23:20 / 09.10.2017
5 761

Дабдабанинг дабдаласи: дабдабага қарши қонун қабул қилинадиган вақт келди

Дабдабанинг дабдаласи: дабдабага қарши қонун қабул қилинадиган вақт келди
Ва ниҳоят!
Президент Шавкат Мирзиёевнинг юксак минбардан туриб айтган сўзларидан кейин, тўйларда ҳаддан ошиб кетганимизни англадик. Ҳа, тўй ва маърака бор-йўғимиз, ҳаёт-мамотимиз бўлиб қолган. Инсон туғилади — ақиқа қилади, мусулмон бўлади — суннат тўй, уйланади — никоҳ тўй, фарзанд кўради — бир қатор тўйлар қилади ва бу дунёдан ўтиб (тушунамиз қўпол сўз, лекин ҳақиқат), маърака ташкиллаштиради. Бутун ҳаёт, унинг мазмун-моҳияти шундан иборат бўлиб қолган.

Бир пайтлар, қадимги Римда, Юлий Цезар даврида "Дабдабага қарши қонун" амалда бўлган экан. Ҳар қандай инсон бир кунда 300 сестерцийдан ортиқ пул сарфлаши тақиқланган экан ушбу қонун билан. Демак, уларда дабдабали тўйлар одат бўлмаган. Албатта-да, римликлар аҳмоқ бўлибдими топган-тутганини бировларга сарфлагани? Улар ўзини ҳурмат қилган ва топганини ўзига сарфлаган. Шу сабабли ҳам уларнинг қонуни кунлик маблағ сарфланишини чеклаган.

Яна бир хулоса — барибир инсонни ўзини ўзидан чеклаш лозим экан-да. Демократиянинг бешиги саналган Римдаки, шунақа қонун қабул қилинган экан, инсон нима яхши, нима ёмонлигини аниқ билмайди, чамаси.


Дуоларимиз ғалати: топган-тутганинг тўйга буюрсин!
Ҳеч ким айтмайдики, одам тўйлар ва маърака орасида ҳам яшаши керак-ку! Бечоранинг ўзигаям нимадир қолсин! Тўй қилиб, бировларга едириб юборавериб, ўзи ва бола чақаси бир умр бели букилиб хизмат қилиб юрмасин! Қисқагина умри давомида ҳеч бўлмаса тўрт-беш йил ўзи учун яшасин!

Йўқ, бунақа дейилмайди. Ишласин, топган-тутганига тўй қилсин!
Албатта, ҳақли эътироз пайдо бўлади: бизни ким мажбурлаяпти? Дабдабали тўй қилмасин! Чумчуққа ғоз бўлишни ким қўйибди?
Ҳамма гап шунда-да, ҳеч ким чумчуқлигини тан олгиси келмайди. Айниқса, бизда, ҳаммаси жамоада ҳал бўладиган, жамоа фикри ҳар недан улуғ саналган жамиятда гап-сўз билан, насиҳат билан бу сингари ор-номусга тегишли масалаларни ҳал қилиб бўлмайди.

Қўшни ёки таниш дабдабали тўй қилиб, сени бир поғона пастга тушириб қўйишга, ерга уришга ҳаракат қилаётган бўлса (балки бундай эмасдир, лекин бир кун, "сан-ман"га бориб қолганингда албатта камхарж тўй қилганингни юзингга солади, жуда бўлмаса бундан кейин менсимай қўяди) чидаб туриш мумкинми?

Тўйлар яхши, еб-ичиш, ўйин-кулги ундан-да яхши.
Бироқ, ҳозир очарчилик замони эмас, бақир-чақир қўшиқлар эса аллақачон кўпчиликнинг жонига тегиб бўлган. Тўйга бориш одамларга малол келиб ҳам қолди. Бироқ бормаса бўлмайди. Ўзи ҳам тўй қилади. Шунда "улар" ҳам келмаслиги мумкин!

Дабдабали тўйлар қилаётганнинг барчаси ҳам ошиб-тошиб ётгани йўқ, аслида. Лекин жамиятдаги ёзилмаган қонунларга бўйсунишга мажбурмиз, ахир шарқликлармиз. Шапалоқ билан бўлса ҳам юзни қизартириб юришимиз шарт.

Тўй — сиёсий-ижтимоий ҳодисага ва мажбуриятга айланди. Кимдир тўй қилишга мажбур, кимдир унга боришга! Шундай экан, бу иккала томонни ҳам уринтирадиган тадбир кимга керак?

Бизда ҳам дабдабага қарши қонун қабул қилинадиган вақт келди.

Эркин жамият, ҳамманинг ихтиёри ўзида, деб ўйлаш ноўрин. Бу аслида ҳамманинг дилидаги гап.

Шуниси борки, тилда, албатта, кўпчилик бунга қарши бўлади, давлатнинг қонунидан норози бўлгандай гап қилиши ҳам тайин. "Агар шу қонун бўлмаганда, фалондай тўй қиворардим", "фалон минг одам чақирмоқчи эдим", деганга ўхшаш бир нималар дейди. Лекин буям Афандининг ариқдан сакролмаганига ўхшаш бир гап-да. "Болалигимдаям гўр эмасдим" дейди-ку ўзига ўзи. Яъни асл ҳақиқатни фақат ўзи билади, ўзгалар учун эса бошқа гап қилади.

На илож, давлат фуқаросини нафақат жиноятчилар, ташқи душмандан, балки унинг ўзидан ҳам ҳимоялашига тўғри келади, чамаси.

Манба: sputniknews-uz.com

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Дабдабанинг дабдаласи: дабдабага қарши қонун қабул қилинадиган вақт келди