17:53 / 04.03.2018
7 580

Президент маърузасини тинглаб: «Тўйлар ҳақида ўйлар»

Президент маърузасини тинглаб: «Тўйлар ҳақида ўйлар»
Куни-кеча Навоийда бўлиб ўтган йиғилишда тўй-маросимлар масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

«Бош вазирдан бошлаб ҳокимгача, ижро органи раҳбарига тўй-маросимларга бориши ман этилади. Чойхоналарнинг ёнида давлат машинаси турганини кўрган куним ишдан олиб ташлайман, жиноий жавобгарликка тортаман. Тўй энг кўпи 150 кишига, ош 200 кишига бўлади. Бирорта раҳбар уйида туғилган кунини ҳам, тўйини ҳам мендан бошлаб нишонламайди.

Бўлди, у замонлар тугади энди, одамларнинг ғашини келтиряпмиз, лаънатини келтиряпмиз. Маросим ҳам, тўй ҳам раҳбарларсиз бўлади. Бош вазир боради ғўдайиб, ҳамма муовини билан, ҳамма туради... Сен ўша қилган 20 килограмм гўштингни пулига битта камбағалнинг уйига бориб краска қилиб бер, телевизор олиб бер, ноинсоф.

Қарор чиқади, қарор! Президент қарори эмас, сенатнинг қарори чиқади. Қани бирортанг ғинг деб кўр. У тўйга бориш энди ман этилади. Мен ўзим юрагимдан билган ҳолда шуни айтяпман. У ҳаммаси хиёнат бизнинг халқимизга, иккинчидан, тўй қилишнинг меъёрини ҳам ёзиб берамиз.

Тошкентда тўрт қизи бор одам ўзини осиши керак, тўй қилиш учун. Оддий одам, оилали, бюджетдан ойлик оладиган одам ўзини осиши керак! Тўртта қизини эрга бериш учун ўзини осса тўғри бўлади. Нимага?! Ҳеч қандай имконияти йўқ, барибир бечора қарз олади, ўзига қарамайди, дўхтирга бормайди, фақат шу тўйга йиғади. Кимга керак бу тўй? Бўлди, биз олдин ташвиқот қилиб кўрдик, бўлмади бу ташвиқот. Хиёнат қиляпмиз халқимизга, тўйларни агар жойига қўйсак, коррупция бўлмайди, адолат пайдо бўлади. Ҳамма бир хил тўй қилади. Агар бирорта раҳбар, прокурорми, ҳокимми, солиқчими, чегарачими, шу меъёрдан чиқса, ўша куни кўрасизлар, қамайман ҳаммани» - деди президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Бу гаплар кўпчиликни мулоҳазага ундагани, ижтимоий тармоқларда баҳс мунозараларга йўл очгани табиий. Одамларнинг яшашини қийинлаштирадиган ҳар қандай урфларнинг йўқолишини қувватлаган ҳолда, бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман.

Баъзилар бу сўзларда ҳам эркинликни чеклашга доир ҳаракатларни кўришди. Мисол учун, пули бор, имконияти бор одамга катта тўй қилиш ва кўпчиликни меҳмонга чақиришни нега чеклаш керак? Пул топган одам ўша пулларни истаганича сарфлаш ҳуқуқига эга эмасми?

Йўқ. Эътибор берган бўлсангиз, президент маърузасида вазир, прокурор, солиқчи ёки чегарачи деб айнан коррупция хавфи бўлган давлат идораларини тилга олди. Маърузанинг жуда муҳим нуқтаси, яъни, кейинчалик, ҳуқуқий тизимни яратишда пойдевор бўладиган жиҳати айнан мана шу ерда яширинган. Яъни бу ерда иккита алоҳида мавзу бор.

Биринчидан. Давлат ташкилотларида ишловчиларнинг ойлиги маълум. Агар ўша ходим жуда дабдабали тўй қилса ва табиийки бу тўй учун жуда катта миқдорда пул сарфласа, ўз-ўзидан бу пуллар қаердан келгани ҳақида савол пайдо бўлади. Аслида, қимматбаҳо машина ёки уй олиш, болаларини чет элда ўқитиш ёки даволатиш сингари, дабдабали тўйлар ҳам жамоатчилик эътиборини тортиши ва ортидан салбий хулосаларни олиб келиши керак. Президент нутқида мана шу томонга эътибор қаратди. Бу ерда нозик жиҳат дабдабали тўй қилувчилар қаторида айнан давлат идоралари ходимларининг тилга олиниши ва бу пуллар қаердан топилганига урғу берилишидир.

«Нега пулингни дабдабали тўй қилишга сарфладинг?» деб инсоннинг даромадини сарфлаш эркинлиги чекланмаяпти, аслида. «Дабдабали тўй учун пулни қаердан олдинг, бюджет (халқ) сенга тўлаётган ойлик бунга етмаслиги керак-ку? Демак ўғирлаяпсан эканда?» деган маънодаги ўринли савол юзага келяпти. Баъзиларнинг кўргазмали харажатларини таҳдид остига олган ҳолда, уларнинг тўйларини ихчамлаштириш орқали, ижтимоий урф яратилмоқда - яъни бир ўқ билан икки қуённинг овланиши...

Иккинчидан, эътибор беринг, агар бой-бадавлат қўшнимиз қимматбаҳо машина сотиб олса ва оиласини ўша машинасида олиб юрса, ҳавас қиламиз, лекин қарздор бўлиб шунақа машина сотиб олишга интилмаймиз, «уялмасдан» автобусда юраверамиз. Агар кимдир данғиллама уй қурса, бундай уй қуриш жуда қимматлигини биламиз, тан оламиз ва «уч хонали домда бахтли» яшайверамиз. Хўш, нега унда, пули кўп одамларнинг тўй маросимлари бизни «боғлаши», айнан ўшандай тўй қилиш мажбуриятини юклаши керак. Нега пули кўп одамларнинг харажатлари анъанага айланиши керак?

Учинчидан, бундай йўл тутишнинг ижтимоий оқибати ҳам бор. Агар шу йўналишда жараён бироз давом этса, давлат идоралари ходимлари дабдабали тўй қилмай қўйишади. Ихчам тўйлар пайдо бўлади ва кўпчилик ўрнак олишни бошлайди. Тўйларни ихчамлаштириш оммавий тақиқ ва тарғиблар эмас, айнан даромади чекланган ва коррупционер бўлиши хавфи бўлган шахсларнинг харажатларига урғу қаратиш орқали бўлишини қувватлайман.

Бир пайтлар, асосан Тошкентда ва водийда исломий тўйлар жуда урф бўлганди. Спиртли ичимликлар, қимматбаҳо тортлар, қистир-қистир, артистлар-у яна бошқа бир қатор харажатлар тежаладиган бу шакл тўйларнинг моҳияти аслида эркаклар ва аёлларнинг биргаликда тўйда ўтиришлари Исломга зид экани ҳақидаги фикрлардан келиб чиққан бўлса-да, кейинчалик, оддий тежамкор тўй сифатида анъанага айланди. У қадар диндор бўлмаган, яшаш тарзи ҳамма қатори бўлган оддий одамлар ҳам бу шакл тўйлардаги қулайлик ва тежамкорлик туфайли, шундай тўй ўтказа бошладилар. Яъни, бу тўйлар ўзига хос «тўй шакли» сифатида урфга кирди, ҳеч ким бундай тўй қилишдан уялмай қўйди.

Ихчам тўйларнинг бошланишига мажбурий тарзда пайдо бўлиши, кейинчалик кўпайиши албатта, янгича тўйларнинг урфга киришига сабаб бўлади. Урфга кириб қолган тўйлар эса бошқа одамлар томонидан танқид остига олинмайди, маломат қилинмайди. Натижада, оддий одамларда тўй қилиш учун ихчам, содда вариантлари юзага келади ва албатта, танлов ҳуқуқи ўзида қолади.

Хусусий секторда, бизнесда катта пул топадиган тадбиркорлар каттароқ тўйлар қилишлари мумкин, аммо баъзида бўлиб ўтадиган бундай тўйлар одамлар интиладиган орзу-ҳавас эмас, «пули кўп бўлганидан кейин қилаверади-да» деб баҳоланадиган бир тўй шакли сифатида мавжуд бўлади холос.

Мен Президентнинг маърузасини шундай тушундим ва кейинги ишлар худди шу йўналишда олиб борилиб, оқибати юқорида тилга олинган шаклга келса, жуда хурсанд бўлардим. Маърузада айнан давлат органлари раҳбарлари саналганининг ўзиёқ, менинг талқинимга асос бўла олади, чамамда.

Яъни, агар ҳуқуқий жиҳатдан яхши ишлаб чиқилса, бу маъруза ҳам, ундан кейинги ишлар ҳам тақиқ ва эркинликни чеклашдан холи тизимга айланиши аниқ.

Бир неча йиллардан бери қилиниб келинган ташвиқотлар иш бермаётган экан, халқимни тўй балосидан қутқармоқчи бўлган ҳар қандай кескин чора-тадбирларга икки қўлимни кўтараман. Тўйлар муборак.
Қ.Асланов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент маърузасини тинглаб: «Тўйлар ҳақида ўйлар»