Хавотир
Президент хорижда фаолият юритаётган иқтидорли мутахассисларимизни ватанга қайтишга даъват қилмоқда. Чунки улар бизнинг бебаҳо интеллектуал бойлигимиз. Шунинг учун юртимизга қайтиб, халқимизга наф келтиришини ҳаммамиз бирдек истаймиз. Лекин, тан олайлик, ич-ичимиздан хотиржам эмасмиз. «Улар қайтармикан?» деган савол юрагимизни ғижимлаб турибди. Кейинги саволлар эса бунисидан ҳам хавотирлироқ: «Мабодо қайтиб келишса... уларнинг қадрига ета оламизми? Қайта йўқотиб қўймаймизми?».
Бу саволларга жавоб топиш учун эса аввало «Улар нега кетиб қолишган эди?» деган бошқа бир муҳим масалани биргаликда чуқурроқ ўйлаб кўришимиз керакка ўхшайди.
Ўз кучимизга ишонмай қўйган эдик...
Тараққиёт ғилдираги жуда тез айланаётган бугунги замонда жамият учун наф келтирадиган, халқнинг иқтисодий ва маънавий манфаатларига мос келувчи ҳар қандай ғоя (ҳатто унинг фойдали эканлиги ҳали исботланмаган бўлса ҳам) дунёда жуда қиммат интеллектуал бойлик сифатида эъзозланишини яхши биламиз. Аммо биз узоқ йиллар давомида нафақат ғоя, ҳатто қанчадан-қанча куч сарфланган йирик-йирик лойиҳаларни ҳам эътиборсиз ташлаб юбордик ва бунга кўникиб ҳам кетдик!
Бу кўникма эса бора-бора одамларда ташаббускорликнинг сўнишига олиб келди. Яъни халқнинг онгига шахсий ғояларни барибир амалга ошириб бўлмайди деган тушкун кайфият сингди. Айниқса, моддий имконияти паст, амалдорлар орасида таниш-билиши йўқ бўлган одамларнинг ўз таклифларини амалга оширишга мутлақо кўзи етмай қолди. Натижада иқтидорли юртдошларимизнинг бир қисми хорижга кетишга мажбур бўлди.
Шукурки, бугун бу хатоларимизни англаб етаяпмиз. Ҳеч бўлмаганда уларни ўз номи билан аташга ўрганаяпмиз. Муаммолар ечимига йўл очилмоқда. Аммо, бир ҳақиқат борки, ҳафсаласи пир бўлган, тарвузи қўлтиғидан тушган одамни қайта умидлантириш осон эмас. Биз бугун инсон табиатига хос худди мана шу унсурнинг азобини тортаяпмиз. Кейинги бир йилдан ортиқроқ вақт ичида амалга оширилган улкан ислоҳотлар ҳам ишончсизлик кайфиятини туб-тубидан қўпориб ташлай олмаяпти...
Муаммонинг илдизи қаерда?
Муаммони ҳис қилган одамнинг хаёлига энг аввало «Хўш, нима қилиш керак? Бу дардни қандай бартараф этиш мумкин?» деган саволлар келиши табиий. Уларга жавоб изланганида эса бошқа саволлар туғилади: «Ўзи бундай ҳолатга қандай келиб қолдик? Муаммонинг илдизи қаерда?».
Саволлар шу тарзда пайдо бўлаверади. Тўғриси ҳам шу — бундай йирик муаммолар ечими чуқур илмий тадқиқотларни талаб қилади.
Ҳа, асосли ва илмий тадқиқотлар керак. Бизнингча, юқорида қайд этилган муаммонинг сабабларидан бири ҳам айнан илмий тадқиқот юритиш тизимининг мамлакатимизда ижтимоий ҳаётдан ва ишлаб чиқаришдан узоқлашиб кетгани билан боғлиқ эди.
Ғоямизни асослашга қодирмизми?
Гап шундаки, жамиятга фойдаси тегиши мумкин бўлган бирон ғоя ёки ихтирони таклиф қилган қанчадан-қанча одамларимиздан фойдаланиш ўрнига биз уларни ўша ғоя ёки ихтиросининг фойдали эканини исботлаб беришга мажбур қилдик ва улар ўз ёғига қовурилиб, бу йўлда адои тамом бўлишди (уларнинг фақат бир қисмигина хорижга чиқиб кетишни эплади, холос). Зеро, улар ўз таклифининг самарали эканини исботлаш учун аслида амалдагисининг самарасизлигини исботлаб бериши керак эди. У бечоранинг қўлида эса амалдаги тизим ҳақидаги маълумотнинг ўзи йўқ. Чунки у маълумотларга эгалик қилувчи манбалар, одатда, гунг ва соқов. Яъни оддий мантиқ — исботламасанг кераги йўқ, исботлашнинг эса имкони йўқ...
Рост-да, инсоф билан айтайлик, расмий факт ва далилларсиз бирон нарсани исботлаб бўладими? Айниқса бизнинг идораларга. Одамлар турли ғоялар билан мурожаат қилиб турадиган идоралардан бирида ишлаб кўрган ходим сифатида бу жараённи қайсидир яхши амалдор, ҳатто яхши идора ҳам ўзгартира олмаслигига кўп бор гувоҳ бўлганмиз.
Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун айтайлик, жамоа бўлиб қанчадан-қанча таклифларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиб кўрганмиз. Улардан айримларининг ҳатто бутун бир соҳа миқёсида, ҳукуматнинг юқори лавозимли амалдорлари томонидан қўллаб-қувватланишига ҳам эришдик. Аммо ҳар сафар лойиҳани амалга ошириш учун маблағ ажратиш масаласига етиб келинганида бутун саъй-ҳаракатларимиз барбод бўлаверарди. Чунки давлат бюджетидан сарфланадиган маблағни олиш учун керакли жойларда уни асослаб бериш лозим. Бу эса докторлик диссертациясини ҳимоя қилишдек гап. Бир иши тушган одам буни яхши билади. Айниқса қўлингизда ишончли фактларнинг ўзи бўлмаса...
Ғоя эгасига ёрдам керак!
Бу мисол билан ҳамма муаммо маблағ ажратувчи идораларда демоқчи эмасмиз. Аслида давлат бюджетининг ноўрин сарфланмаслигини таъминлашга масъул идоралар бу борада талабчан бўлишлари ҳам керак. Биз эътиборингизни бошқа бир масалага, ўртада муҳим бир бўғинга эҳтиёж борлигига қаратмоқчимиз. Яъни қайсидир вазирлик, идора, ҳатто фуқаронинг мурожаатига асосан бирон-бир ғоянинг, ташаббуснинг қанчалик самара беришини илмий асосда ўрганадиган тадқиқотчи муассасалар зарур. Тайёр ғояларни, ҳатто минг азоб билан ҳужжат тўплаб, самарадорлигини ҳам исботлашга эришган лойиҳаларимизни кўтарганча сарсон-саргардон бўлган пайтларимизда ана шундай бир даргоҳнинг ёрдамини қанчалар хоҳлаганимизни бугун сўз билан ифодалаб беролмаймиз.
Тадқиқот марказлари нега жим?
Кимдир бу гапларимизни дарҳол рад қилиб, бизда қанча илмий-текшириш ва ахборот-таҳлил муассасалари фаолият юритишини рўкач қилиши мумкин. Аммо биз бу тизимдан ҳам фойдаланишга ҳаракат қилиб кўрганмиз. Афсуски, уларнинг ҳеч бири шартнома асосида сизнинг ғоя ёки таклифингизни илмий тадқиқот қилиб беришни бўйнига олмайди. Яна савол — нега? Бунинг туб сабабларини яхши билмасмиз балки, фақат мулоқот чоғида англаганимиз шуки, аввало илмий-тадқиқот муассасалари «ўзбошимчалик» билан бунақа шартномалар тузишга ваколатли эмас (билишимизча, тадқиқот мавзулари ҳам қаерлардандир рўйхатдан ўтиши керак). Қолаверса, яна бир ҳадик бор — хулосалари «юқори»да кимларгадир маъқул келмай қолиши мумкин. Соддароқ қилиб айтганда, кимларнингдир думини босиб, тирикчилик манбаига зарар етказиб қўйиш эҳтимоли мавжуд...
Майли, бундай мавҳум нарсаларга чалғимайлик (зеро, буни исботлаб ҳам бера олмаймиз). Илмий тадқиқотларга ғов бўлаётган очиқ-ойдин муаммолар ҳам талайгина. Шулардан бири маълумотлар танқислигидир. Ахир тадқиқотда фойдаланилаётган манбанинг ўзи ишончли бўлмаса бундай тадқиқотнинг хулосасига қандай ишониш мумкин? Президентимиз айтгандай «кимлардир ўтириб олиб чизган» статистикага таяниб, яна унинг ёлғонлигини била туриб илмий тадқиқот олиб бориш мумкинми ахир?..
Нега айрим идоралардан маълумот олиб бўлмайди?
Шу ўринда икки оғиз сўз маълумотлар ва статистика ҳақида. Бизда аслида бу борада жиддий ҳуқуқий-меъёрий база яратилган. Айниқса 2014 йилда қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун билан хоҳлаганча фахрлансак арзийди. Аммо у негадир кўнгилдагидек ишламаётгандай. Чунки нафақат фуқаролар, ҳатто манаман деган журналистларнинг ҳам вазирлик ва идоралардан ўзлари излаган маълумотни ололмай сарсон юрганларига кўп дуч келганмиз. Яна савол — нега?
Бунинг ҳам сабаблари кўп. Энг ачинарлиси эса, бизнингча, қонуннинг ўзи билан боғлиқ муаммолар ҳам бор. Масалан, унинг 3-моддасида ушбу қонуннинг қўлланиш соҳаси «тақдим этилишининг ўзига хос хусусиятлари бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятига тааллуқли бўлган (таъкидлар бизники — муаллиф) ахборотнинг айрим турларига нисбатан татбиқ этилмайди» деган банд бор. Яъни ана шу турдаги ахборотларнинг очиқ эмаслиги айтилаяпти бу ерда. Аммо, энг эътиборлиси, айнан қайси қонун ҳужжатида назарда тутилган ахборотлар ва давлат органлари фаолиятига доир қайси турдаги ахборотлар очиқ эмаслиги мавҳум. Бу эса давлат идорасига хоҳлаган маълумотни яшириши учун жуда катта имконият беради. Яъни бир амалдор сиз сўраган маълумотни қайсидир бир сабаб туфайли беришни истамади дейлик. Шунда у сўраган маълумотингизнинг идора фаолиятига тааллуқли бўлган ахборот эканлигини айтиб, юқоридаги моддага ҳавола қилиб қўйса, тамом-вассалом.
Сиз давлат сирини сўрамаяпсизми мабодо?
Сўралган маълумотни беришни рад қилишнинг яна бир осон йўли бор — унинг «ёпиқ маълумот» эканини рўкач қилиш. Сиз унинг ростан хавфсизликка алоқаси бор-йўқлигини билмайсиз, билолмайсиз ҳам. Ахир қўлингизда буни ажратиб берувчи ҳужжатнинг ўзи йўқ. Шунда умид билан «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги қонунни варақлайсиз. Лекин унинг 1-моддасиёқ ҳафсалангизни пир қилади: «Давлат томонидан қўриқланадиган ва махсус рўйхатлар билан чегаралаб қўйиладиган алоҳида аҳамиятли, мутлақо махфий ва махфий ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва ўзга хил маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари ҳисобланади». Хўш, қани ўша «рўйхатлар»?
Билмадим, балки давлат сири бўлган ахборотлар рўйхати қайсидир идорада ростан ҳам бордир. Аммо биз уни топа олмаганмиз. Қонунда ҳам ўша рўйхатнинг очиқ ёки ёпиқлиги ёзилмаган. Хуллас, яна савол пайдо бўлади: агар шу рўйхатнинг ўзи очиқ бўлмаса «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун ўз вазифасини қанчалик бажара олади?
Янги вазирлик муаммони бартараф эта оладими?
Минг бор узр, калаванинг учини излайман деб унинг ўзидан узоқлашиб кетдик чоғи. Мавзуга қайтамиз. Хуллас, биз ғоя ва таклифларнинг асосли эканини тасдиқлай оладиган ёрдамчи излаётган эдик...
Шукурки, ўтган йилнинг охирида бу борада жуда катта қадам ташланди — Президент фармони билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди. Бундан мақсад — «илғор хорижий тажриба, жаҳон фанининг замонавий ютуқлари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар асосида иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал инновацион ривожлантиришни таъминлаш»дир. Айниқса, вазирлик низомида «инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлил муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради» деб аниқ-тиниқ белгилаб қўйилгани умид уйғотади. Демак, бу вазирлик биз юқорида санаб ўтган муаммоларни бартараф этишга бевосита масъул. Фақат кенг жамоатчилик бу борада ўз таклиф-мулоҳазалари билан ёрдам бериб туриши лозим. Зеро, вазирлик олдида турган вазифалар жуда оғир ва уларни чекланган сондаги ходимлар билан бирданига амалга ошириш осон бўлмайди.
Тизимлараро интеграция нега чўзилаяпти?
Шу ўринда Инновацион ривожланиш вазирлигининг яна бир муҳим масалага жиддий эътибор қаратишини истардик. Бу — давлат идораларида жорий этилган ва этилаётган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларининг ўзаро интеграцияси масаласи. Бугун жуда катта маблағлар эвазига яратилган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларидан ўта тор доирада ва жуда самарасиз фойдаланилмоқда десак, хато бўлмас. Ҳаммага тушунарли бўлиши учун мисол тариқасида Давлат солиқ қўмитасининг солиқ тўловчиларга доир ахборот тўпланган маълумотлар базасини олайлик. Қўмита жисмоний ва юридик шахслар шу базадан эркин фойдаланиши учун имкон яратиб, қулай интерактив хизматни йўлга қўйган. Яъни ҳар бир солиқ тўловчи ўз идентификацион рақами(СТИР)ни онлайн тарзда кўриши, ҳатто қоғозга чиқариб олиши ҳам мумкин. Аммо аксарият идоралар ҳалигача фуқародан СТИР тўғрисида солиқ инспекцияси маълумотномасини олиб келишини талаб қилаверади. Бундай мисоллар эса, афсуски, талайгина.
Тизимлараро интеграция йўлга қўйилмаслигининг сабаби ҳақида ҳам шуни айтишимиз мумкинки, давлат идоралари бу борада одатда «оч қорним — тинч қулоғим» қабилида иш тутмоқда. Яъни ўзи эгалик қиладиган маълумотлар базасидаги ахборотдан бошқаларнинг онлайн тарзда фойдаланишини истамаяпти. Бунга бир томондан уларнинг ўз маълумотларига ишонмаслиги (инсон фактори бор, ходимлар нималарнидир нотўғри киритиб қўйишлари мумкин, бу эртага бошимга бало бўлади деган хавотир) сабаб бўлса, бошқа томондан маълумотларни, ҳисоботлардаги рақамларни керак пайтда ўзгартира олиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолишдан чўчийдилар. Бундан ташқари, интеграция моҳиятини яхши тушунмаслик, ортиқча харажатдан қочиш, ҳатто оддий лаёқатсизлик ва лоқайдлик каби сабаблар ҳам йўқ эмас.
Шу ўринда яна мисол. Биз бир идоранинг ахборот тизимини яратиб, фуқароларга қулайлик яратиш учун учта давлат идорасининг базасига боғланишга уриниб кўрганмиз. Агар шу ишни амалга оширсак, идорамизга мурожаат қиладиган юридик ва жисмоний шахслар учта ҳужжатни тақдим қилиш юкидан халос бўлар эди. Шу боис бу таклифимиз ҳукумат миқёсида қўллаб-қувватланиб, ҳатто ҳукумат йиғилиши баёнига ҳам киритилди. Аммо шунча меҳнатимизга ачинганча, ҳафсаламиз пир бўлганча қолавердик. Шундай пайтларда бизнинг ҳам ҳаммасига қўл силтаб хорижга чиқиб кетгимиз келган. Лекин Деҳқонобод тоғлари орасидаги мактабда чет тили ўқитилмагани оёғимизга тушов бўлган (дарвоқе, ўша томонларда ҳалиям чет тили ўқитувчиси йўқ...). Кучимиз эса алал-оқибат ўша идорадаги камтарона вазифани тарк этишга етди. Ўша пайтда чала қолган ишларни якунлаб қўйиш мумкинлигига мана энди умид уйғонмоқда. Бироқ қайтиб боришга бет чидамаяпти. Балки бир куни президент «иложсизликдан лойиҳаларини чала ташлаб кетганлар ҳам жойига қайтиб бориб якунлаб қўйсин» деб қолса, шу гапни дастак қилиб бориб қолармиз ҳам... Ҳозирча муҳими бу эмас, аввал хорижга кетганларни қайтариб олишимиз зарур!..
Хориж тажрибасини ўрганишга ҳам механизм керак!
Дарвоқе, хориж ҳақида гап кетар экан, бу масалада ҳам дардимизни айтиб қолмасак бўлмас. Тўғрироғи, хорижий тажрибани ўрганиш масаласида. Бир сафар биз Вазирлар Маҳкамасида ўз лойиҳамиз тақдимотини ўтказар эканмиз, ҳукумат раҳбарига ишларимиз манзур бўлиб, шу йўналишда хориж тажрибасини ўрганиш таклифини киритди. Ёрдам бериши учун мутасадди идораларга кўрсатмалар ҳам берди. Ўшанда қанчалик хурсанд бўлганимизни билсангиз эди... Аммо ҳукумат мажлиси баёнидаги топшириқнинг ижросини сўраб ўша идораларга кўп марта мурожаат қилишимизга қарамасдан, йиллар давомида ҳеч бир натижа чиқмади.
Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб деганларидек, ўша воқеа сабаб биз хориж тажрибасини ўрганиш масаласида ҳам мамлакатимизда аниқ бир тартиб (механизм) йўқлигига амин бўлгандик. Шу боис яқинда давлат раҳбари туман ҳокимларига хорижга чиқиб тажриба ўрганиб келиш ҳақида кўрсатма берганида кўнглимиздан давлатнинг пулига текин томоша қилиб келадиганлар кўпайиб кетмасмикан деган хавотир ўтди. Йўқ, безовталигимиз ҳокимларга ишонмаганимиздан эмас, балки бу жараён аниқ бир механизм асосида йўлга қўйилмаса хориждан фойдали тажрибани ўзлаштириб келиш осон бўлмаслигини билганимиздан.
Хорижга тажриба алмашиш учун борадиган ҳокимлар бир-икки ҳафтада жўяли бир натижа билан қайтиши қийин. Бизнингча, бундай сафарлар аввалдан тузиб олинган аниқ дастур асосида, мукаммал шаклланган жамоа билан (улар орасида албатта тадқиқотчилар, ўрганилган тажрибани жамоатчиликка етказа оладиган тарғиботчилар бўлиши шарт) ташкил қилинмаса, эришилган натижа фақат ҳокимларнинг дунёни кўргани бўлади холос. Шундай экан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда хориж тажрибасини ўрганишнинг самарали тартиб ва механизми яратилиши лозим деб ҳисоблаймиз.
Текин грантлар ҳавога учмаслиги керак!
Шу мавзуда яна бир масала бор. Биз хорижнинг текин лойиҳалари, грантларидан кўп бора ўта самарасиз фойдаланилганига ҳам гувоҳмиз. Дейлик, грант доирасида бирон йўналиш бўйича 10 киши тажриба алмашишга чақирилса, унинг тақдирини бундай алоқаларга мутасадди бўлган, аммо грантга тегишли соҳадан бутунлай йироқ идора одатда ўз билганича ҳал қилиб юборади. Яъни грант лойиҳасига алоқадор соҳадан номига икки-уч киши олинади, холос. Қолганларнинг кимлигини, қайси соҳадан эканлигини биров билиб, биров билмай қолаверади. Натижада ўша икки-уч мутахассис ҳам ҳафталаб давом этган сафардан қайтгач хорижда нималарни кўргани, қандай меҳмон қилишгани ҳақида оғиз кўпиртиришдан нарига ўтмайди. Кўрганлари, ўрганганларини бизда ҳам жорий этиш ҳақида на улар ўйлайди, на раҳбарлари улардан талаб қилади. Шу тариқа хорижий ташкилотлар тақдим этган грантлар, имкониятлар ҳавога совурилаверади.
Хориждаги юртдошларимизнинг қайтишига асос бор!
Хуллас, юқоридаги мулоҳазаларимиздан ҳам кўриниб турибдики, хориждаги юртдошларимизнинг ватанга қайтишига асос бор. Чунки биз уларни кетишга мажбур қилган сабабларни биламиз, билмаганларимизни эса излаяпмиз, энг муҳими, уларнинг ечими сари дадил қадамларни аллақачон ташлаганмиз. Назаримизда, шунинг ўзи ватанпарвар юртдошларимизни руҳлантира олади. Зеро, уларнинг қалбидаги йиллар мобайнида улғайган орзулар, соғинчлар жунбушга келиши учун озгина учқун ҳам етарли. Демак, улар қайтади!
Нурбек Тошниёз
Манба: Xabar.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин