07:04 / 08.03.2018
5 109

Натижа бермаган талаблардан воз кечиш вақти келмадими? Ёхуд сариқ такси муаммолари

Натижа бермаган талаблардан воз кечиш вақти келмадими? Ёхуд сариқ такси муаммолари
Мени доим бир нарса қизиқтиради: нега таксилар айнан сариқ рангда бўлиши керак?

Танишимнинг бу фикрига у қадар эътибор бермадим. Тўғриси, бир оз ҳайратланиб, елкамни ҳам қисиб қўйгандим. Ахир, бу ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилнинг 18 майида қабул қилинган “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унга кўра, 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент шаҳридаги таксилар қаймоқранг, вилоятлардаги эса сариқ рангда бўлиши, уларнинг ҳайдовчилари лицензия олгани ҳақидаги гувоҳнома ва тиббий варақага эга бўлишлари лозим.

Шу тариқа танишимнинг саволига жавоб борку, дея бу ҳақида балки бошқа ўйлаб ҳам кўрмасдим, агар бир воқеа бўлмаганда...

Яқинда хизмат сафари билан Жиззах шаҳрига бордик. Кундалик ташвишлар билан кўчага чиққан одам борки, таксига иши тушади. Шаҳарда улов кўп, лекин сариқ рангли автомашиналар деярли кўринмайди. Дуч келган машиналардан бирини тўхтатиб, манзилни айтдик.

Кетаётиб, ҳайдовчи меҳмонга ўхшайсизлар, нима юмуш билан келдинглар, дея сўраб қолди. У ёқдан, бу ёқдан гап очилиб, мавзу таксиларга бориб тақалди.

Ҳайдовчи шундай ҳикоя қилди. «Қарийб 30 йилдан буён автомобиль бошқараман. Ҳатто, тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятида 2010 йилда Жиззах шаҳрида йўловчи ташиш транспорти уюшмасини ҳам ташкил этганман. 120 та ишчи ўрни яратдим. Бугун корхона гуллаб-яшнаб, хизмат кўрсатиш сифати ҳам ошиб кетгандир, дерсиз? Йўқ, аксинча жамоамизда ҳозирда 30 нафаргина ҳайдовчи қолди.

— Нега? Юртимизда янгидан янги иш ўрни очиш учун имкониятлар яратилаётган бир пайтда сизда иш ўрни камайиб кетади, маошини ўз вақтида бермаган бўлсангиз керакда? – дея фикримизни айтдик.

— Эй, йўқ, – деди у. – Четдан қараб, кимнидир айблаш осон. Лекин соҳани ичида юрган одам буни яхши тушунади. Ўзимдан қиёс: тадбиркорликни бошлаганимда уюшмага аъзо бўлиш осон, нотариал тўловлар арзон, энг муҳими эса автоуловни сариқ рангга бўяш йўқ эди. Биз бу хизматларни жорий этиб, нима ютдигу, нима ютқаздик. 30 йиллик ҳайдовчилик стажим, раҳбарлик жараёнида шуни билдимки, йўловчи ташиш хизматида ўзини оқламайдиган кўпгина жараёнлар, тўсиқлар бор.
Ҳайдовчи бу муаммоларни санай бошлади:

Биринчидан, такси ҳайдовчиларига бир йиллик мажбурий суғурта тўлови белгиланган. Унинг тўлови давлат нархида 90 доллар яъни 360 минг сўм. Дала ишлари камайган вақтларда, мисол учун, қиш мавсумида вақтинча иш сўраб мурожаатлар қилишади. Улар уч ой, олти ой ёки етти ой ишлаш истагини билдиради. Ана шунда бир йиллик мажбурий суғурта айтилганда, эътироз билдиришади: бир йил ишламайманку, шу даврга яраша тўлов қилсам бўлмайдими? Афсуски, бир ой ишлаган ҳайдовчи ҳам, бир йил ишлагани ҳам ушбу сўммани бир хилда тўлаши шарт.

Иккинчиси: яқинда ҳисоблаб кўрдик, вилоятимизда сариқ рангдаги таксилар сони 600тага ҳам етмас экан. Бироқ, кузатувларимиз Жиззах шаҳрида 4 минг нафардан кўпроқ шахс ноқонуний тарзда «таксичилик» билан шуғулланаётганини кўрсатди.

Энди ҳисоблаб кўринг. Агар 600та ўрнига 4 мингта одам ишга олинса давлатга қанча тушум бўлади. Ҳайдовчи йўлга чиқишдан олдин автотранспорт воситасининг белгиланган тартибда техник кўрикдан, ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги йўл варақаси учун кунига 10 минг сўм тўласа, давлат бюжетига бир кунда 40 миллион сўм тушади. Бу кўрсаткич бир ойда 1 миллиард 200 миллион сўмни, бир йилда 14 миллиард 400 миллион сўмни ташкил этади. Бундан туман, шаҳар бюжети қанча фойда кўради?

Яна бу ҳайдовчиларга тўланган ойлик иш ҳақидан олинадиган солиқ бюжетга тушум эмасми? Энг муҳими, янги иш ўрни очилиши, ёшларнинг бандлиги таъминланиши-чи? Бу оддий арифметикани Иқтисодиёт ёки Молия вазирлигида ўтирган мутасаддилар билишмайдими?

Биз учун яна бир оғриқли нуқта бор. Мана олти йилки автоўловларни сариқ рангга бўяш яхши самара бермаётгани исботланди. Ахир йиллаб, пул йиғиб, қанча орзулар билан олинган машинани ким ҳам бўяб, рангини ўзгартиргиси келади. Биздан буни талаб қилаётган раҳбарларнинг ўзи шундай қиладими? Йўқ. Натижа бермаган талаблардан воз кечиш вақти келмадими?

Вилоятимизда 4 минг нафардан кўпроқ ноқонуний фаолият юритаётган таксчилар борлигини айтдим. Ўйлайманки, бу борада вазият бошқа вилоятларда ҳам бундан яхши эмас. Яна бир гап. Бугун такси қилиб, ҳеч жойда ишламаётган, давлатга нафи тегмаётган йигитлар вақти келиб, пенсия талаб қилади. Ана шунда уларга нафақа қайси маблағдан олиб берилади. Агар улардан машина рангини ўзгартиришни талаб қилмасдан, ишга қабул қилсак, жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси очилади. Бу ҳам бюжетга фойда эмасми?

Президентимиз бизни уйғонишга чорлаётган бир фурсатда, ватанимиз равнақини ўйлаётган бир фуқаро сифатида соҳага жорий этилаётган янги меъёрларда, аввало, фуқаролар манфаати ҳисобга олинишини жуда-жуда истайман... Ҳайдовчи бу сўзларни айтаётганда, манзилимизга ҳам келиб қолдим.

Шу тариқа пойтахтга қайтиб, бу мавзуда кўп ўйладим. Интернетдан бу борадаги халқаро тажрибаларни ўрганишга ҳаракат қилдим. Биринчи таксилар 1903 йилда Лондонда фаолият юрита бошлагани, 1907 йилдан Москвада, 1937 йил Петербургда ва ниҳоят Тошкентда 1934 йилда пайдо бўлгани ҳақида ҳам билиб олдим. Шунда дунёда такси-автомобиллар учун ягона ранг аслида қабул қилинмагани, аммо кўпгина мамлакатларда сариқ ранг кенг жорий этилгани ҳақида маълумот топдим. Сабаб эса, ёрқин сариқ рангдаги автомобиллар бошқа транспорт воситалари орасида яққол ажралиб, қорли, ёмғирли, туманли кунлар ва қоронғида ҳам кўзга ташланар экан.
Сайёра Шоева

Манба: ЎзА

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Натижа бермаган талаблардан воз кечиш вақти келмадими? Ёхуд сариқ такси муаммолари