13:56 / 30.05.2018
3 862

Мусулмон ибрати ёхуд немис оиласини Исломга бошлаган йигит қиссаси

Мусулмон ибрати ёхуд немис оиласини Исломга бошлаган йигит қиссаси
Жоҳилиядаги энг яхшилар Исломда ҳам яхшилардир. Ҳадис

Иброҳим Олмонияга келганидан бери Клаус Шиффернинг хонадонида истиқомат қиларди. Католик христиани бўлмиш Шифферлар оиласи ҳар якшанба черковга борса, Иброҳим жума кунлари масжидга шошар, бундан ташқари, кунига беш маҳал ибодат қиларди.

Клаус ва хотини ундан жуда мамнун эдилар, сабаби фарзандлари ҳам Иброҳимни яхши кўришар, у билан ўйнашни исташар, ҳатто кечалари хонасида тунаб қолишни илтимос қилишарди. Шунингдек, йигитнинг замонавий ёшлар каби дискотекаларга бормаслиги, тунги клуб ва барларда ичкилик ичиб юрмаслиги, бунинг ўрнига доим дарс тайёрлаш, Қуръон ўқиш билан банд бўлиши Клауснинг унга бўлган ҳурматини оширди. Аслида бир йилгина яшаш шарти билан уйга қўйилган талаба Иброҳимни яна шу ерда яшаб қолишга кўндирган ҳам Клаус эди...

Иброҳимнинг душанба ва пайшанба кунлари ҳеч нарса емаслиги, йилнинг муайян вақтида бир ой тонгдан кечгача “оч юриши”, чўчқа гўштини истеъмол қилмаслиги, аччиқланмаслиги, табассум билан жилмайиб туравериши, аёлларга қарамай кўзини ерга тикиш каби одатлари Клаусни ҳайрон қолдирар, йигитнинг камгаплиги, вақтини авайлаши, сипо ва вазминлиги янада ҳайратланарли эди. Клаус ёшлар тугул катталар ҳам динга тобора камроқ эътиқод қилаётган ва христиан оилаларнинг фарзандлари ўз динидан чиқиб кетаётган айни даврда Иброҳимдаги фазилатларни жуда ноёб билиб, ҳурмат қиларди.

Бир куни иш билан Иброҳимнинг хонасига кирган Клаус унинг жойнамоз устида кўз ёш тўкиб ўтирганини кўрди. Авваллари ҳам йигитнинг кўзлари ёшдан қизариб юргани сабабини энди тушунди. Намозини тугатиб бўлгач, Иброҳимнинг дини ҳақида узоқ пайтдан бери юрагида сақлаб келган саволларини кетма-кет ёғдира бошлади... Ислом дини, унинг моҳияти ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳақида тингларкан, Клаус ҳаяжонланар, қалбида нималардир ўзгарар, вужуди эса бетиним жимирларди.

Шундан кейин Клаус ҳар куни ишдан қайтгач, Иброҳим билан суҳбатлашишга ошиқадиган, саволларига жавоб олгач, узоқ ўйга чўмадиган бўлди. Бир куни шу тарздаги суҳбатдан сўнг Иброҳимга: “Мен ҳам мусулмон бўлишни истайман!” – деди. Йигитнинг кўзлари қувончдан порлаб кетди, Аллоҳга беадад ҳамд айтди...

Шундай қилиб, Клауслар хонадонидаги жойнамозлар сони 7 та бўлди – унинг хотини ва тўртта фарзанди ҳам мусулмонликни қабул қилишди. Клаус Иброҳим билан бирга жума намозларига қатнар, фарз намозлари вақтида бутун борлиқни унутар, ягона Аллоҳга муҳаббати туфайли кўзлари ёшланар эди...

Бир куни у Иброҳимга шундай деди: “Сени шунчалар яхши кўраманки, ҳақ йўлга эришишимга сабабчи бўлганинг учун бағримга босгим келади. Баъзан сендан шунчалар жаҳлим чиқадики, ёқангдан олсам дейман...” Ҳайрон бўлиб қолган йигитга қараб сўзида давом этди: “Бизникига келишингдан уч ойгина аввал отам оламдан ўтганди. У жуда эътиқодли инсон эди. Ҳақ йўлга ташна эди... Тирик бўлганида албатта мусулмон бўларди. Ҳозир англасам, у бутун умр айнан Исломни излаган экан. Ҳеч бўлмаса, мусулмон бўлиб кўз юмармиди... Шу ҳақда ўйлаганимда, нега вақтлироқ келмагансан, деб жаҳлим чиқади...”

Бугун Клаусни Умар деб чақиришади. Хотини эса, энди – Оиша. Умар ва Оиша бизни уйларига таклиф қилишди, фарзандлари Усмон, Билол, Али ва Марям Қуръондан тиловат қилиб беришди. Мусулмон Клаус – Умар ва унинг оиласи ҳақидаги таассуротларни ўзаро ўртоқлашиб уйга қайтарканмиз, қалбимиз чексиз сурур билан тўла эди.
Ҳабиба ҲАМДАМ,
Олмониядан махсус “Ирфон” учун.

Манба: azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мусулмон ибрати ёхуд немис оиласини Исломга бошлаган йигит қиссаси