00:08 / 02.05.2018
6 276

Тўй машмашаси: ресторанлар нархни икки баравар кўпайтирмоқда

Тўй машмашаси: ресторанлар нархни икки баравар кўпайтирмоқда
Хуллас, яқинда тўй қилмоқчи бўлган танишимиз билан беш-олтита ресторанга бордик. У давлатимиз раҳбари айтгани каби 150 кишилик тўй қилишни режалаштирган. Бу иши билан яхши анъанани маҳалламизда бошлаб бермоқчи ва орттирилган маблағни ёшларнинг келажаги учун сарфламоқчи эди.

Афсуски, ихчам тўй орзуси режадагидек бўлмайдиганга ўхшаб турибди. Чунки қайси ресторанга бормайлик, меҳмонлар сони 150 нафар эканини айтганимизда нархни икки баравар қиммат қўймоқда. Жумладан, илгари киши бошига 60 минг сўмгача хизмат ҳақи олган ресторан эгаси бу сафар ҳар бир кишига 105 минг сўмдан олишини айтди. Яна ичимликлару бошқа талай маҳсулотлар тўй эгаси ҳисобидан. Бошқа бир нечта ресторанда ҳам шу аҳвол. Қисқаси, тўйга 150 киши чақирсангиз ҳам, 500 киши чақирсангиз ҳам ресторан учун 15-17 миллион сўм тўлар экансиз.

Энди ўйлаб кўринг, тўйларни ихчамлаштириш нима мақсадда амалга ошириляпти? Одамларнинг оғирини енгил қилиш, йиллар давомида йиққан-терганини бир кунда совуриб юбормаслик, шу пулни оиланинг эртасига ярайдиган бирон фойдали ишга сарфлаш кўзланган эди. Аммо афтидан, айрим ресторан эгаларининг бу ислоҳотлар билан ҳам, халқнинг оғир-енгили билан ҳам иши йўқ.

Шулар ҳақида ўйлаб, маҳалламизда янги бир ташаббусни йўлга қўймоқчимиз. Модомики тўйга 150 нафар меҳмон айтиларкан, ҳеч иккиланмай бу базмни ҳовлимизда ўтказсак бўлади. Заҳардан қиммат, шовқин-суронли ресторан қаёқда-ю, узоқ-яқин қариндошларнинг бир ҳовлида жам бўлгани қаёқда? Агар шу ишни бошласак, аҳолининг ҳеч бўлмаганда 20 фоизи ҳовлида тўй ўтказа бошласа, ўз-ўзидан ресторанлар ҳам "ҳовур"идан тушади.

Манба: "Зарафшон" газетаси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тўй машмашаси: ресторанлар нархни икки баравар кўпайтирмоқда