Давлат солиқ қўмитаси тизимида 1245 нафар ходим ишдан бўшатилди

  • 28 июнь 2018, 21:30
  • 3 150
  • Жамият
  • Давлат солиқ қўмитаси тизимида 1245 нафар ходим ишдан бўшатилди
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унга кўра солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси, уларга сервис хизматлари кўрсатувчи давлат органига айлантирилди.

    Мазкур қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти тугатилиб, уларда ишлайдиган жами 1245 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

    Бу ҳақда “Халқ сўзи online”га Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими томонидан маълум қилинди.

    Маълумки, бундан бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда Давлат солиқ қўмитасининг ҳудудий давлат солиқ органларига юборилган, Солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашиш ва барча солиқ текширувлари таъқиқланиши тўғрисидаги махсус топшириғи тарқалган эди.

    Бундай турдаги назорат тадбирларини ўтказиш айнан фаолияти тугатилган тузилма ваколатига кирар эди. Шунинг учун Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат солиқ хизмати органларидаги айрим нопок ходимлар томонидан коррупцион ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида махсус топшириқ юборилган.

    Агарда сиз ўзини солиқ органи ходими деб таништириб, фаолиятингизга ноқонуний аралашган, таъмагирлик, манфаат эвазига “хомийлик” қилишни таклиф этган шахслар тўғрисида маълумотга эга бўлсангиз зудлик билан Давлат солиқ қўмитасининг +99871 244-98-98 ёки қисқа 1198 “Ишонч телефони”га ҳамда +99871 244-98-00, +99871 244-98-71 телефонлари орқали хабар беринг!

    Сизнинг ҳар бир мурожаатингиз Давлат солиқ қўмитаси томонидан алоҳида назоратга олинади ҳамда мурожаат этувчининг шахси ошкор этилмаслиги кафолатланади.

    Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Давлат солиқ қўмитаси тизимида 1245 нафар ходим ишдан бўшатилди