18:05 / 24.01.2018
6 173

«Прописка» очилса, Тошкентдаги уй-жойлар нархи ошиб кетадими?

«Прописка» очилса, Тошкентдаги уй-жойлар нархи ошиб кетадими?
Ҳар бир танганинг икки томони бўлади. Давлат дастурида Тошкент шаҳридан кўчмас мулк сотиб олиш бўйича бошқа вилоят аҳлига қўйилган чекловлар бекор қилиниши ортидан кўплаб фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилди, ижтимоий тармоқларда бу мавзу кенг муҳокама қилинмоқда.

Уларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз. Баъзи тошкентликлар ёки пойтахт пропискасига эгалар «Энди Тошканни вилоятликлар босиб кетади» деган ҳақоратомуз постлар ҳам қолдирдиларки, уларга ниманидир тушунтириш қийин. Аммо бир жиҳатни ҳисобга олиш лозим – дунёнинг барча мамлакатларида юқори натижаларга эришмоқчи бўлган инсонлар марказга интилишади ва ўз салоҳиятларини намойиш этишга уринишади. Ўз-ўзидан пойтахтлар ёки йирик шаҳарларда рақобат кучаяди, фақат кучлиларгина яшаб қола олади. Ҳозирги кунда ҳам халқимиз орасида «Тош шаҳарнинг нони қаттиқ» деган ҳазиломуз гап юради. Бу пойтахтимизда яшаш учун шунчаки ҳаваснинг ўзи камлик қилишини англатади. Бир давлат фуқароларини тоифаларга ажратувчи прописка тизими эса меҳнат бозорида ҳам, умуман ҳаётда ҳам нотенглик муҳитини яратганди. Шукурки, бу муаммога ҳам барҳам берилмоқда.

Шу ўринда савол туғилади – прописка очилса, Тошкентдаги кўчмас мулк нархи ошиб кетадими? Биз мавзуга ойдинлик киритишга уриндик ва шу савол билан соҳа мутахассисларига мурожаат қилдик.

Камолиддин Эгамов, иқтисодчи, кўчмас мулк билан шуғулланади:
— Нархлар кескин ошиб кетади деб ўйламайман. Бунинг бир неча сабаби бор. Аввало шуни унутмайликки, кимга Тошкент шаҳридан тураржой керак бўлган бўлса, шу пайтга қадар ҳам олиб келган. Фақат кимнингдир номига. Бу албатта ноқулайчиликлар туғдирган, лекин иложсизлик одамларни шундай йўл тутишга мажбур қилганди. Иккинчидан, пойтахтдаги нарх-наво шундоқ ҳам бошқа вилоятлардагига нисбатан қиммат, унинг давлатнинг иқтисодий ўсишисиз, харидорлар имконияти кенгаймасдан ўз-ўзидан янада ошиши имконсиз. Ва ниҳоят учинчидан, жуда кўп янги уй-жойлар қурилмоқда, фойдаланишга топширилмоқда. Бу омил ҳам бозордаги тебранишларнинг олдини олади. Албатта, дастлаб спекулятив ошиш бўлиши мумкин, аммо тез орада ҳаммаси изига тушади. Ҳозирги нархнинг ўзи ҳам қиммат.

Олмос Абдуллаев, кўчмас мулк брокери:
— Нарх ошиш-ошмаслиги бўйича тахминлар одатда хато чиқади. Нарх ошмаслиги мумкин, лекин нотариал идоралардаги олди-сотди шартномалари кескин ошиши, катта навбатлар ҳосил бўлиши табиий. Энди бевосита саволга келсак – айнан прописка омили пойтахтдаги нархларга кескин таъсир қилади деб ўйламайман. Бирламчи бозорда янги қурилган уйлардан прописка олиш имконияти билан уйлар сотила бошланганда ҳамма янги уйлар нархи ошиб, иккиламчи бозор нархи тушиб кетишини тахмин қилганди. Амалда ундай бўлмади. У усул билан жуда камчилик пропискага кирди. Аммо келажакда Тошкент ривожалана бораркан, нарх-наво ҳам шунга яраша ошиб боришини тахмин қилиш мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Прописка» очилса, Тошкентдаги уй-жойлар нархи ошиб кетадими?