19:02 / 10.02.2018
7 201

Халққа хизмат қилиш оилавий анъана: Шавкат Мирзиёевнинг отаси ҳақида нималарни биламиз?

Халққа хизмат қилиш оилавий анъана: Шавкат Мирзиёевнинг отаси ҳақида нималарни биламиз?
Зомин аҳли Миромон Мирзиёевни чуқур ҳурмат билан ёдга олади. У Самарқанд Давлат тиббиёт институтини тамомлаган ва бутун умрини беморлар ва муҳтожларга ёрдам беришга бағишлаган.

Миромон Мирзиёев 1953 йили, Самарқанд Давлат тиббиёт институтини тамомлаганидан сўнг, ўз юрти Зоминга қайтиб келади ва туман шифохонасида силга қарши шифокор-фтизиатр сифатида иш бошлайди.

Ўша пайтда туманда сил касалликларига қарши бўлим ҳам, шифохона ҳам мавжуд эмасди. Ёш Миромон ўз-саъй ҳаракатлари билан туман шифохонасида беш ўринли сил касалликларини даволаш бўлими очишга муваффақ бўлади. Беморларни ташиш учун ҳам транспорт ҳам бўлмаган оғир бир пайтда уларни шифохонанинг ўзига келтириб даволаш зарур эди. Чунки шифохонадан ташқарида беморлардан касаллик тарқалиши эҳтимоли жуда юқори бўлган.

Миромон Мирзиёев шундай оғир шароитда сил касалликлари бўлими алоҳида бинога кўчиб ўтиши ва 25 ўринга кенгайишига эришади. Бундан ташқари, қаҳрамонимиз бўлимга янги тиббий ускуналар ҳам олиб келинишига бош-қош бўлади.


1970 йилда диспансерга беморларни ташиш учун «УАЗ» машинаси берилади, бу ҳам катта ютуқ эди. Миромон Мирзиёев бу билан ҳам тўхтаб қолмай соҳа муаммолари юзасидан соғлиқни сақлаш министрига мурожаат қилишга қарор қилди.

1974 йили Зоминга сил касалликлари илмий-тадқиқот институти директори Ш.Алимов бошчилигидаги йирик ишчи гуруҳ етиб келади ва районнинг узоқ қишлоқларигача бориб беморларни тиббий кўрикдан ўтказадилар.

Қизиқ, Миромон Мирзиёев нега бундай йўл тутган?! Ахир у ҳам кўпчилик қатори тинчини ўйлаб ўз кабинетидан ўтиравериши ва кунига бир неча беморни кўрикдан ўтказиш билан қаноатланиши мумкин эди-ку. Йўқ, у халқига хизмат қилишга астойдил бел боғлаган инсон эди.

Урушдан кейинги мураккаб йиллар, очарчилик, кенг тарқаган оғир касалликларни халқимиз унутгани йўқ. Ана шу йилларда Миромон Мирзиёев узоқ уринишлардан кейин Зоминга рентген аппарати олиб келади. Ҳали марказий районларда ҳам бўлмаган бу аппаратнинг келтирилиши катта ютуқ эди. Шунингдек, Мирзиёев бутун Зомин бўйлаб тиббий кўриклар ўтказади ва 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган, сил билан оғриган 1700 беморни ўз вақтида аниқлаб, назорати остида турли диспансерларда даволанишини таъминлайди. Бу оғир дард ўз вақтида даволанмаса, инсонни не куйга солишини ҳамма яхши билади.

Узоқ йиллик ҳаракатлардан сўнг Зоминда сил касали билан оғриганлар деярли қолмади, Миромон Мирзиёев юзлаб инсонларни даволашга, касалликнинг оғир асоратлари ва ҳатто ўлимдан асраб қолишга муваффақ бўлди.


У ишлаётган шифохонада Жиянбой исмли қоровул ишлар, унинг оиласи жуда катта, фарзандлари кўп эди. Олган маоши болаларини таъминлашга етмасди. Уларнинг оғир аҳволини кўрган Миромон ака бу оилага кўмак беришга қарор қилади ва Жиянбойнинг хотини ва ўғлини шифохонага ишга жойлаштиради. Бу оила Миромон ака билан ака-укадек бўлиб кетади.

Оқибат авлоддан ҳам ўтиши бор гап. Бу сатрларни ўқирканмиз, меҳрибон оиладан буюк инсонлар етишиб чиқишига яна бир бор амин бўламиз. Шавкат Мирзиёев мана шу савобли ишларни кўриб улғайган инсон, у ўз халқини севишни отасидан ўрганган. Отасининг ҳаёт йўли унга катта ҳаёт дарсини ўтаган. Чунки ҳамма нарса оиладан бошланади, президентнинг серғайратлиги ва қатъияти — оилавий анъана.
Фахрулло Ҳамидуллаев

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Халққа хизмат қилиш оилавий анъана: Шавкат Мирзиёевнинг отаси ҳақида нималарни биламиз?