21:53 / 21.03.2018
10 910

Жиззахда жиноят оламидаги маҳаллий «авторитет» пичоқлаб ўлдирилди…

Жиззахда жиноят оламидаги маҳаллий «авторитет» пичоқлаб ўлдирилди…
Фожиа икки ҳафта бурун содир этилган. Жиззах шаҳридаги Тошкент йўналиши бўйича қатновчи хусусий автобуслар ҳамда такси ҳайдовчиларидан «общак» учун улуш йиғувчи «авторитет» 31 ёшли Зуфар Турсунов автобуслардан бирининг паттачиси тарафидан пичоқлаб ўлдирилди.

— Хусусий автобуслар ва таксилар турадиган «питак»да, — дейди гувоҳлардан бири. — Бир каллакесар паттачи ишлайди. Айнан ўша каллакесар «питак»даги барча автобус ҳамда таксилар ҳайдовчиларидан катта пул йиғиб Зуфар Турсуновга топшириб келган. Аммо пулларнинг бир қисминигина Зуфарга берган. Қолганини бекитиқча ўзи учун олиб қолган. Шу ишининг миси чиққан шекилли, ўша куни иккаласининг орасида жанжал юзага келган. Зуфар баланд овозда унинг ишдан ҳайдалганини айтган. Паттачини ҳайдаб солган. Ана шунда каллакесар паттачи қўлига пичоқ олиб Зуфар Турсуновга ташланган. Зуфар қочмоқчи бўлган. Бироқ улгурмаган. Каллакесар паттачи уни ерга қулатган-у, дуч келган ерига кўп маротаба тиғ жароҳатлари етказган. Зуфар касалхонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган. Бу воқеа 2018 йил 12 мартида Жиззах шаҳридаги «Сўғдиёна» ўйингоҳи ёнида жойлашган «питак»да бўлиб ўтган.

Жиззах шаҳар прокуратураси ушбу факт бўйича республика жиноят мажмуасининг 98- моддаси (Қасддан одам ўлдириш) га асосланган ҳолда жиноий иш қўзғатди. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

— Бу «питак», — дейди бошқа бир гувоҳ. — «Сўғдиёна» ўйингоҳи эгаси Музроб акага тегишли бўлган. У илгари Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбари ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Зуфар ва яна бошқа маҳаллий «авторитет»лар Музроб ака билан келишган ҳолда иш юритишган. Демак, йиғилган пулларнинг қайсидир қисми унга бериб борилгани аниқ. Акс ҳолда ўз ўйингоҳи ёнидаги «питак»ка уларни яқинлаштирмаган бўларди…

Сўнгги хабарларга қараганда, Зуфар спортчи бўлган. Жиззах ва Тошкентдаги жиноят олами вакиллари орасида юриб, улар билан ими-жимида иш қилган, катта пул тўплаган…

Ҳозирги вақтда қотиллик содир этилган «Питак» ёпиб қўйилган.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жиззахда жиноят оламидаги маҳаллий «авторитет» пичоқлаб ўлдирилди…