Бензин нархи нима учун кўтарилганининг асосий сабаби маълум қилинди

  • 15 декабрь 2017, 11:04
  • 3 922
  • Жамият
  • Бензин нархи нима учун кўтарилганининг асосий сабаби маълум қилинди
    2017 йил 14 декабрь куни соат 11-00да Халқаро Пресс-клубнинг “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши: тенденциялар, муаммолар ва истиқболлар” мавзусида навбатдаги анжумани бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев мамлакатда бензин ва умуман ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари нархи нима учун кўтарилгани, республиканинг бошқа ҳудудларида юзага келган тақчиллик сабабларини изоҳлади. Бу тўғрида Кун нашри ёзмоқда.

    Унинг айтишича, бензин, дизель каби нефть маҳсулотлари тақчиллигига шу соҳа корхоналарининг рағбатлантирилмагани, нархларнинг суъий равишда паст ушлаб турилгани, бунинг натижасида зарар миқдорини камайтириш мақсадида нефтни қайта ишловчи заводлар тўлиқ қувват билан ишламагани сабабдир.

    “Йиллар давомида нархни арзон ушлаб туриш кимга яхши, албатта истеъмолчига. Аммо корхона ташкилотларга бу зарар. Мисол учун, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни келтириш мумкин. Биз ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари бошқа давлатлардагига қараганда арзон, деб мақтаниб юрдик. Охир-оқибат нима бўлди? Яъни,Тошкент шаҳри бу маҳсулотлар билан таъминланди, аммо республиканинг бошқа ҳудудларида тақчиллик юзага келди. Бунга зарар миқдорини кўпайтирмаслик учун нефтни қайта ишловчи заводларнинг тўлиқ қувватда ишламаслиги сабаб бўлди”, – деди Мубин Мирзаев.

    Вазир биринчи ўринбосарининг сўзларига кўра, бензин ва дизель нархининг кўтарилиши нефтни қайта ишлаш заводларининг кам миқдорда бўлса-да фойда билан ишлашига имкон беради.
    “Мана яқинда, 15 ноябрда ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари нархини оширдик. Аммо бу нефтни қайташ ишловчи корхоналарнинг йиллик 5 фоиз фойда билан ишлаб, республиканинг барча ҳудудида ёқилғи-мойлаш маҳсулотларига бўлган талабни тўлиқ таъминлайди. Шу билан бирга, биз қўшни мамлакатларда бензин нархини солиштирдик. Қозоғистонда, нефть маҳсулотини кўп ишлаб чиқаргани билан 1 л бензин нархи бизнинг пулда 3800 сўм, Россияда 5400, Тожикистонда 6300 сўм. Шу каби маълумотларни таҳлил қилиб хулоса қилинганда, айтиш мумкинки, биз нархларни сунъий равишда паст ушлаб туриш оқибатида ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантирмай, муаммоларни, яъни шу маҳсулотга бўлган тақчилликни келтириб чиқардик”, – деди Мирзаев.

    Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, 2017 йил 15 ноябрдан аввал ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари нархлари оширилмасдан аввал, айрим ОАВда бензин тақчиллигига вилоятлардан келган айрим фуқароларнинг “олғирлик”лари сабаб бўлаётгани таъкидланган асоссиз ташвиқот ҳамда айблов хабарлари берилган эди.

    Мубин Мирзаев келгуси йилги режалар хусусида ҳам тўхтатилиб, бу борадаги ислоҳотлар давом эттирилишини билдирди.
    “Келгуси йилда биз мазкур ислоҳотларни давом эттирган ҳолда, тўғри нархлар юқорироқ бўлиши мумкин, аммо ўта қимматлашмаслиги учун Молия вазирлиги ҳузурида истеъмол нархларини барқарорлаштирувчи жамғарма туздик ва унга 2017 йилда 100 млн доллар миқдорида маблағлар шакллантирилди. Бу маблағлар, асосан зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари нархини меъёрида ушлаб туришга шакллантирилади. 2018 йилда эса, жамғарма маблағлари кўпайтирилади”, – деди вазир ўринбосари.

    Унинг таъкидлашича, 2018 йилда ҳам инфляция даражаси юқорироқ бўлади, бироқ айни ислоҳотлар амалга оширилмаса, 2019-2020 йилларда ҳам нархлар юқори бўлиб қолиши мумкин.
    “Шунга биноан аниқ режалар белгилаб олинган ва шу йўналишда иш олиб борилмоқда”, – дея таъкидлади Иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Бензин нархи нима учун кўтарилганининг асосий сабаби маълум қилинди