Декабрнинг илк ҳафтаси, кун жудаям совуқ эди. Самарқанднинг катта кўчаларидан биридаги бекатда хаёл билан автобус кутиб турган эдим. Шу пайт ЙПХ ходимининг ҳуштагидан хаёлларим чалғиди. «Damas» автомашинасини тўхтатган ходим ҳайдовчига ўзини таништириб, ундан ҳужжатларни тақдим этишини сўради.
Тахминан элликлардан ошган машина ҳайдовчиси автоуловидан тушиб ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этди ва «бир сафар кечиринг, командир», дея унинг ортидан эргашди.
«Қоидага барча бирдек амал қилиш лозим, отахон!», — дея баённома расмийлаштирган инспектор ҳайдовчининг сўзларини эътиборсиз қолдирди. Воқеа бекатга яқин жойда содир бўлганлиги боис мен уларнинг суҳбатларини эшитиб турардим.
Ҳа! Ҳақиқатан ҳам, йўл қоидасига амал қилиш лозим. Гарчи ёши улуғ отахонга раҳмим келган бўлса ҳам хаёлимдан ўтган фикр шу бўлди. Баённома расмийлаштирилди ва ҳайдовчи афсусланганича машинасига ўтириб, йўлида давом этди. Афсусланишга ҳожат йўқ эди. Аслида ҳам шундай, қонун-қоида барча учун баб-баробар. Чунки машина бошқараётган ҳар қандай шахс у, аввало, ҳайдовчи, шуни ёддан чиқармаслик керак.
Совуқ шамол кучайгандан кучаяр эди. Мен-ку, автобусим келса — тезроқ миниб, манзилимга етиб бораман. Лекин ЙПХ ходими кун бўйи йўлда туриб қоидабузарларни ушлаш билан овора бўлади. Ўз касбининг фидойиси шундай бўлиши керак, деб ўйлаб қўяман ичимда.
Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас яна бир қоидабузар тўхтатилди. Бу гал «Lacetti» бехосдан адашиб қизил чироқдан ўтиб кетган эди. Инспектор расамадини келтирганча, ўзини таништириб, ҳайдовчидан ҳужжатларни сўради. Тахминан 25 ёшлардаги ҳайдовчи бамайлихотир ҳужжатларни тақдим қилди, машинадан тушди ва қўлидаги уяли телефонини қулоғига қўйиб «нажот фаришта»сига сим қоқди ҳамда унга вазиятни тушунтирди-да, телефонини инспекторга узатди.
Авалига инспектор телефондаги «халоскор» билан гаплашишга унамади ва баённома расмийлаштириш мақсадида қоғоз-қаламини шайлади. Бироқ ҳайдовчи бўш келмади, у бор кучи билан курашди. ЙПХ ходими гапга унамаётгани телефонда «халоскор»га етиб борди шекилли, орадан кўп ўтмай ЙПХ хизмат машинаси келиб тўхтади ва йўлда турган инспекторга «ҳайдовчининг ҳужжатларини бериб юбор», деб буюрди ва ҳалиги ҳайдовчини чақириб унинг қўл телефони орқали ўша сирли шахс билан илиқ суҳбатлашди. Шундан сўнг машинасини ғизиллатганича жўнаб қолди.
Қоидабузар ва инспектор худди қалин дўстлардек кулиб гаплашиб машина томон юриб кетишди. Йўл-йўлакай ҳайдовчининг сахийлиги тутиб кетдими чўнтагидан сигарет чиқариб инспекторга узатди ва у билан қуюқ хайрлашганича машинасига ўтириб йўлида давом этди. Чўнтагидан ёндиргич олиб қўлидаги сигаретани тутатган инспектор уни чуқур-чуқур тортди.
Инспектор қўлидаги сигаретини чекиб бўлар-бўлмас рациядан хабар келди. Бундан олдинги кўчада қоида бузган, хорижда ишлаб чиқарилган автомашина дарҳол тўхтатилди. Мен азбаройи қизиққанимдан эмас, балки кутаётган автобусим келмаётганлиги боис ушбу ҳолатнинг ҳам беихтиёр гувоҳига айландим.
Машинани бошқараётган ёшгина йигитча автомобилни четга олиб, дарҳол уловидан тушди ва инспектор ҳали ўзини танитишга улгурмасиданоқ, унинг қўлига уяли телефонини тутқазди. Мен ҳайдовчининг чаққонлигига ҳайрон қолдим. Телефонда ким билан гаплашди билмадим-у, лекин инспекторнинг бугун омади келмаётганлиги аниқ эди. Яна юқоридаги каби ҳолат. Ҳайдовчи «раҳмат, командир», дея миннатдорчилик билдириб, машинасига ўтириб кетди. Инспектор қўлидаги жезлини ўйнатиб, ҳуштагини чўнтагига солиб қўйди.
«Халоскор»ларнинг қудратини қаранг. Ким ўзи улар?! Наҳотки хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ ходими телефон орқали кимларнингдир дағдағаси ёки илтимосини бажарса?! Ундай бўлса юқоридаги «Damas» ҳайдовчиси қанча ялинди, ялинганда ҳам оғзаки мурожаат билан ялинди, ҳеч кимга қўнғироқ қилмади. Наҳот ўша отахоннинг илтимосли илтижоси инобатга олинмаса? Дарвоқе, унинг уяли телефони бўлса ҳам, «нажоткор»и бўлмаганлиги рост.
Хўш, шундай экан, боя юқорида таъкидлаганим, қонун-қоида барчага бирдек баробар деган сўзларим, инспекторнинг «қоидага барча бирдек амал қилиш лозим, отахон», — деган гаплари қаерда қолди? Айбни кимдан излаймиз энди, бош қотади. Ҳа, майли, совуқда матонат билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаб турувчи ЙПХ ходимида айб йўқ! Ҳамма айб «ТЕЛЕФОНдаги нажот фаришталари»да!
Давронбек Жамолов,
журналист.
журналист.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди