Азал-азалдан шарқона менталитетимизга, ўзбекона иффатимизга, ор-номусимизга бутун дунё ҳавас қилиб келган. Биз, аслида, оммавий маданият аталмиш жаҳолат тузоғига илинган ва ўзлигини йўқотиб бораётган Европадан маданиятимиз, маънавиятимиз билан фарқ қиламиз. Аммо, таассуфки, бугунги кунда жамиятимизда шундай қусурлар пайдо бўлмоқдаки, уни қандай ҳазм қилишни билмаймиз. Биз бугун мулоҳаза юритмоқчи бўлган мавзу ҳам ана шундай иллатлардан бири — айни дамда, минг афсуслар бўлсинки, тобора урчиб бораётган нуқсон ҳақида.
“Овга чиққан” жувонлар
— Гапни нимадан бошлашни ҳам билмайман, — дея кўнглини ёрди суҳбатдошларимиздан бири, — акам анча пайтдан бери ўзгариб қолган. Шу пайтгача олий ўқув юртига кираман, деб тайёргарлик кўриб юрарди. Бироқ кейин ўзгарди, телефондан бўшамади. Дастлаб унинг ҳолатига эътибор бермадик, аммо бир-икки ҳафта уйга кеч келганидан кейин ташвишга тушдик. Сабабини сўраганимизда лом-мим демади. Кейин билсак, у оилали аёлга илакишиб қолган экан. Аввал тан олмади, аммо дадам акамнинг телефонини тортиб олиб, ижтимоий тармоқлардаги саҳифасию СМСларини кўрсатгач, тан олишдан бошқа иложи қолмади. “У аёлни яхши кўраман, унга уйланмоқчиман!” деди отамнинг кўзига қараёлмай. Очиғи, унинг бу гапидан карахт аҳволда эдик. Ўша аёлни яхшилаб суриштирсак, эри билан ажрашган, икки нафар фарзанди бор жувон экан.
Акам у билан интернетда танишибди. Ҳозиргача акамни у аёлдан қандай ажратишни билмаяпмиз. Тавба, у аёл акамни қандай қилиб ўзига бунчалик боғлаб олди экан-а? Аслида, бизни айнан шу мавзуда фикрлашга мажбур қилган нарса ҳам ана шу воқеа бўлди. Беихтиёр суҳбатдошимизнинг моддий аҳволи билан қизиқдик. Ота-онаси бадавлат, шахсий дўконлари бор экан, акаси эса машинада юраркан. Хуллас, доим ёнида пул. Бироқ икки болали жувон ҳақида ҳеч нарса билмаганимиз сабабли бу воқеада йигитни ёки жувонни айблаш борасида якдил хулоса чиқара олмадик. Аммо бир нарса аниқки, йигитда ҳам, жувонда ҳам айб бор. Хўп, йигит ҳали қизиққон, ҳар нарсага ўч бўлган ёшда ҳам дейлик, лекин нариги жувонни нима жин урди? Ахир у икки нафар фарзанднинг онаси, озми-кўпми ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган бўлса? Нега бу йўлга кирди? Пул учунми? Хўп, ёшгина йигитнинг умрини, вақтини хазон қилиб топган пули яхши кунига ярармикин? Болаларига юқармикин бу пуллари? Қолаверса, аёллик шаъни, иффати қаерда қолди?
Асосий хавф макони — интернет
Албатта, бу борадаги асосий хавф макони интернет ҳисобланади. Бугунги кунда ёшларимиз ҳар қандай ахлоқсизлик, ҳар қандай иллат билан интернет орқали юзлашишмоқда. Дастлаб шунчаки танишганлар ўртасидаги муносабат кейинчалик чуқурлашмоқда, бора-бора ҳаё, иффат пардалари ечилиб, инсонийлик жиҳатлари йўқолмоқда, тубанлашишмоқда. Оқибатда инсонийлик хислатлари, йигитлик ғурурию қизлик иффати тупроққа қоришмоқда. Таассуфки, ижтимоий тармоқларда йигитларни йўлдан уришга чоғланган жувонларни-да учратиш мумкин, уларнинг орасида ажрашганлари ҳам, оилалилари ҳам бор.
Зулфизар ИСОҚОВА, ўқитувчи: — Албатта, бундай иллатлар интернетда анчагина кўп. Ҳозир “одноклассники”, “телеграмм”, “инстаграмм”, “маил.ру агент” каби тармоқлар борки, бу тармоқларда қисман ахлоқсизлик муҳити ҳукмронлик қилади. Ана шу муҳитнинг қурбони эса аксарият ҳолларда ёш йигитлар бўлишади. Айниқса, “телеграмм” ва “одноклассники” охирги пайтларда шунчалик хавфли бўлиб қолдики, дарс пайтида йигитларимизни зўрға бу ижтимоий тармоқлар домидан чиқариб оляпмиз. Ҳатто бир-икки марта айрим ўқувчиларимнинг дарс пайтида ёзишиб ўтирганларини кўрганман. Ҳайронман, ёшларимизни бу балолардан қандай халос қилсак бўлади?
Ҳа, ҳозирда интернет тармоғи орқали бир-бирини тузоғига илинтираётганлар ва бир-бирининг ҳаёти, номуси билан ўйнашаётганлар талайгина. Уларнинг орасида биз тилга олган жиҳат — бўйдоқ йигит ва жувонлар ўртасидаги ахлоқсиз муносабатларни ҳам учратиш мумкин. Тўғри, қарс икки қўлдан чиқади, аммо, масалан, ўн саккиз-ўн тўққиз яшар йигит билан йигирма тўққиз-ўттиз яшар жувоннинг ўртасида фарқ бор. Юқорида таъкидлаганимиздек, бири ҳаётнинг қийин синовлари билан юзлашган ва ўтиш даврида бўлган йигит, иккинчиси эса ҳаёт машаққатларидан дастлабки хулосаларини чиқариб олган жувон.
Биринчиси нима яхшию, нима ёмонлигини унчалик ҳис қилиб улгурмаган, иккинчиси эса бу йўлларни озми-кўпми босиб ўтган. Хўш, уларнинг ўртасидаги ақл бовар қилмайдиган, ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмайдиган “муносабат”ни қандай изоҳласа бўлади? Йигитнинг ота-онаси унга етарлича тарбия бериб, оқ-қорани танитиб улгурмаган, шу боис у усти ялтироқ нарсани яхши деб биладиган ҳолатда, жувон эса… Бундан унинг мақсади битта бўлиши мумкин — моддий манфаат. Бу эса ўта фожиали ҳолат.
Инсонийлик хислатларининг моддият йўлида қурбон бўлиши фожиавий ҳолатдан ўзга нарса эмас. Энг ёмони, ҳаётнинг энг ширин лаҳзаларини ҳали татиб кўрмаган, никоҳ, оила аталмиш муқаддас ришталар билан боғланиб, куёв, ота бўлиш бахти остонасида турган, бунга ҳақли бўлган йигитнинг оила кўрган жувонга илакишиб, чиркин ҳирс, нафс ботқоғига ботиши бир умрнинг хазон бўлиши эмасми?
Шоира аёлнинг “севги изҳори”
— Ўтган йили бир таксига ўтирдим, — дея бошидан ўтган воқеани гапириб берди яна бир суҳбатдошимиз, — машинани аёл киши ҳайдаб кетаётган экан. У ёқ-бу ёқдан гаплашдик. Чиройликкина, кўҳликкина экан. Йўл-йўлакай унга кўпинча ишим юзасидан таксида юришимни айтганимда телефон рақамимни олиб қолди. Табиийки, у билан яна кўп бора учрашдик. Бозорда савдо қиламан, шунинг учун деярли ҳар куни у мени уйимдан бозорга олиб бориб қўяр, мен эса у сўраган пулни тортишмасдан берардим. Бора-бора у дўстлик чегарасини бузиб ўтди. Ўша пайтда менга ҳам бу ҳолат ёқиб тушгандек бўлди. Аммо унинг асл нияти нима эканлигини билгач… Буни ўзи тан олди. Менга уни пул билан таъминлаб туришимни, эвазига нимани хоҳласам, бажаришини айтди. Шундагина ундан осонликча қутула олмаслигимни англаб етдим. Бироқ ҳозир алоқаларимни буткул узганман. Лекин бунгача анча нарсамдан айрилишимга тўғри келган. Дарҳақиқат, бундай ахлоқсиз муносабатларнинг якуни яхшиликка олиб келмайди. Кулфат, балои офат келтиради. Ахир зинонинг оқибати бошқа нима ҳам бўлиши мумкин?
Ҳирс, нафс ботқоғига ботиб, ўткинчи ҳузур-ҳаловат йўлида ақл кўзини кўр қилиб қўйган инсонларнинг охирида пушаймон еб қолиши кундек равшан-ку! Наҳотки пул, моддият жамиятимизда шунчалик катта ўрин тутаётган бўлса? Наҳотки пул ўта муқаддас неъматлардан ҳам воз кечишга арзийдиган буюмга айланган бўлса? Ахир ота-боболаримизнинг “Пул қўлнинг кири”, “Моддиятга қул бўлиш инсонни жаҳолатга етаклайди” каби пурмаъно гаплари, ўгитлари қаерда қолди? Бугун енгилтаклик билан йигитларни йўлдан уриб, шунинг эвазига шоҳона яшаш илинжида юрган аёлдан тарбия кўрган фарзанднинг келажагини бир тасаввур қилиб кўринг-а!
Фазлиддин СОБИРЖОНОВ, дизайнер: — Фейсбукка деярли ҳар куни кираман. Илгари бир шоира аёлнинг шеърларини жуда кўп ўқирдим, яхши шеър ёзарди. Ўзи билан шахсан таниш бўлмасам-да, лекин кимлигини, ёшини, қаерда ишлашини билардим. Мендан анча катта эди. Кунларнинг бирида ундан “Яхши йигит, танишсак бўладими?” деган СМС келди. Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин таваккал қилиб, “Майли, опажон”, деб жавоб ёздим. Шунда у “Вой, опажон деманг, ёшим катта кўрингани билан ҳали кўп йигитларни куйдирадиган ёшдаман”, деб жавоб қайтарди. Ҳайратим икки ҳисса ортди. “Наҳотки?” дегандим, “Ҳа, ишонмасангиз, исботлашим мумкин”, дея жавоб берди. Очиғи, мен бу аёлни шундай шармсиз гапларни ёзишга қодир, деб ҳисобламасдим. “Телефон рақамингизни беринг, қаерда ишлайсиз?” деб ёзди яна у. Сўнг мени ёқтириб қолганини ҳам қистириб ўтди. Шунда мен унга ўзи ишлайдиган бинодаги ташкилотлардан бирида дизайнер эканимни, уни яхши танишимни айтиб, тўлиқ исм-фамилиямни ва иш жойимни ёзиб юбордим. Шундан кейин у менга қайтиб СМС ёзмади.
Бу воқеани эшитиб, беихтиёр савол туғилди, хўш, агар суҳбатдошимиз шоира аёлга мутлақо нотаниш инсон бўлганида, уни умуман танимаганида воқеалар ривожи қандай тус оларди? Шоира опамиз яна қандай ҳунарлар кўрсатарди? Очиғи, бу ҳақда ўйлашга ҳам ҳазар қилади киши.
Бу йўлдан вақтида қайтайлик
Хулоса ўрнида қуйидаги ривоятни келтириб ўтмоқчимиз.Бир киши йўлда кетаётиб, қудуқ ёнида турган аёлга дуч келди. Киши унга яқинлашди. Аёл қўрқиб кетди. Шунда эркак: “Қўрқма! Сендан бир нарсани сўрамоқчиман. Аёл макри нима?” деди. Аёл бироз ўйланиб турди-да, кейин дод солиб йиғлай бошлади. Унинг овозини бутун қишлоқ эшитди. Эркак қўрқа-писа аёлдан нега бундай қилганини сўради. Аёл: “Овозимни қишлоқ аҳли эшитиб, бу ерга келишсин ва сени ўлдиришсин деб шундай қилдим”, деди. Эркак: “Сендан макр ҳақида сўрадим, холос-ку! Ёмон ниятда бирор гап айтдимми?” деди. Шунда аёл ўрнидан турди-да, бир челак сувни ўз устидан қуйди. Эркак унинг бу ишидан ажабланди. Ундан нега бундай қилганини сўради. Аёл энди гапирмоқчи эди, қишлоқ аҳли келиб қолди. Эркак улардан қўрқиб, “Булар ҳозир мени ўлдиришса керак”, деб ўйлади. Аёл қишлоқ аҳлига: “Сув олмоқчи бўлиб қудуққа энгашган эдим, бехосдан унга тушиб кетдим. Бу одам мени қутқарди”, дея жавоб қайтарди. Одамлар бояги кишига ташаккур айтиб, унга кўп совға-саломлар инъом этдилар. Эркак аёлдан нега шундай қилганини сўради. Аёл: “Аёл макри мана шунақа бўлади. Агар унга озор берсанг, сени ўлдиради. Агар у рози бўлса, сени бахтли қилади”, деб жавоб берди.
Мазкур ривоятдан шундай хулоса қилиш мумкинки, қизлару жувонларимиз ўз макру чиройларидан эзгулик йўлида фойдаланишсин. Йигитларимиз эса ўткинчи ҳавасларга берилмасдан, ўзларига тўғри йўл танлай олишсин. Ана шунда жамиятимизнинг маънавий устунига дарз кетмайди. Ана шунда ёш умрлар хазон, иффату номуслар эса оёқости бўлмайди.
Низомжон ИСЛОМОВ
Манба: ЎМИ расмий сайти “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Родри "Олтин тўп" учун сўровномада кимга овоз бергани маълум бўлди