20:20 / 10.05.2018
4 320

Эксперт фикри: Ўзбекистон Президенти нима учун АҚШга боради?

Эксперт фикри: Ўзбекистон Президенти нима учун АҚШга боради?
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 2018 йил 15-17 май кунлари илк расмий ташриф билан АҚШда бўлади.

Тошкентдаги “Ma’no” тадқиқотчилик ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашевнинг фикрича, Ўзбекистон Президенти инвестициялар, Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш масалаларини ҳал этиш ва мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича келишувга эришиш учун АҚШга бормоқда.

Мазкур расмий ташриф чоғида Оқ уй маъмурияти билан кенг кўламдаги масалалар муҳокама қилинади.

“АҚШ – бу инвестициялар, минтақавий муаммоларни ечишда ҳамкорликдир. Бинобарин, минтақавий хавфсизлик, минтақадаги мамлакатлар тараққиёти, ўсиш ва иқтисодий ривожланиш имкониятларини таъминлаш масалаларига ечим топишни хоҳлаётган Ўзбекистон учун АҚШ билан шериклик жуда муҳимдир. Президент АҚШга мазкур йўналишлар бўйича жавоблар олиш ва келишиш учун кетмоқда”.

Унинг сўзларига кўра, бугун Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, айниқса, минтақавий кесимда, жуда долзарб ва янада мантиқан давом эттирилиши лозим.

“Тошкентда Афғонистон бўйича жуда жиддий конференция ташкил этилди ва унинг ўтказилишида АҚШ асосий ҳамкорлардан бири бўлди. Лекин энди кейинги поғонага ўтиш, сўнгра масалаларни ҳал этиш керак. Сиёсий характерга эга ушбу мақсадлар ва хавфсизлик, иқтисодиёт ва инвестиция масалаларининг барчаси муҳокама қилинади. Ўйлашимча, у ерда жуда яхши ижобий натижаларга эришилади. Томонлар бунга тайёр”, — дейди эксперт.

Икки давлат раҳбари илк бор 2017 йил май ойида Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити ҳамда шу йилнинг сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида кўришишган эди. Мазкур учрашувлар сиёсат ва хавфсизлик, савдо, сармоя, молия, технология ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро алоқаларни сезиларли фаоллаштиришга хизмат қилди.

Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил апрель ойи бошида Ўзбекистоннинг асосий хорижий ҳамкорлари билан ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўрта муддатга белгиланган устувор йўналишлари тасдиқланди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон томони АҚШ билан ҳарбий-техника соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, фан-техника, шунингдек, иқтисодиётни модернизация қилиш масалалари йўналишидаги мулоқотни фаоллаштиришни мақсад қилган. Хусусан, ўзаро инвестицияларни қўллаб-қувватлаш ва муҳофаза қилиш ҳамда икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик бўйича ўзаро битимни тузиш йўлидаги ишлар давом эттирилади.

Манба: “Халқ сўзи”

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эксперт фикри: Ўзбекистон Президенти нима учун АҚШга боради?