
Қозоғистоннинг Ақтўбе областида автобус ёниб кетиши оқибатида ҳалок бўлган 52 нафар ўзбекистонликнинг жасадини олиб учган махсус самолёт 19 январь, соат 22:30 да Тошкентга қўнди. «Kun.uz» манбасининг тасдиқлашича, ДНК-экспертиза ишлари Тошкентда давом эттирилади.
18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида, «Чимкент — Самара» йўлининг 1068-километрида Қозоғистон жанубидан Россиянинг Қозон шаҳрига кетаётган йўловчи автобуси ҳаракат давомида ёниб кетди. Ёнғин бошланган вақтда автобусда 57 киши бўлган. Уларнинг 54 нафари Ўзбекистон фуқароси эди. Фожиадан фақат 5 киши омон қолди, шундан 2 киши ўзбекистонлик.
Ушбу ҳодиса муносабати билан 18 январь куни Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ҳукумат комиссиялари тузилди. Бош вазир Абдулла Арипов раҳбар этиб белгиланган Ўзбекистондаги махсус комиссияга авария натижасида жабрланган ва ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларини Ватанга етказиш билан боғлиқ ташкилий ишларни ҳал этиш вазифаси топширилганди.
Дастлабки текширувлардан кейин марҳумларнинг 32 нафарининг шахси аниқлаштирилди. Энди қолган жасадларнинг шахси Тошкентда ДНК-экспертиза орқали аниқлаштирилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар