12:05 / 15.01.2018
8 341

Ислом Каримов ҳазили: “Ўзбекистонни харитадан топиш қийин эмас, чунки..."

Ислом Каримов ҳазили: “Ўзбекистонни харитадан топиш қийин эмас, чунки..."
2016 йилнинг 2 сентябрь. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг оғир хасталик сабаб туйқусдан вафот этиши, халқни чуқур қайғуга солди. Мамлакат 25 йиллик йўлбошичисидан айрилди. Ўзбекистон Республикасини мустақилликка олиб чиққан Биринчи Президентимиз Ислом Каримовга Истиқлолнинг 25 йиллик тўйини камол топган ўғил-қизлари, унга елкадош бўлишга ҳозир бўлган халқи билан нишонлаш насиб этмади.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳаёт бўлганида қутлуғ 80 ёшни қаршилаётган бўларди.

Президентнинг шахсий шифокори, Тошкент тиббиёт академияси анестезиология ва реаниматология кафедраси профессори, Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув маркази директори Вячеслав Аваков ЎзА мухбирига Ислом Каримов ҳақидаги хотираларини бўлишди.

“Йигирма беш йил давомида Ислом Каримовдай буюк инсоннинг ёнида ишлаш бахтига муяссар бўлганимдан хурсандман. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов билан 1991 йилнинг охири 1992 йилнинг бошларидан таниш бўлганман. Ўшанда соғлиқни сақлаш вазири томонидан Президентнинг тиббиёт хизматини ташкил этиш мақсадида жалб этилган эдим. У пайтлар бу хизмат мавжуд бўлмаган. Ҳатто, Президент шамоллаб қолганида ҳам атрофида унга қарайдиган мутахассис йўқ эди. Президентнинг бир дақиқа ҳам, бир сония ҳам ёнида тиббиёт ходимисиз бўлмаслигини таъминлашга ҳаракат қилардим. Шундай хизмат ташкил этиш зарур эдики, куну тун, уйда ҳам, ишда ҳам, ҳатто йўлда ҳам Президент ва оиласи, унинг ёнидаги ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш зарур эди. Шифокорлар Президентнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна ва бошқа оила аъзолари иштирокида танлаб олинарди. Биз ана шундай тиббиёт хизматини ташкил этдик.

Албатта, Президент тиббиёт хизматига кўп ҳолларда унинг ўзи эмас, балки атрофдагилар мурожаат қиларди. Чунки Ислом Каримов жуда бақувват ва соғлом инсон эди”.

Вячеслав Аваков сўзида давом этар экан, Ислом Каримов, ҳатто хорижий сафарларга борганида ҳам дам олиш учун вақт ажратмаганига тўхталди.

“Президентимиз ўзига масъулиятни кўп оларди, тинимсиз хорижий сафарларда бўлар ва мамлакатимизни халқаро ҳамжамиятга таништиришга интиларди. Бу эса жуда машаққатли иш бўлиб, Ислом Абдуғаниевич эса бу ишни янада мураккаблаштирар эди. Масалан, қайсидир хорижий давлатга ташрифга доир протоколда бу ташриф уч кунга мўлжалланган бўлса, Ислом Каримов уни максимал даражада қисқартирар, расмий учрашувлар орасидаги танаффусларни деярли ўчириб ташлар эди. У кишининг дам олиши зарурлиги ҳақидаги гапларимизни кескин рад этарди.

У киши ўзини аямас эди. Чунки у пайтлар давр мураккаб эди. Мустақил Ўзбекистон энди ўзини тиклаётган, дунё миқёсида тан олинишига ҳаракат қилаётган давлат эди. Халқаро жамоатчилик Афғонистон, Покистонни билишини, лекин Ўзбекистон ҳақида эшитмаганини айтишар, Президент эса Ўзбекистон – мустақил, катта салоҳиятга эга давлатлигини таъкидлашдан чарчамасди. Тез-тез хорижга сафар уюштирарди.

Эсимда, қайсидир йили адашмасам Голландияга борган эдик. Маҳаллий тадбиркорлар билан учрашувда Ислом Каримов Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ҳақида жуда тўлқинланиб гапириб, инвесторларни жалб этишга ҳаракат қилди. Унинг нутқи барчада катта таассурот қолдирди. Ўша пайт бир тадбиркор келиб, “Сиз билан учрашишдан олдин харитадан Ўзбекистонни узоқ қидирдим, лекин тополмадим” деганда, Президентимиз “Ўзбекистонни харитада топиш қийин эмас, чунки унинг майдони тўртта-бешта Голландиянинг майдони билан баробардир” дея ҳазил мутойиба билан оқилона жавоб қилган эди. Бугун Ўзбекистонни дунё танийди. Буларнинг барчасида Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хизмати катта, деб биламан”.

Манбa: qalampir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ислом Каримов ҳазили: “Ўзбекистонни харитадан топиш қийин эмас, чунки..."