17:35 / 30.05.2018
9 091

Муҳаммад (с.а.в) ва фаришта Жаброил (а.с) ўртасида бўлиб ўтган тарихий суҳбат (видео)

Муҳаммад (с.а.в) ва фаришта Жаброил (а.с) ўртасида бўлиб ўтган тарихий суҳбат (видео)
Фото Kun.uz. “Ҳазрат Али” жоме масжиди имом хатиби Салоҳиддин Шарипов
Kun.uz нашрининг “Бир ҳадис шарҳи” дастури меҳмони пойтахтдаги “Ҳазрат Али” жоме масжиди имом хатиби Салоҳиддин Шарипов Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳаётларида юз берган ва бутун Ислом уммати учун илм манбаига айланган воқеа ҳақида сўз юритадилар. Қуйида Сиз ҳам уни томоша қилиш имконига эгасиз.

YouTube'да томоша қилиш

Tas-IX'да томоша қилиш

Ҳазрати Умар (р.а)дан ривоят қилинади. У киши айтадилар: “Биз бир куни Расулоллоҳнинг (с.а.в) ҳузурларида ўтирган эдик. Бир пайт бизларнинг олдимизга бир киши кириб келди. Кийимлари оппоқ, топ-тоза, сафар қилиб келган одамнинг кийимига ўхшамайди. Сочлари қоп-қора. У кишида сафарнинг асари кўринмас эди. У кишини бизлардан бирор киши танимади. У киши келиб пайғамбаримизнинг олдиларига ўтирдилар, тиззаларини Расулоллоҳнинг (с.а.в) тиззаларига текказдилар. Икки кафтларини сонларига қўйдилар. Ва айтдилар: “Эй Муҳаммад, менга Исломдан хабар беринг”. Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Ислом – Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад унинг расули эканлигига шаҳодат келтиришинг. Намоз ўқишинг, закот беришинг, Рамазоннинг рўзасини тутишинг ва йўлга қурбинг етса Байтуллоҳни ҳаж қилишинг”, дедилар. У киши: “Тўғри айтдингиз”, деб тасдиқлаб қўйди.

Ҳазрат Умар айтадиларки: “Биз у кишидан ажабландик, ўзи сўраяпти-да, жавобини ўзи тасдиқлаб қўяпти”. Ва у киши яна пайғамбаримиздан сўрадилар: “Менга иймондан хабар беринг”. Пайғамбаримиз дедилар: “Иймон – Аллоҳ таолога, малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва тақдирнинг яхши ва ёмонлиги Аллоҳдан эканлигига иймон келтиришингиздир”. У киши яна “Тўғри айтдингиз”, дедилар.

У киши яна сўрадилар: “Эҳсондан менга хабар беринг”. Пайғамбаримиз жавоб бердилар: “Эҳсон – Аллоҳ таолога уни кўриб турганингиздек ибодат қилишингиздир. Агар сиз уни кўрмаётган бўлсангиз, у сизни кўриб турибди”, дедилар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз (с.а.в) эҳсон тушунчасини ана шундай шарҳ қилдилар. Ибодат дегани фақат намоз, закот, рўза, ҳаж дегани эмас, бу ерда умумий маънода келмоқда. Ибодат дегани бандалик дегани. Ибодат сўзи “абд” сўзидан олинган бўлиб, маъноси “қул”, “банда” дегани. Биз худди Аллоҳ таоло кўриб турганидек, банда бўлиб юрайлик.

Сўнг у киши пайғамбаримиздан яна сўрадилар: “Соатдан (яъни, қиёматдан) менга хабар беринг”, дедилар. Шунда пайғамбаримиз дедилар: “Масъул сойилдан бу масалани яхшироқ билмайди”, дедилар.

Шарҳ: Бу ерда масъул – пайғамбаримиз. Сойил (сўрагувчи) – у киши. Яъни, бу масалани сиз мандан яхшироқ бўласиз, деганларидир.

Шунда у киши яна сўрадилар: “Унда қиёматнинг белгиларидан менга хабар беринг”. Расули акрам жавоб бердилар: “Қиёматнинг белгилари: чўри ўз ҳожасини туғади”, дедилар.

Шарҳ: Яъни, келажакда она фарзанд кўрса, бола онасига сайидлик қилади, онасини худди чўридек сезади.

Расулоллоҳ яна давом эттирдилар: “Ва кўрасиз, ҳеч нарсаси йўқ чўпонлар биноларни баланд-баланд этиб қурадилар”.

Шунда ҳалиги одам ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетди. Биз бир оз жим бўлдик. Сўнг пайғамбаримиз дедилар: “Эй Умар, бу келиб сўраган одамни танидингми?”. Мен айтдим: “Аллоҳ ва Расули билгувчи”. Шуни пайғамбаримиз дедилар: “У Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатиш учун, динингиздан таълим бериш учун келди”, дедилар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Муҳаммад (с.а.в) ва фаришта Жаброил (а.с) ўртасида бўлиб ўтган тарихий суҳбат (видео)