Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига қабул квоталари белгиланди

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига қабул квоталари белгиланди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Ташқи ишлар вазирлиги тизимига кириши ҳамда қуйидаги йўналишлар мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаси оширишни таъминлайдиган асосий олий таълим муассасаси ҳисобланиши белгилаб қўйилди:
  • халқаро иқтисодиёт ва менежмент;
  • халқаро муносабатлар ва сиёсий фанлар;
  • халқаро оммавий ва хусусий ҳуқуқ;
  • гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти.

Университетнинг Бошқарув институти ва Дипломатик курслари тугатилиб, уларнинг негизида Университет ҳузурида Олий дипломатия мактаби ташкил этилди.

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб:
  • Университетнинг бакалавриат йўналишлари бўйича таълим олиш муддати тўрт йилни ташкил этади;
  • Университетнинг барча бакалавриат йўналишлари бўйича ўқишга қабул чет тили, математика/тарих, она тили ва адабиёт фанлари бўйича давлат тест синовлари якунлари асосида амалга оширилади;
  • абитуриентлар учун дастлабки имтиҳондан ўтиш тартиби жорий этилди;
  • Университетнинг магистратура йўналишлари бўйича таълим олиш муддати ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олувчилар учун бир йилни, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олувчилар учун икки йилни ташкил этади;
  • магистратурага қабул белгиланган тартибда мутахассислик юзасидан ёзма имтиҳонлар ва чет тили бўйича имтиҳон топшириш орқали амалга оширилади;
  • Университетнинг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш квотаси 150 киши (шу жумладан, давлат грантлари бўйича 30 киши), магистратурасига 50 киши (шу жумладан, давлат грантлари бўйича 10 киши) этиб белгиланди.

2018 йил 1 июлдан Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ходимларга узоқ йиллик хизмати ва дипломатик ранглари учун ойлик маошларига қўшимча ҳақ Университет ва Олий мактаб ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар