рахбар эмасди. Тўғри, қабул қилган қарорини мухокама этишларини ёқтирмас эди. Лекин унгача Сизни тинглаш, фикр айтсангиз уни мухокама қилишга хайрихохлиги бўлган.
Эсимда. Шохимардонни сел олиб катта фожеа рўй берди. Воқеликнинг эртасига бош вазирнинг биринчи ўринбосари, икки кундан сўнг Президент Шохимардонга келдилар. Мен хар галгидек уларга хамрохлик қилардим. Жуда таранг воқеалар хам рўй берди, ўша куни. Бу бошқа мавзу.
Президент қайтадиган самолётда мен хам бор эдим. Хали самолёт кўтирилмай туриб, Ислом Каримов мени хонасига (самолётнинг олд қисмида шундай махсус жой бор) чақиртирди. Кейин ортимдан Президентнинг матбуот котиби кириб келди. Президентни хеч қачон бу ахволда кўрмаган эдим. Юрагимни қўрқув босди.
- Ўтир,-деди у жахл билан. – Шохимардонда шундай фожеа рўй берибди-ю менга бу ҳақда ўз вақтида айтишмади. Мен Президент бўла туриб 114 нафар фуқаро халок бўлсада мамлакатда мотам эълон қилмасдан бу ерга икки кун ўтиб келдим!
Ислом Каримов олдидаги журнал столига ғазаб билан бир мушт урганди у синиб кетди.
- Уларни-ку хали бахосини бераман, сен-чи, сен нега ўз вақтида хабар бермадинг?!
Мен, аксинча ўзимга келдим. Қўрқув тарк этди.
- Шохимардонни сел олган тунда соат иккиларда воқеа жойига етиб келдим. Лекин тасвирга туширишни тақиқладилар. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари етиб келсин, у рухсат бергандан сўнг тасвирга оласан, дедилар.
- Ким айтди?!
- ...
- Сендан сўраяпман, ким айтди?!
Мен жавобдан қочдим.
- Шунга қарамай яширинча тасвирга туширдим. Лекин ахборотни юборишга қўймадилар. Бош вазир ўринбосари эса эртасига келди, чунки ўша куни у Сиз билан Самарқандга борган экан...
Шундай дейишимни биламан, Президент яна бир бор столни муштлади. Энди у бутунлай синиб тушди.
- Атрофимдагилар хақиқатни гапирмаса, Сен вақтида телевизорда кўрсатмасанг, мен хақиқий ахволни қандай билай, гапир!!!
Хали-хали ўша воқеани эслаб Ислом акага қанчалар қийин бўлганига такрор ва такрор иқрор бўламан.
Биз ўшанда Ислом ака билан узоқ сухбатлашдик. Бир пайт менга қараб:
- Ие, нега тек ўтирибсан, ёзиб қўй бу гапларнинг хаммасини. Вақтлар келар, ўшанда эълон қиласан, одамлар билсин, Шохимардон учун Президент қанчалар изтиробда колганини, атрофидагилар унга хиёнат қилганини, ёз, ёз.
Ён дафтарим самолётдаёқ тўлаёзди.
Самолёт Тошкентга қўнди, чамаси 15 дақиқа ўтди хамки, изтиробли сухбат тугамасди.
- Мен кимга ишонай? Қобилжон саккиз ойдаёқ қочиб кетди. (Бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган Қобилжон Обидовни назарда тутарди президент) Фарғона вилояти хокими Мўминовни... тавсияси билан қўйгандик. Ишончни оқламади,-деди Президент. Кейин менга бироз тикилиб турди-ю,
- Сен айт, Фарғонага кимни хоким қилиб қўйсак иш юради?
Мен индамадим. Ислом ака такрор сўради.
- Сендан сўраяпман, ким Фарғонага хоким бўлса шу оғир вилоятни эплайди?
Мен яна индамай туравердим. Қолаверса матбуот котиби оёғимни босиб қўйди. Бу “гапирма” дегани эди.
- Ие, сен Фарғонани биласан деб сўраяпман, нега жим турибсан?
Бу гал сабрим чидамади. Вилоятдаги вазият, рахбар кадрлар ҳақида ўзим билган ва тўғри деб хисоблаган фикрларни очиқ ойдин тўкиб солдим. Ва охирида:
- Менимча, Алишер Отабоев Сизнинг талабингизга жавоб берадиган рахбар бўла олади,-дедим.
Матбуот котиби бу гал оёғимни оёғи билан қаттиқ босди. Оғриқдан панжаларим зирқираб кетди.
Президент бир оз ўйланиб қолдида, ўрнидан туриб йўлакка чиқар экан:
- Кўрамиз, -деб қўйди.
Трапдан тушдик. Ислом ака машинасига ўтириётиб яна мени олдига чақирди.
- Фарғонага қайтиб борасанда Жўрабековдан интервью оласан. Энди халққа хаммасини ўзи тушунтириб берсин!
Мен яна тазйиқ ва сўроқ-савол остида колдим.
- Сен кимсанки, Президентга отделкадрлик қиласан!-дейишарди дағдаға билан.
Бу воқеага гувох бўлганлардан ташқари (улар хозир хам амалда) яратган ҳам шоҳид. Мен маслахатчи ҳам, отделкадр хам эмасдим. Президентнинг қистовли саволига ноилож ўйлаганимни айтиб жавоб бердим холос.
Аммо ...орадан кўп ўтмай Фарғонада бўлган ташкилий сессияда Президент вилоят хокимлигига Алишер Отабоев номзодини таклиф этди.
Бу каби сухбатлар Қувада Ахмад ал-Фарғоний рамзий қабр тоши ўрнига хайкал ўрнатилиши, Андижонда Миср дон уруғларини синаб кўриш, Фарғона шаҳридаги шўролар даврида қўйилган аёл хайкалини олиб ташлаш, Чимён куркачилик фабрикасига бориш, Кремлдаги Георгий залида Борис Ельцин билан учрашувдан сўнг, 1991 йилдаги Наманган воқеалари чоғи ва яна кўплаб холатларда рўй берган.
Хар гал Президент атрофидагилар, жумладан юқорида тилга олинган холатларда хамрох журналист фикрини инобатга олганди. Мен билган (1991-2005 йиллар) Ислом Каримов шундай инсон эди. Вақти келиб мен билган, иштирок этган воқеалар кундалигини чоп этиш ҳам насиб қилар. Лекин такрор айтаман, Ислом акада сухбатдошини сабр билан тинглай олишдек хаммага насиб этмаган инсоний фазилат мавжуд эди. Илоё охиратлари обод бўлсин.
Ислом ака омонатини етказувчи,
Муҳаммаджон Обидов
Манба: Dia.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади