08:02 / 25.05.2018
4 545

Тошкентда фирибгар навбатдаги «умр йўлдоши»нинг борини ўмариб қочди

Тошкентда фирибгар навбатдаги «умр йўлдоши»нинг борини ўмариб қочди
Анвар ва Нигина Тошкентдаги кафелардан бирида танишишганди. Анвар келишган, бўйдор, кенг елкали йигит эди. Нигина ҳам гўзал, соҳибжамол, мовий кўз, узун киприклари ҳар пирпираганда, манаман деган йигитнинг қалбини ларзага сола оларди. Улар кўрган одам ҳавас қилса арзигулик жуфтлик эдилар…

Анвар ҳақида қисқача маълумот:

Анвар Давронов (мақоладаги исм-фамилиялар хавфсизлик ва тергов манфаатларини кўзда тутган ҳолда ўзгартирилган) 1981 йили Тошкент вилояти Қибрай туманида таваллуд топган. Маълумоти ўрта, бир неча марта фирибгарликда айбланиб қамалган…

Ҳа, Анвар бир неча марта судланган, турмаларда жазо муддатини ўтаган. Аммо барибир одатини ташламабди. Бир сўз билан айтганда, Анвар «никоҳий фириб» устаси, лекин фақат бойваччаларнинг қизини топиб уйланиш, кейин эса уларнинг борини ўмаришни одат қилган. Тўғри, ҳар сафар ҳам омади келавермайди. Бойваччаларнинг шундай қизлари бўлганки, Анвар қанча тиз чўкиб муҳаббат изҳор қилмасин, қўл силтаб кетишган. Ёлғон ва ҳақиқатни бир-биридан жуда яхши фарқлай билишган. Сергакликни қўлдан беришмаган. Лекин соддалари ҳам бор-да! Айниқса, эри йўқ ёлғиз аёлларнинг баъзилари Анвар кабиларнинг ёлғонларига лаққа тушишга мойиллиги алам қилади. Улар Анвар каби фириб усталарига ўз тақдирини, ҳеч ким билиши лозим бўлмаган сирларини, қимматбаҳо тақинчоқларини, пулларини ишониб топшириб қўяверишса, нима қилайлик…

Нигина ҳам Анварни ростакамига севиб қолганди. Гарчи унинг асл мақсадини билмаса-да, ишонди. Анварнинг муҳаббат изҳорлари, хушомадларидан гўё еттинчи осмонларда парвоз қилди. Айниқса, Анвар бир куни «Менга турмушга чиқасанми?», дея сўраганда, кетидан бармоғига бриллиант кўзли тилла узук тақиб қўйганда, Нигинанинг қувончли кўксига сиғмай кетган, бахтдан ёрилай деганди. Кейинчалик маълум бўлдики, тилла узук сифатида Нигинанинг бармоғига тақилган узук латундан, «бриллиант» кўз эса оддий шишадан тайёрланган, унинг баҳоси дўконда атиги 10 минг 500 сўм тураркан…

Хуллас, Нигина бахтдан сармаст бўлди-ю, Анварнинг таклифига розилик билдирди…

Тўйдан сўнг уч кун ўтгач…

Нигинага терговчи ачиниш билан боқар, янги «келин» эса қон йиғларди…

Ҳа, «куёв» бўлмиш одатига содиқ қолибди. Яна фирибга қўл урибди. Нигинанинг борини ўмарибди-ю, жуфтакни ростлабди, изсиз ғойиб бўлибди…

— Ҳа-а, — деди терговчи оғир хўрсиниб. — Рецидивист Давронов бор будингизни ўмарган-у, ғойиб бўлган. Нимаям қилардик?!. Қидирамиз! Қочиб қаёққа борарди?!.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда фирибгар навбатдаги «умр йўлдоши»нинг борини ўмариб қочди