09:04 / 29.12.2017
5 157

Сергелидаги янги уйларни топширишда қонунбузарликлар аниқланди

Сергелидаги янги уйларни топширишда қонунбузарликлар аниқланди
Сергелидаги кам таъминланган оилалар учун мўлжалланган кўп қаватли арзон уйларни тақсимлашда қонунбузарликлар аниқланган. Тошкент шаҳар прокуратураси расмий вакили Бобир Деҳқонов Ички ишлар бош бошқармасида бўлиб ўтган матбуот брифингида KUN.UZ мухбири сўровига шундай жавоб берди.

“Тошкент шаҳар прокуратураси органлари томонидан Сергели туманида кам таъминланган оилаларга янги қурилган хонадонларни топширишнинг ноқонунийлигини хусусидаги фактларни ўрганди. Мазкур жараён кенг қамровли бўлиб, кўп мутахассислар, малакали ходимлар жалб қилинди ва атрофлича ўрганилди. Ўрганиш вақтида қатор қонунбузарликлар аниқланди.

Жумладан уй-жойга муҳтож бўлмаган оилаларга уй-жойлар берилгани, комиссия ҳужжатларини сохталаштириш, кадастр хизматлари томонидан сохта ҳужжатлар тақдим қилиш, ёш оилалардан муҳтож бўлмаганларга уй ажратиш ҳолатларига дуч келинган. Шунингдек, жуда кўплаб фуқаролар ҳокимият идораларига мурожаат қилишган уй-жой масаласида. Уларнинг барчаси прокуратура идоралари томонидан ўрганиб чиқилди. Мазкур мурожаатларни кўриб чиқишда ҳам ҳокимият идоралари фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик меъёрларини бузганлиги аниқланди.

Ушбу уй-жойларни бериш тартиб қоидалари бўйича, махсус комиссия мурожаат қилувчининг аризасини ўрганади, ана шу тартиблар ҳам бузилгани маълум бўлди. Уй-жойларни етарли асосларсиз фуқароларга бериш ҳолатлари аниқланди. Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзлари ҳам ҳужжатларни топширишда иш жойи, маошига доир маълумотларни сохталаштирганлиги юзага чиққан.

Юқоридагиларнинг барчаси билан боғлиқ ҳолатлар чуқур таҳлил қилиниб, 11 та жиноий иш қўзғатилди. Айни ушбу ишлар бўйича прокуратура органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси (хизмат мансабини суиистеъмол қилиш), 207-моддаси (хизмат вазифасига совуққонлик билан қараш), 209-моддаси (хизмат сохтакорлиги) ва 144-моддаси (юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини қабул қилишда қонун талабларининг бузилиши ҳолатлари) бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда”, - деди Бобир Деҳқонов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сергелидаги янги уйларни топширишда қонунбузарликлар аниқланди