00:32 / 27.04.2018
5 345

Қуръон мусобақаси мутлақ ғолиби: “Президентимизни дуо қилишимиз керак”

Қуръон мусобақаси мутлақ ғолиби: “Президентимизни дуо қилишимиз керак”
— 1995 йил 9 январда Қорақалпоғистон Республикаси, Хўжайли туманининг Кенагас қишлоғида туғилганман. Қуръонга муҳаббат оиламиздан бошланган. Отам Иброҳим Жумамуродов узоқ йиллар давомида туманимизда имом-хатиб бўлиб ишлаган. У киши болалик пайтимда менга ҳарф ўргатиб, Қуръон оятларини ёдлатган. Бола бўлганим учун ҳар бир эришган натижамдан сўнг рағбатлантиришни унутмасди. Отамнинг кўмаги билан 2,5 пора Қуръонни ёдлаганман.

Сўнгра Неъматуллоҳ қори Аминжон Эшон домладан сабоқ олдим, 30 пора Қуръонни ёдладим. Илк Қуръон хатмини 9 ёшимда, 2004 йилнинг Рамазон ойида Нукус шаҳридаги «Имом эшон Муҳаммад» жомеъ масжидида адо этганман. 2010 йилда мактабни битириб, Нукус шаҳридаги Муҳаммад Беруний ўрта махсус Ислом билим юртида таҳсил олдим. Бу ерда тажвид ва қироат бўйича билимларимни Баҳром қори қўл остида мустаҳкамладим. 2015 йилда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтига ўқишга кирдим, ҳозир 3-курс талабасиман.

Ислом институтида 1-курсда Исломхон Убайдуллаевдан, ҳозирги вақтда Аҳмадхон Рашидовдан тажвид ва қироат бўйича таҳсил оляпман. Шунингдек, қўшимча равишда Жаҳонгир Неъматовдан қироат сирларини ўрганиб боряпман.

2011-2012 йиларда республика Қуръон мусобақасида совриндор, 2013 йили Кувайтда бўлиб ўтган халқаро Қуръон мусобақасининг пешқадамлар ўнталигидан жой олдим. 2016 йили Тошкент Ислом институтида ўтказилган «Қуръон зиёфати» кўрик-танлови ғолиби бўлганман.

Мени жорий йилги Қуръон мусобақасининг мутлоқ ғолиби, деб эълон қилишганида қалбимдан ўтган ҳисларни ифода этишим қийин. Албатта, бу Аллоҳнинг фазли бўлди.

Биласизми, мени нима хурсанд қилди?.. ХIХ асрда ҳам Қорақалпоғистон ва Хоразм томонларда кўплаб уламо ва қорилар бўлган. Аммо шўролар олиб борган даҳрийлик сиёсати сабабли улар сони кескин камайиб кетган.

Қорақалпоғистондан чиққан мендек йигитнинг ғолиб бўлиши биз томонлардан яна кўплаб қори ва уламолар чиқишига туртки беришидан умидим бор ва буни Аллоҳдан сўрайман.

Ғолиб деб эълон қилишганида саҳнада турар эканман, аввало Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган оқилона ишлари ҳақида ўйладим. Айнан у кишининг ташаббуси билан юртимизда диний соҳада ҳам ислоҳотлар ўтказиляпти. Қуръон мусобақаси ҳам мамлакат раҳбарининг таклифи билан ташкил этилди. Илгари кузатилмаган ҳолат — Қуръон мусобақасининг тарғибот баннерлари бутун республикамиз бўйлаб марказий кўчаларга ўрнатилди, оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилди. Президент совғаси — Lacetti автомашинаси калитини топширишди. Буларнинг барчаси учун раҳмат айтаман. Биз, бутун халқимиз у кишини дуо қилишимиз, амалга ошираётган хайрли ишларида Аллоҳ мададкор бўлишини сўрашимиз керак.
Муҳаммад Темур АЪЗАМ ёзиб олди.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қуръон мусобақаси мутлақ ғолиби: “Президентимизни дуо қилишимиз керак”