
Ҳар икки-уч кунда йўллардаги автоҳалокатлар ҳақида мудҳиш хабарларга кўзимиз тушади. Хўш, автоҳалокатлар сони ҳақиқатан кўпайиб кетдими ёки турли хабарчи нашрлар ҳолатни бўрттириб кўрсатмоқдами?
Автоҳалокатларни машиналар кўпайгани билан изоҳловчилар ҳам топилади. Бироқ барчасини аввалдан ҳисобга оладиган шундай тизим яратилсаки, йўлларда умуман ҳалокат содир бўлмаса, деб ўйлайсан, беихтиёр.
Айтиш керакки, кўплаб ривожланган мамлакатларда йўл ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича муваффақиятли дастурлар қўлланмоқда. Мақоламизда Швеция тажрибасига назар соламиз. 20 йилдан бери қўллаб келинаётган бу дастур Швецияда машиналар сони ошганига қарамасдан ЙТҲдаги ўлим сонини икки баробарга камайтирди.
Vision Zero. Бу сўзни эслаб қолинг. 1997 йилда Швеция парламенти ушбу дастурни қабул қилган. Дастур мақсади йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва ЙТҲлар натижасида келиб чиқувчи ўлим ҳодисаларини камайтиришдир. Дастурга (ЙТҲлар ва йўлдаги ўлим ҳолатларига) “мутлақо тоқатсизлик”, дея таъриф беришади.
Дастурнинг асосий йўналиши ҳайдовчининг йўлда ўлим содир этишига йўл қўймасликка қаратилган, яъни бунда йўлсозлар, йўлларга хизмат кўрсатувчилар ва автомобилсозлар ҳам қатнашади. Дастур муаллифлари ҳайдовчилар ҳам хом сут эмган бандалиги боис адашиши мумкинлигини назардан соқит қилмайди. Бироқ шунга қарамай, йўлда ҳаракатни шундай ташкил этиш лозимки, ҳеч қандай хатолик ўлимга олиб келмасин.
Vision Zero дастурининг қисқача мазмуни нималардан иборат?
Чорраҳаларда айланма ҳаракатни ташкил этиш. Маълумки, чорраҳалардаги ҳаракат светофор ва айланма орқали тартибга солинади. Светофор автоҳалокатлар сонини камайтиради ва чорраҳадаги ўтувчанликни оширади. Аммо айланма чорраҳадагига қараганда светофорли чорраҳада ўлим билан тугаган автоҳалокатлар кўп юз беради.
Йўллардаги ҳаракатни тўсиқ билан иккига ажратиш. Бу чора ҳам қарама-қарши йўналишдаги автомобиллар тўқнашувини олдини олади. 1998 йилдан бери Швецияда йўллар қизғин суръатда иккига ажратилмоқда.
Аҳоли яшаш пунктларида тезликни 30 км/соатгача пасайтириш. Мутахассисларнинг айтишича, айнан 30 км/соат тезликда ҳаракатланаётган автомобиль уриб кетганда одам тирик қолиш эҳтимоли юқори. Швециянинг аҳоли яшовчи пунктлари ўз ҳудудидаги чекловни ўзи мустақил белгилайди.
Йўл ёқасидан ёт нарсаларни йўқотиш. ЙТҲнинг нохуш оқибатини камайтириш учун йўлга туташ жойлардан тош, дарахт, турли тўсиқлар олиб ташланади.
Ўлим билан тугаган ЙТҲларни батафсил текшириш. Барча ўлим билан тугаган автоҳалокатлар махсус комиссия воситасида ўрганилади. Текширув натижасида бу ҳодисадан сақланиш бўйича ечим таклиф этилади.
Хавфсизлик камарини “боғлаб қўйиш”. Мамлакатда ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг барчаси хавфсизлик камарини тақишни эслатувчи тизим билан жиҳозланади ҳамда бу автомобилларнинг ҳайдовчилари 100 фоиз камар тақиб юради.
Алкоқулфлар. Маст ҳайдовчини машинага яқинлаштиришга йўл қўймайдиган электрон қурилмалар кенг жорий этилган.
Фоторадарлар. Йўллардаги тезлик чекловларини қатъий назоратга олинади.
Велосипед шлемлари. 15 ёшгача бўлган барча болалар велосипед минганда шлем кийиши шарт.
Ушбу дастур 1997 йилдан Швецияда амал қила бошлади. Натижасини эса ўзингиз кўринг:
Йил Ўлим сони
1997 541
1998 531
1999 580
2000 591
2001 583
2002 532
2003 529
2004 480
2005 440
2006 445
2007 471
2008 397
2009 358
2010 266
2011 319
2012 286
2013 260
2014 270
2015 259
Статистика (бу вақтда машиналар сони кўпайганига қарамасдан) йўллардаги ўлим ҳолатлари икки баробардан ҳам ортиқ камайганидан далолат бермоқда.
2010 йил ҳолатига кўра Швеция дунёда ЙТҲда одамлар энг кам нобуд бўладиган давлатлар орасида туради (100 минг аҳолига 3 нафар). Евроиттифоқ мамлакатларида бу кўрсаткич 5, АҚШда эса 11дан ортиқ.
Шундан бери Швеция тажрибаси дунёда машҳур бўлиб кетган. Бу тажрибани Ўзбекистонда ҳам бемалол қўллаб йўллардаги ўлим сонини камайтириш мумкин. Сиз нима дейсиз?
Манба: carzone.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар