21:16 / 08.10.2017
6 783

Қозоғистон Атамбоевга жавоб қайтарди

Қозоғистон Атамбоевга жавоб қайтарди
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон президентининг мамлакат ички ишларига аралашув бўйича сўзларини номақбул ва провокацион, деб ҳисобламоқда.

Шанба куни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев қўшни Қозоғистонни республика ички ишларига, хусусан 15 октябрь куни бўлиб ўтадиган Қирғизистон президентлиги учун сайлов жараёнига аралашишда айблади.

«Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбоевнинг 2017 йил 7 октябрь куни Қозоғистон Республикаси раҳбариятига тегишли бўлган ва Қирғизистон оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган баёнотлари муносабати билан Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қатъий протест билдиради ва икки дўстона мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда уларга йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблайди», - дейилади ташқи сиёсат идораси баёнотида.

Вазирликдан ишонч билдиришларича, «Қирғизистон президентининг сайловолди мақсаддаги масъулиятсиз, провокацион ва ёлғон баёнотлари мамлакатларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва ўзаро ёрдам алоқаларига зарар етказа олмайди».

«Қозоғистон томони қирғиз халқи билан анъанавий равишда биродарлик муносабатларини ривожлантириш курсига содиқ қолмоқда», - дея маълум қилишган ТИВдан.

Атамбоевнинг президентлик муддати 1 декабрда тугайди ва конституцияга кўра, у президентликка яна ўз номзодини қўя олмайди. Атамбоевнинг меросхўри сифатида баҳоланаётган номзод Сооронбай Жээнбековнинг асосий рақибларидан бири мамлакат собиқ бош вазири Омурбек Бобонов бўлиши кутилмоқда.

Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида сентябрь ойи охирида дипломатик можаро юз берганди. Бу Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Бобонов билан учрашгани туфайли рўй берди. Бишкек Остонани «халқнинг танловига таъсир ўтказиш» ва мамлакатнинг ички ишларига аралашишга уринаётганликда айблади.

Манба: Кun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қозоғистон Атамбоевга жавоб қайтарди