07:04 / 02.03.2018
4 864

Табиий газни фильтрловчи қурилма яратилди

Табиий газни фильтрловчи қурилма яратилди
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги "Safety filtr" масъулияти чекланган жамияти томонидан янги инновацион лойиҳа – табиий газни фильтрловчи қурилма ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Мазкур қурилма Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ва "Ўзстандарт" агентлигининг мувофиқлик сертификати ҳамда Россия Федерацияси "Роспатент" агентлигининг патенти асосида ишлаб чиқарилмоқда.

Табиий газ бир неча босқичда тозаланишига қарамасдан, истеъмолчиларга етиб боргунга қадар газ қувурлари ички томони емирилиши оқибатида кераксиз чиқиндилар билан тўлиб боради. Ушбу чиқиндилар бевосита газ ҳисоблагич механизмига келиб тушади. Бу эса механизмнинг бузилишига, табиий газ кўламининг тўғри ҳисобланмаслигига, техник йўқотишлар кўпайишига, эгаси аниқланмаган нореал қарздорликнинг ортиб кетишига олиб келади.

– “Тўрткўлтумангаз” корхонасининг абонент бўлимида кўп йиллик фаолиятим давомида фуқаролардан газ босимининг пасайиб кетиши, газ ҳисоблагич ускуналарининг муддатидан олдин ишдан чиқиши бўйича шикоятлар тушиб турарди, – дейди "Safety filtr" масъулияти чекланган жамияти директори Маъруфжон Ражапбоев. – Бу муаммонинг ечимини топишни олдимга мақсад қилиб қўйдим. Натижада газ ҳисоблагич ускунасини фильтрловчи қурилмани ихтиро қилдим. Шу тариқа мазкур жамиятга асос солинди. Банкдан олинган 380 миллион сўм кредит маблағи эвазига хитойдан ускуналар олиб келдик. “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан берилган рухсатнома бўйича Тўрткўл тумани ҳудудида 2 минг 500 хонадонга мазкур қурилма ўрнатилиб, синовдан ўтказилди. Натижаси ёмон бўлмади. Буни хонадон эгалари ҳам тасдиқламоқда.

– 2016 йил август ойида хонадонимдаги газ ҳисоблагич ишламай қолиб, туман газ таъминоти корхонаси мутахассисларига мурожаат қилдим, – дейди Тўрткўл тумани маркази Тошкент кўчасида истиқомат қилувчи Ҳусан Давлетов. – Улар табиий газни фильтрловчи қурилма ўрнатишимни тавсия этди. Мен рози бўлиб қурилмага буюртма бердим. Мутахассислар шу куннинг ўзида мазкур қурилмани ўрнатиб берди. Мана шундан буён газ босими аввалгилардан анча яхшиланди, газ ҳисоблагич ҳам тўхтовсиз ишламоқда. мазкур қурилмани яқинларим, таниш-билишларимга ҳам тавсия этмоқдаман.

– Ушбу қурилма биринчи навбатда биз уй бекалари учун қулай ва тежамкор экан, – дейди Тўрткўл тумани маркази Диёнат кўчасида яшовчи Фарида Юлдашева. – Ўтган йили декабрь ойида мазкур фильтрловчи қурилмани ўрнатганимиздан сўнг уйимизда газ босими яхшиланиб, газ ҳисоблагич ҳам бир маромда ишлайдиган бўлди.

Масъулияти чекланган жамият директори М.Ражапбоевнинг таъкидлашича, табиий газни фильтрловчи қурилма кенг жорий этилса, газ етказиб берувчи ташкилотлар истеъмолчиларга табиий газ ҳажмини газ ҳисоблагич ускуналари орқали тўғри ва аниқ ҳисоблаб берилишини таъминлайди. Натижада ортиқча табиий йўқотиш коэффициентини қисман камайтириш имконияти яратилади. Туман газ таъминоти корхонасига истеъмолчилар томонидан газ ҳисоблагич ускунаси билан боғлиқ ариза ва мурожаатлар келиб тушиши камаяди. Мутахассис ходимларнинг меҳнат унумдорлиги ошади.

Масалан, мамлакатимиз бўйича 4 миллиондан ортиқ газ ҳисоблагичнинг техник йўқотишини кунига тахминан 1 метр кубга камайтириш натижасида эгаси аниқланмаган газнинг сарфланиш миқдори ойига 120 миллион метр кубни, йилига 1440 миллион метр кубни ташкил этади. Натижада нореал қарздорликни 380 миллиард сўмга камайтириш мумкин бўлади.

Газ захирасидан самарали ва тежамли фойдаланишга қаратилган ушбу ташаббус ҳар томонлама қўллаб-қувватланса, етказиб берилаётган газ сифати янада яхшиланишига, газ ҳажмининг тўғри ўлчанишига ҳамда газ ҳисоблагич ускуналарининг яроқлилик муддатини узайтиришга эришиш мумкин. Шу нуқтаи назардан, жонкуяр мутахассислар томонидан ихтиро этилган янги ускуна табиий газдан фойдаланувчиларнинг оғирини енгил қилиб, табиат бойлигидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишга хизмат қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Табиий газни фильтрловчи қурилма яратилди