11:45 / 09.02.2018
5 180

Бодомзордаги ЙТҲда айбланаётган ҳайдовчи қўлга олинди. Воқеа қандай бўлган эди?

Бодомзордаги ЙТҲда айбланаётган ҳайдовчи қўлга олинди. Воқеа қандай бўлган эди?
“Qalampir.uz” интернет нашри орқали бир неча бор 2016 йилнинг 22 март куни соат тахминан 7:45 да Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Бодомзор кўчасида содир бўлган ЙТҲ ҳақида мақолалар, суриштирувлар эълон қилинган эди. Ёдингизда бўлса, Captiva автомобили маҳалла кўчаларида катта тезликда ҳаракатланиб, ҳовлилар эшиги олдида қолдирилган Cobalt ва Spark автомобилларига жиддий зарар етказган эди. Бу ҳам етмагандек, ҳайдовчи йўл бўйида кетаётган 1977 йилда туғилган Насиба Қосимовани уриб юборади. Қаттиқ зарбдан Насиба Қосимова 15 метр нарига бориб тушади. Олган оғир жароҳатлари сабаб уч нафар фарзанднинг онаси Насиба Қосимова 26 март куни оламдан кўз юмади.

Номард ҳайдовчи ва унинг ёнида бўлганлар воқеа жойини тарк этади.

Ўшанда автомобиль ичидан Тошкент банк коллежи ўқувчиси Сотволдиева Мадинанинг ўқувчилик гувоҳномаси ва унга оид бошқа буюмлар топилади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан 1998 йилда туғилган Асқаров Маҳмудтўра Алишер ўғлига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми, “б” банди, 117-моддаси 2-қисми, 266-моддаси 2-қисми билан айблов эълон қилинади ва “Муносиб хулқ атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” эҳтиёт чораси танланиб, қидирув эълон қилинган.

2017 йилнинг 1 март куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тергов бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Пўлатов ушбу ҳолат бўйича ЙТҲ айбдорига нисбатан сиртдан айблов эълон қилингани, жиноятчи қидирувга берилгани ва орадан вақт ўтгач, жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилгани, айблов эълон қилинган шахсни ушлаш чоралари кўрилаётганини “Qalampir.uz”га маълум қилган эди.

Ҳаммаси қандай бўлган эди?

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан тўпланган тергов материалларида шундай дейилади:

Воқеалар бироз чалкаш ёки терговда айнан шундай чалкашлик айбловдан сақлаб қолади, деган мақсадда бу йўл танланган кўринади. Хуллас тергов материалларида маълум қилинишича, давлат рақами 01 549 HDA бўлган Captiva автомобили “NEW MAX BUSINESS” МЧЖдан Нодирхўжа Раҳимович Ғаниев томонидан ижара шартномаси орқали ижарага олинган. Нодирхўжа Ғаниевнинг бўлган воқеалардан хабари йўқ, аксинча, у уйига кириб кетган маҳал унинг таниши Маҳмудтўра Асқаров автомобиль ичида бўлган ва машинанинг қаровсиз қолдирилганидан фойдаланиб, уни олиб қочган. (!) Айни вақтда Маҳмудтўра Асқаровнинг на бошқарув ҳуқуқи ва на ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган.

Ҳайдовчи Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Бодомзор 8-тор кўчаси бўйлаб Амир Темур томонидан Бодомзор йўли кўчаси томонга юриб, Бодомзор 8-тор кўча ва Бодомзор йўли кўчаларида Йўл ҳаракат қоидаларининг (эски таҳрирдаги) 3,5-банди 4-қисми, 12,1 банди 3-қисми ва 15,9-банди талабларини бузиб, Бодомзор йўли кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Cobalt автомобилининг олд қисми билан тўқнашган. Катта тезлик ва тўқнашув оқибатида руль бошқрувини йўқотган ҳайдовчи Маҳмудтўра Асқаров 106-уй қаршисидаги турган Spark автомобилини бориб урган. Сўнг ўша мудҳиш ҳодиса рўй берди: ҳайдовчи икки автомобилни шикастлаб бўлгач, пиёдалар йўлагида кетаётган Насиба Қосимовани уриб юборади.

На ҳайдовчи ва на автомобиль ичида бўлганлар аёлга биринчи ёрдам кўрсатади. Уларнинг шоша-пиша жуфтакни ростлаётганини, ортидан эса ЙПХ ходимлари қувиб келганини, улар ҳам ишни бўйнидан соқит қилиш учун бошқа кўча бўйлаб ҳаракатда давом этганини кўрганлар бор. Бунга эса бироздан кейин тўхталамиз.

Тез ёрдам етиб келгач, Насиба Қосимова 7-сонли шаҳар клиник шифохонасининг Жонлантириш бўлимига олиб кетилади. Унинг саломатлигида ўнгланиш бўлавермаганидан кейин оила аъзоларининг розилиги билан Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг Жонлантириш бўлимига ётқизилади.

2016 йилнинг 24 март куни “Qalampir.uz” Насиба Қосимованинг аҳволини билиш мақсадида шифохона билан боғланган эди. Ўшанда биз билан мулоқотда бўлган навбатчи шифокор Насиба Қосимованинг ҳолати “ўта оғир” деб баҳоланганини маълум қилганди.

2016 йилнинг 26 март куни Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг Жонлантириш бўлимида ётган Насиба Қосимова олинган оғир тан жароҳатлари сабаб вафот этади.

Воқеа иштирокчиси бўлган Маҳмудтўра Асқаров ўша вақтларда ҳам, ундан кейин ҳам Ўзбекистонда бўлган. Ҳолбуки, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан ОАВга ҳайдовчи Дубайга қочиб кетгани иддао қилинган эди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг ушбу иш юзасидан олиб борган расмий ҳужжатларида Маҳмудтўра Асқаров бошқа жиноятда ҳам айбланаётгани ёзилган. Асқаров жиноий шериклари – 1999 йилда туғилган Тошмуҳаммедов Дониёр Олимжон ўғли, 1998 йилда туғилган Абдуманнапов Илҳомжон Абдуқодир ўғли, 1998 йилда туғилган Аширова Муниса Тоҳир қизи, 1999 йилда туғилган, вояга етмаган Аширова Мафтуна Тоҳир қизи билан олдиндан бир гуруҳга бирлашиб, 2017 йилнинг 17 май кунидан 18 майга ўтар кечаси, соат тахминан 01:00 да Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 8-мавзеда “Сезам” кафеси қаршисидаги 29-сонли кўп қаватли уйнинг ёнидан ўтиб кетаётган 1991 йилда туғилган Аброров Абдувоҳид Абдувосиқ ўғлини уриб, ерга йиқитиб, 350.000 сўмлик Samsung русумли телефони, 300.000 сўм пули ва сигаретини олиб қўйишган.

Шундан сўнг, Маҳмудтўра Асқаровга 2017 йилнинг 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “б” банди билан сиртдан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзида эҳтиёт чораси танланган.

2017 йилнинг 1 ноябрь куни Маҳмудтўра Асқаров Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ушланиб, даслабки тергов қайта тикланган ва аввалги жиноят иши навбатдагисига бирлаштирилган.

2017 йилнинг 14 ноябрь куни Маҳмудхўжа Асқаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми, 266-моддаси 2-қисми, 117-моддаси 2-қисми ва 164-моддаси 2-қисми “б” банди билан тўлдирилган айблов эълон қилинган.

2017 йил 14 ноябрь куни жиноят иши билан дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят иши айблов хулосасини тасдиқлаш ва судда мазмунан кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилган.

Манба: qalampir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бодомзордаги ЙТҲда айбланаётган ҳайдовчи қўлга олинди. Воқеа қандай бўлган эди?