13:50 / 23.02.2018
5 378

Ёрдам бериш учун ишлаш. Сидра Турсунованинг муваффақияти!

Ёрдам бериш учун ишлаш. Сидра Турсунованинг муваффақияти!
Яхшилик бу аёлнинг юрагида яшайди. У ҳар доим атрофидаги барча инсонларга эътибор билан қарайди ва агар кимдир ёрдамга муҳтож бўлса, ёрдам қўлини узатадиган биринчи инсон бўлади. Қаҳрамонимиз Сидра Турсунова ҳаётида кўп қийинчиликларни бошдан кечирган. 8 йиллик тинимсиз меҳнат натижасида Сидра Турсунова турмуш ўртоғи ва тўрт нафар фарзанди билан биргаликда оёққа турган ва ва бир нечта бизнесларни моҳирлик билан бошқармоқда. Ушбу интервьюда Сидра Турсунова бизга ўз муваффақиятларининг сирларини очишга ҳаракат қилди.

– Ассаламу алайкум, Сидра Турсунова. Жума куни бепул нон тарқатишингиз ҳақида эшитдик, бу тўғрими?
– Ва алайкум ассалом, ҳа, жума кунлари биз эҳтиёжмандларга ва пенсионерларга нонни бепул тарқатамиз. Ҳар бир инсон дўконимизга келиб, нонни текинга олиб кетиши мумкин.

– Бу фикр қаердан пайдо бўлган?
– Мен ёрдам беришни яхши кўраман. Агар муҳтож одамни кўрсам, унинг олдидан шунчаки ўтиб кетолмайман. Кунларнинг бирида мен кассада турган вақтимда олдимга ҳаридларини тўлаш учун бир қари кампир келди, лекин унинг нонга етарлича пули йўқ эди ва қўлидаги тангаларни санаётганди. Шу пайт менда бу кампирга нонни бепул бериш фикри туғилди. Эрим билан маслаҳатлашганидан сўнг, бу ишни ҳар жума кунлари ўтказишга қарор қилдик. Биз буни бир йилдан буён қилиб келяпмиз. Пенсионерлар шундоқ ҳам жуда кам нафақа олишади ва шу пулларга жон сақлашларига тўғри келади. Мен бу ишни жамиятимизга қўшаётган кичик ҳиссам деб биламан.

– Сизнинг бошқа хайрия тадбирларингиз ҳақида ҳам эшитдик, улар хақида ҳам айтиб бера оласизми?
– Ҳа, биз қўлдан келганича юртдошларимизга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Бизнес билан шуғулланганимиз сабабли, кўпинча эрта тонгда бозорга маҳсулотларимизни олиб борамиз, йўлда кўпинча кўчаларни тозалаётган кекса одамларни кўраман. Уларни кўрганда ҳар сафар юрагим эзилади. Имкон бўлиши билан мен уларга озиқ-овқат маҳсулотларини беришга ҳаракат қиламан, бундан улар қанчалик қувонишларини тасаввур қила олмайсиз. Биз ҳам ўз навбатида бу ҳолатдан жуда хурсанд бўламиз.

Бу йил иш совуқ келганлиги сабабли, Ўш бозоридаги усталар жуда қийналишди. Мен улар учун уйда овқат тайёрлаётгандим. Турмуш ўртоғим, опам ва болаларим уларнинг олдига бориб, иссиқ овқатлар тарқатишди. Бундан ташқари совуқ кунларда мен эрим билан бирга машинада кўчага чиқиб, одамларни ўз уйларига олиб бориб қўйдик. Биз турмуш ўртоғим билан одамларга кўпроқ ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Чунки фарзандларимиз бундан яхши ибрат олишларини хоҳлаймиз. Хайрия тадбирлари оиламизнинг янада жисплаштиради ва бизларни бахтли қилади.

– Хайрия ташкилотини очишни режалаштирмоқдамисиз?
– Мен бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман. Ҳозирча хайрияни ўзим учун иш деб ўйлашга ва бу ишлар билан мунтазам шуғулланиш ҳақида ўйлаб кўрганим йўқ. Мен ҳаётимда учрайдиган одамларга ёрдам бераман, бир пайтлар ўзимиз ҳам биз анча қийинчиликларни бошдан кечирганимиз учун, ёрдамга муҳтож одамнинг ёнидан ўтиб кета олмайман. Ҳаммаси уйда пишириқ тайёрлашдан бошланади

– Сиз муваффақиятли она ва ишбилармон аёлсиз. Ушбу ютуқларга эришиши қандай қийинчиликларни бошдан кечиришга тўғри келган?
– Мен 20 ёшимда турмуш қурганман. Биз, кўп ёш оилалар сингари, аввалига ижарада турганмиз. Мен Туркияда диний таълим олганман. Қайтиб келгач, ўз мутахассислигим бўйича бу ерда ишладим. Лекин маошим деярли ҳеч нарсага етмас эди. Ота-онам турли пишириқлар тайёрлаш билан шуғулланганликлари учун, мен болалигимдан турли торт ва ширинликлар тайёрлашни яхши кўраман. Шундан сўнг мен ишдан бўшадим ва уйда ширинликлар пишириб сота бошладим. Мен пиёда дўконларни айланиб, ўз маҳсулотларимни таклиф қилар эдим. Бир оздан сўнг ишларим юриша бошлади ва ишлаб топган пулларимга мен яна қўшимча иккита печь сотиб олдим. Олдин эса менда онам совға қилган бир донагина Kumtel печи бор эди. Шундай қилиб, секин секин биз ўзимизга уй ва машина сотиб олдик. Кейин биз отамнинг маслаҳатларига кўра Туркиядан Қирғизистонга кийим-кечаклар олиб келиб сота бошладик. Аллоҳ бизнинг ишимизга барака ато этди ва яхши даромад кўра бошладик. Албатта, буларнинг ҳаммаси бир зумда бўлиб қолгани йўқ. Бу тинимсиз меҳнатимиз натижасида юзага келди.

– Ҳаётдаги қийинчиликларги енгилмаслик учун қаердан куч топасиз?
– Мен одатда жуда фаолман, барча усулларни синаб кўрмагунча тинч туролмайман. Мен доимо барча ўйлаб қўган ғояларни амалга оширишга ҳаракат қиламан. Бошқа томондан, диним менга куч беради. Мусулмон сифатида сиз ҳар доим иложи борича яхшиликлар қилишга ҳаракат қиласиз ва жамиятингизни ривожлантиришга ҳисса қўшишга интиласиз. Мен қанчалик кўп пул топсам, шунчалик кўп одамларга ёрдам беришим мумкин. Бу менга илҳом беради. Қийин вақтларда мен доим дуо қиламан ва ҳеч қачон орзу қилишдан тўхтамайман. Орзуларимни руёбга чиқариш учун тинмай меҳнат қиламан. Биз ижарага олинган уйда яшаганимизда, мен касалхоналар қуриш, одамларга яхшилик қилишни орзу қилар эдим. Атрофимдаги одамлар эса менинг орзуларимни эшитиб, аввал ўзингизга ёрдам беринг, деб кулишарди. Мен эса ич ичимдан ўз мақсадларимга эришишимга ишонардим. Ҳозир турмуш ўртоғим билан ресторан қурмоқдамиз, ушбу ишдан олинадиган даромадни насиб этса муҳтожларга ёрдам бериш учун ишлатамиз. Ҳар бир ишни бошлашдан аввал ниятни тўғри қилиб олиш ва сабр тоқат билан ишлаш лозим. Бу муваффақият сиридир.

– Ишларингизга омад тилаймиз. Суҳбат учун раҳмат.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ёрдам бериш учун ишлаш. Сидра Турсунованинг муваффақияти!